Мақолалар

Мурувватли кишининг юзи ёруғдир

Чоп этилди Mart 30, 2019 Мурувватли кишининг юзи ёруғдирda fikr bildirishni o'chirish

Муқаддас Ислом динимизда меҳрибонлик, сахийлик ва ҳожатбарорлик каби хислатлар кенг тарғиб қилинади. Дарҳақиқат, инсон нафақат ўзи ҳақида ўйлаши, балки ўзгалар дарди билан яшаши керак. Аллоҳ таоло чин мўмин-мусулмонларни Қуръони каримда шундай таърифлаган: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Бу борада Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам) ҳам ўз умматларини сифатлаб шундай деганлар: “Мўмин мўминга нисбатан бир-бирини мустаҳкам тарзда ушлаб турган бино сингаридир” (Имом Бухорий ривояти).

Қўни-қўшни, дўсту ёронлар ва бошқа инсонлар орасида бошига мусибат тушган, қарзга ботган, оғир дардга чалинганлари бўлади. Уларга имкон даражасида кўмак бериш мўминлик вазифамиз ҳисобланади.

Имкониятимиз бор экан, ўзгаларга манфаатимиз тегадиган ва муҳтожнинг ҳожатини чиқарадиган хайрли ишларни қилишимиз керак.

Аллоҳ таоло “Мунофиқун” сурасида шундай деган: “Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келганда: “Эй Раббим! Мени озгина (тирик) қолдирсанг-чи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!” – деб қолишидан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилингиз!” (Мунофиқун сураси, 10-оят).

Куч-қувватнинг борида, молу-дунё етарлигида садақа қилишни  хаёлга ҳам келтирмай юриб, ўлим элчиси эшик қоққганда Аллоҳга ёлвориб, “Мени озгина (тирик) қолдирсанг-чи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!”, дегандан фойда йўқ экан. Шунинг учун ёшликда, куч-қувватнинг борида ибодатларни ўрнида адо этиб, хайр-эҳсон қилиб, ўзгаларнинг ҳожатини чиқариб солиҳ бандалар қаторида бўлиш керак.

Пайғамбиримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам) боқувчиси йўқ ва мискинларга ёрдам берган кимса ҳақида шундай деганлар: “Бева ва мискинларни боқиш йўлида саъй-ҳаракат қилувчи киши худди Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи кишидек ва кундузи рўзадор, кечаси эса ибодатда қоим бўлган кишидек (ажр-савобга эга бўлади)(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Қийналган кишиларнинг ҳолидан хабар олиб, машаққатларини аритиш ҳам савобли иш саналади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (саллалоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар:

“Бир биродаримнинг ҳожатида юриш мен учун мана бу масжидда (яъни, Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқдир. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиб бергунигача у билан бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда (қиёмат кунда) собитқадам қилади  (қадами тойилмайди) (Имом Табароний ривояти).

Нафақат моддий ёрдамга, балки маънавий кўмакка муҳтож кишиларни ҳам сира эътибордан четда қолдирмаслик керак. Қавму қариндош ва маҳалла-кўй ичида адашиб, нотўғри йўлларга кириб қолган кимсаларга ёрдам қўлимизни чўзиб, улар билан самимий муносабатда бўлишимиз лозим. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: “Ким одамларни ҳидоят йўлига чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрларича савоб бўлади. Ким одамларни залолат йўлига чақирса, Унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади” (Имом Муслим ривояти). Яна бир ҳадисларида шундай дедилар: “Аллоҳга қасамки, сен туфайли бир кишининг ҳидоят топиши сен учун қизил туяларинг бўлишидан яхшидир” (Имом Бухорий ривояти).

Энг савобли ишлардан яна бири етимнинг бошини силашдир. Бунга бериладиган ажру мукофотлар ҳақида Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва салламдан) кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, у зот шундай деганлар: “Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз”, деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Кейинги пайтларда етимнинг бошини силаб, савоб топиш ўрнига тирик етимларни кўпайтириб, ажрашиб кетаётган оилалар учрамоқда. Шунда болалар ё отасиз, ё онасиз ўсишга мажбур бўлади. Хўш, мана шундай ҳолатда болаларни ким таъминлаши керак? Болани ўзи билан олиб кетган онами, ёки боладан ажралган отами?

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади:

“…Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир…” (Бақара сураси, 233-оят). Бу оят талоқ оятларидан кейин келган бўлиб, оятда боланинг онаси ҳақида гап кетган бўлса ҳам (яъни, талоқ қилинган хотин болани эмизиб тургани учун, эр уни едириб-ичириб, кийинтириб туради), бу ўринда болани таъминлаш кераклиги хотинни таъминлашдан ҳам кўра устунроқ туради. Қуръони каримнинг бошқа бир оятида: “…Бас, агар (талоқ қилган аёлларингиз) сизлар учун (бола) эмизсалар, у ҳолда уларнинг ҳақларини берингиз!..”, дейилган (Талоқ сураси, 6-оят). Бу оятда ҳам оталарга талоқ қилган хотинлари болаларини эмизгани учун ҳақ тўлаш буюрилмоқда. “Мухтасарул виқоя” китобида: “Болаларнинг нафақаси отасининг зиммасида, унга ҳеч ким бу ишда шерик бўлмайди (яъни, ёрдам бермайди)”, дейилади.

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими мудири

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 6-сонидан