Ўзбекистон янгиликлари

Суннат ва саломатлик

Чоп этилди Aprel 1, 2019 Суннат ва саломатликda fikr bildirishni o'chirish

Яқинда Юнусобод туманидаги 21-сонли Меҳрибонлик уйида саҳоватпеша инсонлар кўмагида 12 нафар етим ва ота-она қарамоғисиз қолган боланинг суннат тўйи ўтказиб берилди. Унда мутасадди ходимлар, маҳалла фаоллари, шунингдек, таниқли дин, маданият ва санъат вакиллари ҳам иштирок этди.

Маросимни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайҳ Абдулазиз Мансур ҳазратлари мазмунли маъруза ва хайрли дуо билан очиб берди.

Тадбир давомида тўй болаларга Меҳрибонлик уйи ва ҳомийларнинг эсдалик совғалари улашилди.

  • Ҳозирги кунда 130 нафар етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болага имкон қадар оила тарбиясига яқинлаштирган ҳолатда таълим-тарбия бериб келяпмиз, – дейди Меҳрибонлик уйи директори Умида Маманова. – Бунинг учун уйимизда барча шароитлар яратилган. Болаларимиз ўқишдан сўнг ўзлари қизиққан 16 турдаги тўгаракда илм олади, касб-ҳунар ўрганади. Ҳомий ташкилот ва саҳоватпеша инсонлар кўмагида уйимизда тарбияланаётган ўғил болаларнинг суннат тўйини ўтказиш ажойиб одатга айланди.

Шу ўринда икки оғиз мулоҳаза. “Хатна” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, “кесмоқ” деган маънони билдиради. Динимизда хатна қилиш таъкидланган суннат ҳисобланади. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хатна қилиш эркакларга суннат…”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Замонавий тиббиёт хатнанинг ўғил бола саломатлиги ва гигиенаси яхшиланишида катта аҳамиятга эканини эътироф этади. Хатна қилинган бола фимоз – пешобнинг эркин ва равон чиқишига монелик қилувчи касалликдан халос бўлади.

Доктор Ғиёс Ҳасан хатна қилишнинг қуйидаги касалликлар олди олинишини қайд этади:

  1. Уретрит (Urethritis) – сийдик йўлининг яллиғланиши;
  2. Сийдик тутилиши;
  3. Трихомоноз (Tricomonas) – сийдик-таносил аъзоларининг яллиғланиши;
  4. Хатна қилишлик туфайли эр-хотинларда саратон касаллиги пайдо бўлиши эҳтимоли йўқолади.

Динимизнинг шиорларидан бири бўлган хатна қилиш орқали инсон катта ажрга эга бўлиш билан бирга турли касалликлардан сақланади.

Ўз мухбиримиз