Мақолалар

Фитратига ҳурлик ва озодлик ёзилган халқ

Чоп этилди Dekabr 15, 2018 No Comments

Фитратига ҳурлик ва озодлик ёзилган халқ

Кавказ тоғларининг шимоли-шарқида, Каспий денгизи бўйида жойлашган Доғистон республикаси аҳолиси бизнинг муҳташам пойтахтимиз аҳолисидан уч-тўрт нафар кам ёки уч-тўрт нафар кўп – 3 063 885 (2018 й.) киши.

Тоғнинг тепасидаги ва тоғ этакларидаги мўъжазгина маконда яшайдиган, нари борса бир шаҳар аҳолиси миқдорида аҳолиси бўлган, боз устига республика ҳудудида ўша аҳолининг 700 мингигина доимий яшайдиган юртни бутун дунё танийди.

Уларни машҳур қилган нарса нима эканини ҳамма билади: ҳурлик ва озодлик учун кураш.

Доғистон халқи рус босқинчиларига қарши уч юз йил (1577-1877 йиллар) курашди. “Шайх Шамил” деган тўпламда ўқиган эдим. Доғистонга Россия тарафидан хавф-хатар туғилгач, Эрон подшоҳи Нодиршоҳ элчи юбориб, агар Доғистон Эроннинг таркибига кирса, уни руслардан ҳимоя қилишни ваъда қилган экан. Доғистонликлар “Биз мустақил юртмиз, ҳеч қачон, ҳеч кимга бўйсунмаймиз”, деб жавоб юборибди. Тоғнинг тепасидаги  бир кунжакда яшайдиган кичкинагина миллатдан бундай терс жавобни эшитиш Нодиршоҳнинг нафсониятига тегибди ва дарҳол қўшин тўплаб Доғистонни босиб олмоқчи бўлиб йўлга чиқибди. Келиб юртни олти ой қамал қилибди, аскарлари кўп талофат кўрибди. Қараса, улар ҳеч ҳам таслим бўладиганга ўхшамайди. Наилож ортига қайтибди ва йўлда кетаётиб: “Эси оққан подшоҳ Доғистонга ҳужум қилади”, дебди. Унинг шу ибораси эронликлар орасида матал бўлиб кетибди.

Яна ўша китобда “Доғистонликлар қўшнилари чеченлардан ювошроқ кўринса-да, уларнинг жиғига теккан одамнинг таъзирини бермай қўймайди”, деб ёзилган эди.

Доғистонликлар жуда ҳам диндор халқ. Республика аҳолисининг 96 фоизи Ислом динига эътиқод қилади. Шаҳару қишлоқларнинг ҳар бир қадамида масжид.

Шунингдек, Доғистон Россия Федерациясидаги энг кўп миллатли республика ҳисобланади. Ҳатто Википедияда Доғистоннинг давлат тилига рус, қумиқ, озарбойжон, авар, даргин, лак, лезгин, нўғай, рутул, табасаран, тат, цахур тиллари келтирган.

Доғистон халқини машҳур қилган фазилат – уларнинг озодлик учун кураши эканини айтдик. Бу халқнинг яна бир хислати бор: улар жуда иқтидорли халқлардан бири саналади. Масалан, машҳур шоир Расул Ҳамзатовни юртимизда танимайдиган одам йўқ ва кўпчилигимиз у асарларини доғистон тилида ёзган деб юрамиз. Аммо “доғистон тили” деган тил йўқ, “доғистон халқлари тили” деган атама бор. У жуда ҳам кўп тилдан иборат. Марҳум шоиримиз Эркин Воҳидов бир мақоласида “Мен Расул Ҳамзатовнинг авар тилида гаплашганини эшитиб, шу тилда бу қадар гўзал асарларни қандай ёзиш мумкин? деб ҳайрон бўлган эдим”, деб ёзган эди. Улуғ шоирнинг ана шу биргина гапи бизга иккита масалани аниқлаб беради: доғистонликлар жуда ҳам талантли халқ; Расул Ҳамзатов авар шоири.

Расул Ҳамзатов ёшлик йилларида шўро мафкурасининг таъсирига тушиб Имом Шомилни танқид қилиб бир шеър ёзади. Ўша шеърни ўқиган Кавказ мусулмонлари борки, ёш шоирнинг бу қилмишидан жуда қаттиқ ранжийди. Бу ҳодиса унинг кўзини очади, Имом Шомил шахсиятини пухта ўрганиш учун кўплаб манбаларни титкилаб кўради, одамлар билан у ҳақда суҳбатлар қуради ва ана шу изланишлари натижасида унинг имони мустаҳкамланиб, динимиз буюрган амалларга майли кучайиб боради. Ниҳоят ҳақпарвар шоир “Менинг Доғистоним” тўпламига “Шомил поэмаси” асарини ҳам киритади.

