Мақолалар

Ноёб қўлёзмалар

Чоп этилди Mart 31, 2019 Ноёб қўлёзмаларda fikr bildirishni o'chirish

Аждодларимиз томонидан яратилган маънавий мерос жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда ҳам кенг тарғиб қилинаётган маданий бойликларимиз жаҳоннинг 40 дан ортиқ мамлакатидаги турли илмий муассаса, музей, архив, кутубхона ва жамғармаларда сақланади.

Шундай катта бойликни юртимизга олиб келиб, ўрганиш масаласи кўндаланг турган бир пайтда Президентимизнинг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилиндики, бу айниқса, илм аҳлини ниҳоятда мамнун этди.

ЎзА мухбири мазкур қарор ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот олиш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази директори, фалсафа фанлари доктори Роиқ Баҳодировга мурожаат қилди.

– Марказ Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликлар ҳақидаги маълумотларни аниқлаш, тўплашда юртимиз ва хориждаги турли нашрлар, хусусан, мақолалар, рисолалар, каталоглар, маданий бойликларимиз сақланаётган муассасалар веб-сайтидан фойдаланмоқда. Мазкур манбалардан чет элда сақланаётган мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базаси – реестрини яратиш, уни мунтазам янгилаб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги кунга қадар бу борада муайян илмий тадқиқотлар олиб борилди. Ўзбекистонга оид 3100 дан ортиқ маданий бойлик – қўлёзма, миниатюра, безак-тақинчоқ, нақш, сурат, турли осори-атиқалар, чолғу асбоблари, фотосуратлар аниқланди ва уларнинг илмий тавсифи тузилди.

Маданий бойликларнинг деярли ярмини қўлёзма манбалар ташкил этади. Ушбу манбалар Имом Бухорий, Абу Наср Форобий, Абу Абдуллоҳ Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Абу Исо Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулҳамид Кеший каби буюк мутафаккирлар қаламига мансуб. Шунингдек, Амир Темур ҳақида ва темурийлар даврига оид асарлар, Камолиддин Беҳзоднинг 50 дан ортиқ миниатюрасининг тавсифи ҳам ўрин олган.

Биз ўз фаолиятимизда Марказ томонидан тайёрланган реестрдан ҳамкор муассаса ва ташкилотларга юртимизга биринчи навбатда олиб келиниши лозим бўлган маданий бойликларни танлашга оид таклиф киритиши борасида мурожаат қилдик. Мурожаатимизга жавобан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бошқа муассасалар томонидан 251 маданий бойлик (194 қўлёзма, 11 миниатюра ва 46 осори-атиқа) тавсия этилди.

Марказ ушбу таклифларни ўрганиб чиқиб, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби буюк аждодларимиз асарлари қўлёзмалари борасидаги маълумотларга алоҳида эътибор қаратди ва баъзиларини олиб келишга муваффақ бўлди. Хусусан, Ўмон Султонлигининг Масқат шаҳридаги “Дор ал-махтутот ва ал-васоиқ” – Қўлёзмалар ва ҳужжатлар уйида сақланаётган Имом Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” қўлёзмаси ва шу асарнинг Татаристон Фанлар академияси Г. Ибрагимов номидаги Тил, адабиёт ва санъат институти Ёзма ва мусиқий мерос маркази қўлёзмалар фондидаги қўлёзмасининг рангли электрон нусхалари олиниб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ҳадя этилди.

Зикр этилганидек, Франция миллий кутубхонасидан 1526 йилда Ҳирот хаттотлик мактабининг йирик намояндаси Али Ҳижроний томонидан кўчирилган, Алишер Навоий асарларини ўз ичига қамраб олган дунёдаги энг қадимий нусхалардан бири “Куллиёт” қўлёзмасининг рангли электрон нусхаси олинди. Шунингдек, марказнинг маълумотлар базаси – реестрига Алишер Навоийнинг мазкур кутубхонада сақланаётган “Мажолис ун-нафоис”, “Ғаройиб ус-сиғар” – икки нусхаси, “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Терма девон” каби қўлёзма асарларининг тўлиқ шаклдаги рангли электрон нусхалари киритилган.

Мамлакатимизга ҳозиргача олиб келинган барча қўлёзма асарларнинг нусхаларига марказ маблағ сарфламаган ҳолда эришди. Уларнинг рангли электрон нусхалари мазкур йўналиш бўйича илмий изланиш олиб бораётган мутасадди ташкилотларга фойдаланиш учун бепул тақдим этилди.

