Мақолалар

Сўз қудрати

Чоп этилди Mart 28, 2019 Сўз қудратиda fikr bildirishni o'chirish

Мавлон мактабдан қайтар экан бугун ҳар кунгидан кўра кеч қолганини, уйига борса  ойисидан дакки эшитишини  биларди. У узоқ ўйлаб  яна янги баҳона топди.

 – Соат неча бўлди? Шу пайтгача қаерларда  юрибсан? – Онасининг  авзойини кўриб болакай  аввалига бироз довдирадию кейин ўзини тутиб олди.

– Мактабдан қайтаётган эдик… Бирдан Абдусамадни машина туртиб  юборди. Кейин ҳайдовчи  иккимизни шифохонага олиб  борди, — у ёлғонни бу  сафар ҳам дўндирди. Қўрқиб кетган онаси ўғлини койиш ўрнига уёқ-буёғини силаб кўрди-да, хайрият, сенга ҳеч нима  қилмабди, деди. Мавлон ёлғони иш берганидан хурсанд бўлиб, диванга  ёнбошлаб телевизорни  ёқди.

       Эртаси куни дарсдан кейин синфдошлари  билан футбол ўйнамоқчи бўлишди. Мавлоннинг  кроссовкаси уйида қолиб кетганди. У туфлисида  майдонга тушди. Мазза қилиб футбол ўйнаб  уйига қайтар экан, туфлиси йиртилганини кўриб  қолди. Мавлон яна бир баҳона ўйлаб топди. Кейин хотиржам қўнғироқни босди. Эшикни  катта опаси Нозима очди.

 — Ассалому алайкум, ойим уйдамилар?— Мавлон атрофга аланглади.

 — Йўқ…– хомуш жавоб берди опаси. Шу пайт телефон жиринглади. Нозима  югуриб гўшакни кўтарди. У гўшакни  қўяркан чуқур «ух» тортди.

 — Нима бўлди опа? — сўради Мавлон.  Нозима укасини қўрқитиб юбормаслик учун секин гап бошлади:

 — Дўстинг Абдусамад бор-ку, ўша  нон дўконга  чиққан экан. Шу пайт  ишдан қайтаётган дадам  машинада дўстингни туртиб  юборибди. Ҳозир ойим билан дадам касалхонада, — хўрсинди Нозима.

     Бу гапдан Мавлон жуда  ҳам қўрқиб кетди. Ахир у  кеча тўқиган ёлғон воқеа бугун айнан дадаси билан содир  бўлиб турибди-да… Кечга  яқин отаси билан онаси уйга  кириб келишди. Абдусамаднинг  оёғи цинган экан. Гипс қилдиришибди. Шу куни Мавлон  қўрққанидан кечаги ёлғонидан сўз очмади. Лекин  узоқ вақт ухлай олмади. Айтган сўзини, Абдусамаднинг,  ота-онасининг аҳволини ўйлаб виждони қийналди. Эртаси куни у  мактабда физика ўқитувчисига бўлган воқеани сўзлаб берди. Ўқитувчиси Мавлонни диққат билан тинглагач:

— Биласанми, илм-фанда  ҳали ўрганилмаган қонуниятлар бор. Аммо гапларимни ҳеч қачон унутма, сен нимани сўзласанг, у самога  тарқалади. Сўнг ўз ижобатини топишга ҳаракат  қилади. Сўзнинг ўз қудрати бор, — деди.

     Улар узоқ суҳбатлашишди. Мавлон  ҳар бир сўзнинг ўз кучи бўлишини, киши айтмоқчи бўлган гапини ўйлаб гапириши  кераклигини билиб олди. У дарсдан сўнг дўсти  Абдусамаднинг ҳолидан хабар олди, бўлиб  ўтган воқеани унга сўзлаб берди, дўстидан  қайта-қайта узр сўради. Уйга келгач, онасини  қучоқлаб йиғлаб юборди. Ўғлининг ўз  хатосини англаб етганини тушунган она  ўғлига сўзсиз термулиб қолди. Шу воқеа сабаб  Мавлон ҳеч қачон ёлғон сўзламайдиган бўлди.

Шаҳзод ШОМАНСУРОВ