Мақолалар

Ота ва ўғил

Чоп этилди Aprel 1, 2019 Ота ва ўғилda fikr bildirishni o'chirish

Бола отасини кун бўйи орзиқиб кутди. Тўртбурчак шакллардан ясаган уйчасини кўрсатиш иштиёқи билан кунни кеч қилди. Ойисининг овқатга қайта-қайта чорлашига ҳам қулоқ тутмади.
Кечга томон: “Дадам қачон ишдан келадилар?” деган хархашасини бошлади. Ниҳоят, эшик қўнғироғи жиринглади. Бола қийқириб чопди ва дадасининг қучоғига отилди. Отаси уни бир зум қучиб турди-да, ичкарига йўналди. Болакайнинг гапи тугамасди, нафаси тиқилиб қолгудай бўлиб мақтанарди:
— Дада, зўр уйча қурдим, юринг, бир кўринг.
— Ойингга кўрсатгин, ўғлим…
— Ойимга кўрсатиб бўлдим!
Бола нариги уйга чопқиллаб кириб, ясаган уйчасини кўтариб чиқди.
— Дадажон, қаранг, чиройли-а?!
— Ҳа, баракалла, ўғлим, жуда…
Ота яна нимадир демоқчи бўлган ўғлини даст кўтариб, ошхонага ўтди, аёлига қолдириб чиқди. Бир оздан сўнг бола рангли қаламлар ва қоғоз олиб, яна отаси ёнига келди.
— Дада, боққа чиқайлик, расм чизамиз.
— Ўғлим, бугун ойинг билан чизиб тургин. Кейинги сафар икковимиз бирга чизамиз.
Шу пайт болакайни ойиси койиб берди. Дадаси ишдан чарчаб келибди, ҳадеб тирғалавермай, бироз холи қўйиши керак экан. Бола ҳафсаласи пир бўлиб, секин хонасига йўл олди.
Кунлар, ойлар шу зайлда қувлашиб ўтаверди. Бола мактаб ёшига етди. Унинг қувончи чексиз эди. Янги кийимларни катта ҳавас билан кийди. Мактаб унинг ҳаётига жуда улкан ўзгариш,завқ-шавқ олиб кирган эди.
Кечга яқин ота ишдан қайтди. Кўзлари ҳорғин эди. Бола югуриб уни қаршилади. Саломдан сўнг, бугун дарсда ўқитувчиси уни мақтаганини ва “беш” баҳо олганини айтиб, суюнчилай кетди. Ота унинг сўзларини ҳафсаласизлик билан эшитди.
— Жуда яхши, ўғлим, баракалла.
— Дада, менга эртак ўқиб беринг! — деди ўғил отасининг рўйхушлик бермаётганини сезиб турса ҳам.
— Ойингга айтгин, мен ишдан чарчаб келдим. Кейинги сафар албатта ўқиб бераман, хўпми, ўғлим?..
Вақт ўтди. Йигит олий ўқув юртида ўқиди.
Уни тамомлагач, катта бир корхонада масъул вазифада ишлай бошлади. Ота бу орада нафақага чиқди. Энди ҳар бир нарсага эътибор билан қарар эди. Айниқса, ўғлининг хатти-ҳаракатини синчковлик билан кузатарди. У ўғлидан хурсанд эди: уддабурон, ишбилармон чиқди. Уйим-жойим дейди, оилапарвар. Ўғли уйга келган пайтлари бирпас суҳбатлашгиси, дардлашгиси келади.
— Ўғлим, бирпас ўтир.
— Вақт йўқ, дада, ишлар кўп. Кейинги сафар бемалол ўтирадиган бўлиб келаман.
— Майли, ўғлим, борақол…
…Ота ўғли ортидан маъюс термулиб қолади.

* * *

Ўғли йўқлагунича сабри чидамади, ўзи сим қоқди. Соғинганини, бир келиб-кетишини айтди. Ўғил кечга томон отасидан ҳолаҳвол сўраб, бирров кириб ўтди.
Икки оғиз ҳол-аҳвол сўрагач:
— Узр, дада, мен сал шошиб турувдим, — деб айбдорона жилмайди ўғил. — Сиз билан бемалол суҳбатлашай дейман-у, лекин, бу ёғи хизматчилик, вақт етишмайди. Ўзингиз тушунасиз, дада.
— Ҳа, ўғлим, тушунаман, борақол, ишқилиб, қаерда бўлсанг ҳам, омон бўл.
Ота бу гал ҳам ўз ўйларига ғарқ бўлиб, узоқ сукутга чўмди.
Бир куни ота яна ўғлига қўнғироқ қилди:
— Ўғлим, дам олиш куни бир келгин, набираларимни ҳам олиб кел.
— Хўп, дада, вақт топсам, ҳаммамиз бирга борамиз.
Ота якшанба куни ош дамлатиб, ўғли, келини ва набираларини кутди. Алламаҳалгача кўз тутди. Лекин улардан дарак бўлмади. Кечки пайт телефон жиринглади.
— Дада, бу гал узр. Ҳеч вақт тополмадим. Ишим кўпайиб кетди.
Кейинги сафар албатта, бораман.
— Хўп ўғлим… — отанинг кўнгли, овози маъюсланди.
Ота қўлига кеча ўқий бошлаган китобини олди. Лаблари унсиз пичирлади. Китобни ўқирди-ю, ўйлари бошқа ёқларга учарди. Кўзлари ҳарфлар устида сирғаларди, холос. Хаёлида “Экканингни ўрасан”, деган гап айланар, ўғил ва набиралар соғинчи отанинг ёшлиги, ўғлига “эътибори”ни ёдга солар, ёш милтиллаган кўзлари ўнгидан кино тасмасидек лип-лип ўтказар эди.

Маҳмуд ҚАҲҲОРОВ,
Китоб туманидаги 5-мактаб ўқитувчиси

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 2-сонидан