Мақолалар

Қайнона ва келин ҳикояси ёхуд заҳар севгига айланди

Чоп этилди Dekabr 15, 2018 No Comments

Ўктам йигитнинг толеи кулиб  ўзи кўнгил қўйган соҳибжамол  қизга уйланди.  Уйда келин-куёв ва қайнона бахтиёр ҳаёт кечира бошладилар. Аммо тўй ўтган кунларда бир-бирларидан айланиб-ургулиб ўтирган қайнона-келин орасидан оламушук ўтдими, ўзаро муносабатлари совий бошлади. Улар тамоман бошқа-бошқа табиатли аёллар экани кундан-кун равшан бўла бошлади.  Шу сабабдан арзимаган нарсалар устидан ҳам ғавғо чиқаверди. Куёв эса онаси ва аёлининг ўртасида қолиб сиқила бошлади, ўзини бахтсиз кимсадек ҳис қилди.

Келинчак бу тарзда бошқа яшаб бўлмайди, деган қарорга келди ва болалигидан бери яхши биладиган, ўт-гиёҳлар билан даволайдиган бир табибнинг ҳузурига борди ва унга дардини достон қилди.

Кекса табиб қайнонанинг заҳарлангани сезилиб қолмасин, дея гиёҳлардан бир нечасини аралаштириб берди:

– Бу аралашмадан оз-озгинадан уч ой давомида ҳар куни қайнонанинг овқатига қўшиб бер. Сендан ҳеч ким шубҳаланмаслиги учун унга шу қадар меҳрибон бўлки, ҳар доим тилингдан бол томиб турсин, овқатни ҳам фақат унинг истаганларини бор маҳоратингни ишга солиб тайёрла. Уни ростдан ҳам яхши кўришинг барча ҳаракатларингда кўзга ташланиб турсин, – деди.

Севинчи ичига сиғмай уйига қайтган келинчак табибнинг маслаҳатларини бекаму кўст бажара бошлади, ҳар куни қайнонаси яхши кўрган таомларни шириндан-ширин қилиб пиширарди ва унинг косасига озгина дори қўшиб қўярди. Бирор киши шубҳаланиб қолмасин дея унга жуда яхши муомала қиларди. Орадан бир неча кун ўтиб қайнонаси ҳам ўзгариб қолди ва унга қизидек муомала қила бошлади. Уйда ҳамма бахтли бўлиб қолди. Келинчак ўзини айбдордек ҳис қила бошлади.  Пайтини топиб табибнинг ҳузурига бориб, ундан онасидек меҳрибон қайнонасини заҳарлагани учун пушаймон эканини айтиб, ўша заҳарни кесадиган дори  тайёрлаб беришни илтимос қилди. Келинчак қайнонасининг ўлишини энди истамаётган эди. Кекса табиб қаршисида чин пушаймонликдан кўз ёши тўкиб турган келинчакка қараб туриб жилмайди ва:

– Хавотир олма қизим, сенга берган аралашма турли витаминлар эди. Улар қайнонангнинг қонини тозалаб янада соғлом бўлишига хизмат қилади. Ҳақиқий заҳар эса сен билан қайнонанг ўртасида эди. Сен унга ширин муомала қилиб бошлаганингдан сўнг у ҳам ўзгарди ва  тилининг учига келиб турган заҳарни севгига алмаштирди. Шу тариқа, орангизга кириб олган заҳар ўз ўрнини меҳрга бўшатиб беришга мажбур бўлди ва сиз қайнона-келин эмас, она-бола бўлиб қолдингиз.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА таржима қилди.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan