Мақолалар

Асл сабабларга қараш лозим

Чоп этилди Mart 31, 2019 Асл сабабларга қараш лозимda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло бутун махлуқотни яратиб, уларнинг тўғри йўлни топиши ёки адашиши сабабларини Қуръонда зикр этган. Каҳф сурасининг 84-оятида марҳамат қилинади: “Ва унга ҳар бир нарсага (эришиш) сабабини ато қилдик”.

Баъзиларнинг тутган йўлини кўриб ҳайрон қоласан, киши. Аллоҳ ва унинг Расули ўргатган аслий сабабга эмас, залолатга мурожаат қилади. Дейлик, дардга чалинса, фурсат ўтгандан сўнггина шифокорга боради, унгача фолбин ёки асл мақсади моддий даромад кўриш бўлган, динни тушунмайдиган, аксинча, динга ва уламоларга тош отилишига сабаб бўладиган “домла” ёки сохта табиб остонасига бош уради. Ҳатто ишлари юришмай қолса ҳам, шуларнинг ҳузурига чопади.

Халқ орасида хизматим мобайнида бундай ҳолатларга жуда кўп дуч келдим. “Мен фалон ишни қилмоқчиман, динимиз бунга нима дейди?” ёки “Фалон дардим сабабли жуда кўп жойга бордим, соппа­-соғсан, дейишди. Лекин тузалмадим, Аллоҳнинг Каломи шифо бўлади, деган умидда келдим. Қуръон ўқиб қўйинг”, дейдиган одамни топиш мушкул. Аксинча, муаммо ёки дардга йўлиқса, “Йўл очадиган фолбин борми, азайимхон борми – барчасига учрадим. Лекин муродим ҳосил бўлмади. Оғир аҳволдаман, нима қилай, қийналиб кетдим”, дея бошида аслий сабабга мурожаат қилмай, ўз билганича иш тутади. Улардан: “Шифокорга мурожаат қилдингизми?” деб сўрасак, “Йўқ, бу аниқ эскичадан (бу динимизнинг халқ тилидаги талқини бўлиб, бундай номлаш динни билмасликдан)”, дея туриб олади.

Қуръонни шифо эмас, дейишдан мутлоқ йироқмиз. Лекин Қуръони карим, энг аввало, ҳидоят манбаи, Буюк Аллоҳнинг Каломидир. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳ қодир қилганича ҳаракат қил, имконсиз деб билган ишингда Аллоҳга таваккул қил, барака беришини сўраб дуо қил!” деб таълим берган. Фолбинлару азайимхонлар, сохта табибларга ишониб соғлигимиз, мақсадларимиз, мол-мулкимизга, охиратимизга зарар берамиз. Бундай ҳолатларга тушишимизга динимизни билмаганимиз, бидъат­-хурофотларни динимиздан деб тушунганимиз сабаб бўлади. Мана, алҳамдулиллаҳ, ҳозир динимизни ўрганиш учун имкон бор. Энди баҳона қилишга асосимиз қолмади. Лекин барибир шу эмин-­эркинликда ҳам баҳона қидирадиганлар, дангасалиги, тафаккур қилишга эринчоқлиги сабаб жоҳилликдан, бидъат­-хурофотлардан фориғ бўлишни истамай юрганлар талайгина.

Хўш, бу ҳолатдан қандай сақланиш мумкин? Ҳар бир ишда асл сабабларга қарайлик, динимизга амал қилайлик. Ўзимизни ўзимиз боши берк кўчага киритмайлик. Мақсадга эришишнинг энг тўғри йўли – илму ҳикмат ва кечиктирмай тўғри йўлда ҳаракат қилишдир.

Аллоҳ барчамизни ҳидоятдан адаштирмасин!


Элёрбек АСҚАРОВ,
Тошкент шаҳридаги “Тўра бува” жоме масжиди имом ноиби

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 2-сонидан