Ана шу ҳодиса адабиёт мухлисларини Расул Ҳамзатов шахсига, унинг имон-эътиқоди қандай бўлганига қизиқтириб қўяди.

Қуйида ана шу қизиқишларга жавоб бўлишга арзийдиган бир суҳбатни эълон қилишини лозим топдик. Буюк шоирнинг севимли қизи, зукко олима билан қурилган суҳбат, шоядки, сиз азизларни бефарқ қолдирмаса, деган умиддамиз.

Дамин ЖУМАҚУЛ

Расул Ҳамзатов оиласи ва Ислом

Москванинг қоқ марказидаги мўъжазгина ҳовли. Салқин даҳлиздан ўтиб озода ва кенг зинадан кўтарилдим.  Одмигина куйлак кийиб, бошига рўмол ташлаб олган аёл эшикни очиб мени кутиб олди. Камин ўрнатилган шинам меҳмонхона – гилам солинган, асл идишлар жамланмаси, оилавий суратлар. Уларда машҳур шоир Расул Ҳамзатов.

Унинг оиласида уч қиз – Зарема ва Фатимат Москвада яшайди. Кенжаси Салиҳат –Махачқалада, Доғистон амалий санъат музейи директори вазифасида  ишлайди. Шоирнинг учта набираси бор: Шаҳри бугунги кунда нуфузли журналлардан бирининг бош муҳаррири, Мадина – ҳуқуқшунос, Таус – фоторассом, кичиги – Аминат – руҳиятшуносликдан таҳсил олмоқда.

Доғистонлик Расул Ҳамзатов қандай одам бўлган, у мусулмонмиди? У қандай яшаган, шўро Доғистонига ишончи қандай эди? Отасининг исломга, муҳаббатга, шеъриятга бўлган муносабати, оилавий ҳаёти ва имон-эътиқоди ҳақида шоирнинг тўнғич қизи, санъатшунос, Россия рассомлар академияси мухбир-аъзоси Фатимат Ҳамзатова сўзлаб беради.

– Ажойиб оиламиз бор эди, – дея хотирлайди Фатимат. –  Иссиққина, шинамгина уйимиз бор эди, ҳар доим отамнинг кўплаб меҳмонлари бўларди. Доғистонликларга хос бўлган меҳмондўстлик анъанаси бизнинг уйимизда ёрқин ифодасини топган эди. Бобомиз Ҳамзат Цадас ҳақида сўзлаб берган тоғам бир қўлёзма топиб олганини гапириб берганди. Унда: “Бугун уйимизда 24 одам меҳмон бўлди. Фақат улардан учтасининг отини биламан”, деб ёзилган экан унда. Менимча, ана шу хислат оиламизнинг одатий ҳаёти бўлиб, олдин отамизга, кейин бизга ўтган бўлса керак. Отам депутат эди. Халқ шоирлари, артистлар у вақтларда ўзига хос ҳаёт кечирарди: уйимизга мутлақо нотаниш одамлар келиб, муаммоларини айтиб, отамдан уларни бартараф этишга ёрдам этишини илтимос қилар эди. Шу боисдан отам ва онам бизга кундалик ишларимизни тайинлаб қўйиш билан кифояланар ва биз билан кўпроқ шуғулланишга вақт топа олмас эдилар. Ҳарҳолда, зерикарли маърузаларни ёки махсус тарбиявий тадбирлар бўлганини эслай олмайман. Қанча вақт ўтишидан қатъи назар ота-онанингиз сизга қандай ёрдам бергани жуда ҳам муҳим. Одатда, она ҳар доим болалар билан машғул бўлади, ота эса камроқ. Бироқ ота айтган сўзнинг аҳамияти жуда ҳам баланд бўлади ва бутун умр хотирангизда сақланиб қолади.

Отангизнинг инсоний сифатлари ҳақида муфассал сўзлаб берсангиз

– Унинг қалби муҳаббатга, ҳаётга ва инсонларга бўлган севгига лиммо-лим эди. У яна ҳайратланарли даражада серҳаракат инсон эди. Аллоҳ таоло бундай ҳароратни ҳаммага ҳам беравермаса керак деб ўйлайман. Атрофдагиларнинг ҳаммаси буни сезишар ва ҳис қилишар эди.  Бу – Яратувчи сизга берган ҳаётга ризолик ва сизнинг шукр келтиришингиз  эди.

