Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев Абдухолиқ Ғиждувоний мақбарасини зиёрат қилди

Чоп этилди Mart 29, 2019 Шавкат Мирзиёев Абдухолиқ Ғиждувоний мақбарасини зиёрат қилдиda fikr bildirishni o'chirish

Шавкат Мирзиёев 29 март куни Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Абдухолиқ Ғиждувоний мақбараси зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди.

Давлат раҳбари мақбарада амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечирди. Бу ерга имом-хатибларни жалб этиб, уларга алломаларимиз маънавий меросини тўғри ва чуқур ўргатиш, халқ қа етказиш бўйича топшириқлар берди.

— Китобда ўқиш бошқа, зиёрат қилиб, юракдан ўтказиб ўрганиш бошқа. Бу жой маърифат маркази бўлиши, одамлар ўзига илм олиб кетиши керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўтган йил 16 февраль куни вилоятга ташриф чоғида Президент «Етти пир» мақбараларини обод қилиш, уларни боғловчи туризм йўналиши ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Абдухолиқ Ғиждувоний мазкур етти пирнинг биринчиси саналиб, Хожагон тариқати асосчисидир. Кейинчалик Ориф Ревгарий, Маҳмуд Фағнавий, Али Ромитаний, Муҳаммад Бобои Самосий, Саййид Амир Кулол бу маънавий йўналишни давом эттириб, Баҳоуддин Нақшбанд уни юксак босқичга олиб чиққан.

Шу ерда мазкур зиёратгоҳларда амалга оширилган ва давом этаётган таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди. Давлат раҳбари бу масканларни обод қилиш билан бирга «Етти пир» ҳақида китоб яратиш, уларнинг илмий меросини тарғиб этиш зарурлигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти — ISESCO томонидан Бухоро шаҳри 2020- йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинди.

Президент бу санага юқори даражада тайёргарлик кўриш, унинг доирасидаги тадбирларни Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги билан ҳамоҳанг нишонлаш, халқаро илмий конференция ўтказиш бўйича кўрсатмалар берди.