Мақолалар

Жаннатга йўлловчи оят

Чоп этилди Mart 29, 2019 Жаннатга йўлловчи оятda fikr bildirishni o'chirish

Ғолиб Қаттон (раҳимаҳуллоҳ) ҳикоя қилади: «Тижорат билан Куфа шаҳрига борган эдим. Тасодифан Аъмаш номли улуғ олимга ҳамхона бўлиб жойлашдим. Ишларимни битириб, кетишга чоғланган пайтларим эди. Бир кеча Аъмаш таҳажжудга турди, намозда Оли Имрон сурасини қироат қилди.
“Шаҳидаллоҳу…” оятини эса қайта­-қайта ўқиди: «Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”, фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир» (Оли Имрон сураси, 18-оят).
Мен: “Бунинг бирор ҳикмати бўлса керак”, деб ўйладим. Эрталаб унинг ҳузурига кириб сўрадим: “Эй Абу Муҳаммад, ўтган тунда шу оятни кўп такрорлаганингизни эшитдим, унинг бирор хосияти борми?”
Аъмаш: “Бу ҳақда эшитмаганмисиз?” деб таажжубланди. Унга: “Сизнинг ёнингизда бир ойдан бери тураман,менга айтмадингиз­ку!” дедим. Аъмаш: “Аллоҳга қасамки, бир йилгача у нарса ҳақида сизга ҳеч нарса айтмайман”, деди. Мен шу нарсани билиш учун Аъмашнинг эшигида бир йил хизмат қилдим. Вақти етганда ҳузурига кириб: “Эй Абу Муҳаммад, бугун бир йил бўлди”, дедим. Аъмаш бундай деди: “Энди мен Абу Воилдан, у Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)­ дан эшитган ҳадисни сизга айтаман. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қиёмат куни Аллоҳ таоло “Шаҳидаллоҳу… оятини ўқиган кишини олиб келишни буюради ва: “Бандам Мен билан аҳдлашган. Аҳдни бажаришга Мен лойиқроқман. Бандамни жаннатга олиб киринглар!” деб амр қилади», деб айтганлар» (“Мухтасари Ибн Касир”).
Ҳар ким ўйқуга ётишдан аввал ушбу оятни ўқиса, Аллоҳ у инсон учун истиғфор айтадиган етмиш минг фариштани яратади. Оятни ўқигандан сўнг: “Аллоҳ шаҳодат берган барча нарсага мен ҳам шаҳодат келтираман”, деб дуо қилса, Аллоҳ таоло охиратда ўша мўминни жаннатга киритади.


Раҳматуллоҳ ОБИДОВнинг
“Аллоҳнинг гўзал исмлари ва Исми Аъзам” китобидан олинди.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 2-сонидан