Агар отамга кимдир фириб берса, албатта, у бундан ранжир эди, ботинида қаршилик туйғуси жўш уриб турса-да, уни асло сездирмас эди. Бир сафар унинг ўзига ёмонлик қилиб юрган кишига меҳрибончилик кўрсатаётганига гувоҳ бўлиб қолдик. Биз бундан ажабланиб: “Нега ундай қиляпсиз? Ахир ундан онамиз жуда ҳам хафа бўлган эди!” дедик. У: “Мен ёзишни истайман, сўкишишни эмас. Инсон бирорта гўзал нарса ёзмоқчи бўлса, ёмонликлардан узоқ бўлмоғи керак”, деб жавоб берди.  Мен ота-онамнинг сира ҳам ёмон одамларни ўзларича муҳокама қилиб ўтирганини эшитмаганман. Улар ёмон ниятли одамларни учратмагани, улардан ёмонликлар кўрмагани учун эмас, улар ҳар доим инсонларнинг яхши тарафларини кўришга интилар ва уларнинг ютуқларидан севинар эдилар. Ҳаётни фожеа деб биладиган одамлар ҳам бор. Ана шундай кишилар яшашни истамайди.  Отам ҳам шу фожеани бошидан ўтказди, сиқилди, азият чекди, аммо у ҳаётий юксалишнинг ижобий жиҳатларини нозик ҳис қиларди, унинг қалбида инсонни илгари бошлайдиган қандайдир энергия манбаи бор эди.

Отамнинг мутойибани яхши кўриши характерининг яна бир жиҳатини очиб беради. Унинг ҳазиллари тиғли эмас, кишининг жаҳлини чиқармас, аксинча, инсоннинг чарчоғини чиқарар эди. У ҳазил қилганда кишининг ғаму қайғулари чекинар эди. Мутойибанинг ана шу хусусияти – инсон табиатидаги эзгуликка мойилликнинг инкишофидир.

Айтинг-чи, сизнинг фикрингизча, отангиз ўз тақдирини олдиндан кўра билганмиди?

– У бир неча бор Аллоҳ таоло ато этган иқтидорни, ҳаётга муҳаббатни, ҳис этиш ва тажриба қобилиятини  ишга солиш лаёқатини бергани учун шукрлар қилишини айтган эди. Эҳтимол, унинг тақдирининг бир қисми – ҳаётга ва аёлга бўлган муҳаббат бўлгандир.

Шайтон ҳийлаларидан бири ­­­- инсонлар қалбидан муҳаббатни юлиб олишдир: инсонлар бир-бирининг дардини англамай қўяди, ўзаро ҳурмат-эътибор туйғулари барҳам топади, туғишганлар орасидан меҳр-оқибат кўтарилади, кейин эса ­ ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ўртасида.  Янада аниқроғи, инсонларни бир-бирига боғлаб турадиган руҳий яқинлик йўқолади. Муҳаббат – энг буюк туйғу. Қачонки севги йўқолса, ҳамма нарса маҳв бўлади. Отамнинг кўплаб асарлар севги ҳақида эди. Аммо улар “шунчаки скамейкада ўтириб хониш қилишлар эмас”, муҳаббат мавзуси унинг шеъриятида алоҳида ўрин тутадиган – ҳам ҳажм, ҳам мазмун жиҳатидан юкли мавзу эди. Яратган ушбу олийжаноб туйғуни барчамизга инъом этган, отамнинг шеърларини ўқиган ҳар бир шеърхон қалбининг туб-тубидаги эзгуликка мойилликни теран ҳис қилади.

Отамнинг шеърларида ранг-баранглик, ўзига хос образлилик, жуда ҳам бой метафора, туйғуларни ва эҳтиросларни уйғотишда, бадиий образ яратишда математик аниқлик бор. Унинг ижодида ёрқин истеъдод билан ҳаётий тажрибанинг ажойиб уйғунлиги мужассам.

Оилангизда ва фарзандлар тарбиясида Исломнинг ўрни қандай бўлган?