Марказнинг асосий вазифаларидан бири фаолият йўналиши бўйича хорижий давлатлардаги музей ва фондлар, архивлар, илмий-маданий муассасалар билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш, турли анжуманлар, конференция ва кўргазмалар ташкил этишдир.

2018 йилда Марказ ходимлари Буюк Британия, Россия Федерацияси ва Ҳиндистон Республикасида хизмат сафарларида бўлди. Бунинг натижасида Англияда Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Оксфорд университети фан тарихи музейи, Британия музейи, Британия кутубхонаси, “Ал-Фурқон” фонди, Россияда “Москва Кремли” давлат тарих-маданият музей-қўриқхонаси, Давлат Эрмитажи, Россия миллий кутубхонаси, Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳридаги “Жамия миллия исломия” марказий университети, Ҳиндистон Ислом маданияти маркази, Миллий музейи, Жавоҳарлал Неру университети кабилар билан ўзаро илмий ҳамкорлик юзасидан келишувларга эришилди.

Ушбу 30 га яқин илмий ва маданий муассаса билан илмий муносабатлар ўрнатилиши натижасида Буюк Британиянинг Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази ва Кембриж Марказий Осиё форуми, Россиянинг “Россия этнография музейи” Федерал давлат бюджет маданият муассасаси, Татаристон Фанлар академияси Г. Ибрагимов номидаги Тил, адабиёт ва санъат институти каби бир қатор муассасалар билан Англашув меморандумлари имзоланди. Мазкур ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда. Хусусан, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази Бодлеан кутубхонасида сақланаётган Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарининг нодир қўлёзмасини олишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди ва уни амалга оширмоқда.

Ўзаро илмий алоқаларнинг яна бир ижобий маҳсули “ал-Фурқон” фонди раҳбарияти ўзи чоп эттирган 80 дан ортиқ каталогни марказимизга ҳадя қилди. Кези келганда, мазкур каталоглар Болгария, Босния ва Герцеговина, Буркина-Фасо, Жазоир, Ироқ, Мавритания, Мали, Нигерия, Фаластин каби давлатларда сақланаётган ислом илмлари ва тарихига оид қўлёзмалар тавсифи киритилгани билан катта аҳамият касб этишини қайд этиш лозим. Бу бизга Европа ва Африка мамлакатларига бормай туриб, улардаги қўлёзма асарлар билан танишиш ҳамда Ўзбекистонга оидларини аниқлаш имконини беради.

Марказ ўз маълумотлар базасини тўлдириб ва янгилаб бориши учун 2019 йилда ҳам бир неча хорижий мамлакатга хизмат сафарини амалга оширишни режалаштирмоқда. Сафар асносида хориждаги маданий бойликларимиз сақланаётган муассасалар билан илмий ҳамкорлик ўрнатиш, тадқиқотлар олиб бориш кўзда тутилган. Бу расмий манбаларда бўлмаган маълумотларни олишда қулай имконият яратади. Бунга биз 2018 йилдаги хизмат сафарларимиз давомида амин бўлдик, чунки бевосита илмий мулоқот ва ҳамкорлик натижасида ҳеч бир манбада бўлмаган кўпгина маълумотларни аниқлаш ҳамда реестримизга киритишга сазовор бўлдик.

Бундан ташқари, марказ қўлёзма асарларни юртимиз мутахассисларини жалб қилган ҳолда илмий тадқиқ этиш ва халқаро миқёсда кенг жамоатчиликка етказишни мақсад қилган. Шунингдек, нашр ишларини амалга оширишга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Реестримизга киритилган маълумотларнинг 45 фоизидан ортиғини қўлёзма асарлар ҳақидаги маълумотлар ташкил этгани боис, улар билан кенг илмий жамоатчиликни таништириш мақсадида 700 дан ортиқ қўлёзма ҳақидаги маълумотларни ўзида мужассам этган “Ўзбекистон алломаларининг хорижий фондлардаги қўлёзма асарлари” реестрини нашр этишни режалаштирмоқдамиз. Бу мамлакатимизда биринчи бор амалга оширилаётган илмий лойиҳа эканини эътиборга олиш зарур. Ушбу реестр ўзбек, инглиз ва рус тилларида нашрга тайёрланади.

 “Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 6-сонидан