Мақолалар

Тоғ билан тоғ учрашмас…

Чоп этилди Mart 30, 2019 Тоғ билан тоғ учрашмас…da fikr bildirishni o'chirish

Намунали уйларнинг шароити Зарҳол опага жуда ёқди: меҳмонхона, ошхона, ювиниш хонаси, айвону тандирхона – ҳаммаси орзудагидек. Кўчиб келишганининг эртасигаёқ у келинини ишга солди:

  • Қизим, бир тандир нонга қўшиб сомса ҳам қилинг. Қўшниларни йўқлаб, танишиб оламиз.

Тушга яқин иссиқ ноннинг устига сомсаларни қўйиб қўшниларникига йўл олди. Икки уй наридаги ҳовли дарвозасини очган ўзи қурам аёлни кўриб тараддудланиб қолди: унинг юмалоқ юзи, кулгичи, гапирганда овозию сўзининг оҳанглари таниш эди.

Эҳтиром билан уйига бошлаган қўшни аёлнинг ортидан бораркан, Зарҳол опанинг ёдига “лоп” этиб бундан йигирма йиллар олдинги воқеа тушди.  Ўшанда у ёз кунлари тирикчилик учун бозорга чиқарди. Икки кишилик растани эгаллаб, мева-чева сотарди. Бир куни нима бўлди-ю, бозорга кечроқ борди. Қараса, унинг жойида бир аёл тоғорада помидор сотиб ўтирибди. Жаҳли чиқиб кетди:

  • Кимдан сўраб ўтирибсиз? Нима ҳақингиз бор?
  • Кечирасиз, – деди нотаниш аёл. – Жойни бўш деб ўйлабман. Ўзи шугина помидорни олиб келганман, униям ярмини сотиб бўлдим. Ҳозир… бир пасда… – аёлнинг гапи оғзида қолди.
  • Мен билмайман, бу жойни сотиб олганман, мени рози қилиб, помидорингни кўтар! – дея Зарҳол растага ўзининг нарсаларини қўя бошлади.
  • Икки кишилик жой экан-ку…
  • Нима? Хоҳласам, ўнта жой оламан, пулини тўлаб қўйганман! – дея бозорда бундай тортишув, жанжалларга анча кўникиб кетган Зарҳол ёнида турган аёлнинг кўйлагидан тортиб чеккага ўтказмоқчи эди, димоғига қалампирмунчоқнинг ҳиди урилди…

Йиллар ўтиб, кутилмаган бу учрашувни қаранг… Чиройли ҳовлининг шинам йўлакчасидан қўшнининг орқасидан бораркан, Зарҳол опа бирдан тўхтади:

  • Қўшни, – деди у журъатини жамлаб. – Ёшингизни ҳам, исмингизни ҳам билмайман. Аммо ўтиниб сўрайман, мени кечиринг.
  • Нима деяпсиз? Нега мен сизни кечираман? Ахир, сизни танимасам…
  • Танийсиз… Мен сизни ёмон хафа қилганман… Анча бўлди, бозорда…
  • Э-э, қўйсангиз-чи, менинг эсимда йўқ, – шундай дея қўшни бағрини очди. Зарҳол опа қалампирмунчоқ ҳиди бунчалар ёқимли эканини шу пайтгача билмаган экан…

 

Карим МАВЛОН,
Тошкент вилояти Бекобод тумани

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 6-сонидан