– Бобомиз ва момомиз диндор одамлар эди. Момомнинг намоз ўқиётганларини жуда аниқ хотирлайман. Бобом – халқимизнинг таниқли ва севимли шоири Ҳамзат Цадас бирмунча вақт қозилик вазифасида ҳам ишлаган. У болалигида ота-онасидан ажралиб қолган, мадрасани тугатган ва масжидда ишлаган. У шеърлар ёзар, масаллар тўқир эди. Ҳатто авар адабиёти сатирачилигининг асосчиси ҳисобланади. Араб тилини яхши билгани боис арабчадан тарихий ва бадиий асарларни тилимизга ўгирар эди.

Бобомнинг асарларини нашрга топширган вақтда у ёшлик йилларида ёзган шеърларни эслаб қолган қарияларни сўраштириб топдик.  Бобом у вақтда вафот этган эди, аммо улар унинг шеърларини ёддан билишар эди. Чунки унинг ижоди ҳам оғзаки, ҳам ёзма равишда тарқаб кетган эди.

Умуман олганда, юксак поэтик маданият мусулмон жамияти учун характерли хусусият. Доғистоннинг чекка бир қишлоғи ёки Марказий Осиёнинг қайси бир кунжагида сизга машҳур ҳофиз ёки шоирнинг шеърини ўқиб беришади. Бу – мусулмонлар учун одатий ҳодиса саналади, бунда ҳеч қандай ғайритабиийлик ҳам,  жамиятнинг ўзига хос  “нозик қатлам”и тушунчаси ҳам йўқ.

Отам кичик ёшида кўпинча бобом ёзган янги шеърларни ёдлаб олиб, кейин эса уларни ифодали ўқиб берганларини гапириб берган эди. У ҳатто ўша шеърларини енгилгина “таҳрир” ҳам қилган экан. Унга баланд овозда ўқиш учун меҳмонхонани ажратиб беришган экан ва у ҳамманинг эркатойи бўлган. Онамнинг отасини Қози дейишар эди. У Доғистондаги таниқли олимлардан бири эди. Онамнинг айтишича, у хонасидан деярли чиқмас экан. У деворининг тўрт тарафи тепадан пастгача тахта билан қопланган хона бўлган ва ўша қопламалар жавон шаклида бўлиб китоблар тахлаб қўйилган.

Ҳозир этнографлар доғистонликлар ҳаёти ҳақида кўп ёзади, уларнинг турмуш шароитини тасвирлайди. Бироқ уларнинг бирортасида доғистон халқининг уйида китоб қандай ўрин тутган ва қаерга қўйилган, хусусан, ўзига хос турмуш тарзига эга бўлган тоғликларнинг “олимлари кабинети” қандай бўлгани ёзилмайди. Ҳатто бундай “кабинетлар”сиз ҳам доғистонликларнинг деярли ҳар бирининг уйида махсус китоб жавонлари бўлган. Бу ҳақда жуда ҳам кам ёзилмоқда, эҳтимол, рухсат берилмагандир.

Бобомнинг бир ўртоғи унчалик бой одам бўлмаса ҳам китоблари кўп бўлган. Вафот этаётганида қариндошларига мерос қилиб қолдирган.

Умуман, Доғистонда кўплаб таниқли кутубхоналар бўлган эди. Уларда ҳатто ислом дунёси ҳозиргача  излаб юрган камёб асарлар ҳам бор эди. Шўро даврида шундай вақтлар бўлганки, божхоначилар эски китобларни ноқонуний йўл билан олиб чиқиб кетишни тўхтатиб қўйган.

Ойим Қози бобомнинг ҳузурига ўқувчилар гўё аспирантурага келгандек келишганини айтиб берган эди. Бу мусулмон мамлакатларида кенг тарқалган таълим тизими: ўқувчилар дастлаб мадрасага қатнаб  у ерда диний таълим билан бирга дунёвий илмларни ҳам ўрганади. Кейин эса “малакасини ошириш” учун ўзларига устоз қидира бошлайдилар. Ҳар бир мамлакатда фаннинг қайсидир соҳаси – математика, фалсафа ёки адабиёт… каби фанларга ихтисослашган номдор устозлар бўлган.

Бобом фақат илмий фаолият билан машғул бўлган. Салиҳат бувимнинг эса Хунзахда дўкони бўлган. У савдо қилиб бобомга ўқувчиларининг дарслари учун ёрдам берган. Чунки ўқувчилар пул тўлашмаган. Бундай таълим анъанаси фақат бизнинг оилада бўлган эмас, у бутун доғистон халқи учун характерлидир.

Отангиз ижодида Исломнинг қанчалик ўрни бўлган деб ўйлайсиз?

– Оиламиз жам бўлиб Саудия Арабистонига борганимизда араб шоирлари билан бўлган учрашувда улар отамга: “Биз Сизнинг китобингизни ўқидик, Сизнинг “Менинг Доғистоним” асарингизни ўқиганимиз заҳоти уни мусулмон ижодкор ёзган деган хулосага келдик”, дейишган ва яна: “Биз ўзимизнинг ватанимиз ҳақида худди сиз каби ёза оладиган бир шоиримиз бўлишини жуда ҳам орзу қиламиз”, деган эканлар. Ватанга, оилага бўлган муҳаббат бу – соф исломий, инсоний туйғудир.

Мен буни соф антропологик парадигманинг сақланиб қолиши деб ҳисоблайман. Уни сақлаш – Аллоҳ таолонинг изни-иродаси дейдилар ва инсоннинг ҳассос туйғулари – ҳис этиш қобилияти ва тажриба қилиш лаёқати билан бўлади.  Эҳтимол, биз ушбу қимматбаҳо ва мураккаб механизмни унчалик яхши тушунмасмиз.

Шубҳасиз, инсон қалбида Аллоҳнинг изнига мутлақо итоат этадиган қандайдир туйғулар мавжуд. Агар инсон ана шу туйғуни нобуд қилса, ҳаром  ишларга қўл уради.  Инсонийликни сақлаб қолиш – исломнинг асосларидан бири ҳисобланади ва отам ана шунга табиий равишда қатъиян интилар эди.

Отамнинг асарлари орасида айнан исломий мавзуга бағишланган шеърлар бўлмаса-да, шеърларининг мазмунига чуқур кириб борилса, исломий мазмунни англаб олиш мумкин. У инсон қалбидаги энг гўзал туйғуларни, қувватли ва юксалиб борувчи ҳисларни қоғозга туширди ва шеърхонлар унинг шеърлари замиридаги туб маънони англаб етдилар. Ахир, Ислом таълимотига кўра, ҳар бир инсон Ислом фитратида туғилади. Аллоҳнинг амрларига  итоат қилиб, унинг розилиги учун ҳаракат қилиб, у белгилаб берган қонунлардан оғишмасдан яшаган одам мусулмон бўлмасинми! Инсон ана шу мувофиқликда дунёга келади, Унга бўйсунади ва Яратувчининг қудратини сезиб яшайди.

Ҳозирги вақтда Москвада яшайсиз. Бу ерда Ислом шариати амалларини бажаряпсиз: намоз ўқияпсиз, шаръий кўрсатмалар асосида кийиняпсиз. Бунга қачон эришдингиз?

–  Менинг фикримча, динсизлик йўлини танлаш – жоҳилликнинг энг баланд чўққиси.  Инсон бутун умри давомида дунё ўзини ўраб турган олам билан ниҳоясига етмаслигини, ўзининг тақдири белгиланган қонун-қоидалар асосида кечаётганини, коинотнинг мислсиз гўзаллигини, кутилмаган ёрдамни ҳис қилади. Ҳатто ашаддий даҳрийлар ҳам ўзларини ўлганидан сўнг худди кучукка ўхшатиб судраб бориб кўмиб келишларини истамайди. Ана ўшалар ҳам ўзларини диний урф-одатларга амал қилган ҳолда дафн этишларини хоҳлайди.

Мен ҳамма вақт ўзимни иймонли одам деб ҳисоблар эдим. Лекин илгарилари оддий дуоларни ўқиб юрсам кифоя деб ўйлаб юрардим.

Мен намоз ўқишнинг фарзи айн экани ҳақидаги оддий тушунчага ҳам эга эмас эдим.  Билимларимнинг ҳосил бўлиши севинчимни орттирди. Мен шу ибодатларни бутун умрим давомида истаган эканман деган туйғуни ҳам ҳис қилдим. Аслида бу туйғуни одамларнинг кўпчилиги ҳис қилади: Аллоҳга қалб билан мурожат қилсангиз, У сизни эшитади, ҳеч қанақа кўзбўямачилик, фирибгарлик ва «нариги дунёга бориш»нинг кераги йўқ.  Дарҳол Аллоҳ таолонинг меҳрибонлиги ва файзу баракаси ёғила бошлаганини ҳис қила бошлайсиз. Менда ўзидан ўзи намоз ўқиш ва сатри авратда юришга кучли мойиллик пайдо бўлган эди.

Айша Вахидова суҳбатлашди,

Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan