Мақолалар

Амаллар ниятга боғлиқдир ёхуд инернетдан фойдаланиш одоблари

Чоп этилди Aprel 2, 2019 Амаллар ниятга боғлиқдир ёхуд инернетдан фойдаланиш одоблариda fikr bildirishni o'chirish

Йигирманчи асрнинг энг катта кашфиётларидан бири бу – халқаро тармоқ, яъни интернет бўлди десак, муболаға эмас. Бу тармоқ қисқа йилларда телевидение, радио, газета ва журналларни орқада қолдирди. Дунё бўйича сон-саноқсиз одамлар интернет хизматларидан фойдаланадилар, ахборот алмашадилар, турли масалаларни ҳал қиладилар.

Интернет ҳақида одамларнинг фикри турлича, баъзилар уни ижобий баҳолашса, баъзилар салбий томонларини гапиради. Бу мавзудаги мақбул қараш шуки, интернет ҳам телевидение, радио каби бир восита. Муҳими ундан қандай фойдаланишда. Уни яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам ишлатиш мумкин. Демак, энг муҳим вазифамиз, интернетдан ғаразли мақсадда фойдаланаётганларга, айниқса, ёшларга тўғри йўлни кўрсатиш, зарарли оқибатлардан огоҳлантиришдир.

Қуйида динимиз таълимотларига уйғун ҳолда интернетдан фойдаланиш одобларини баён қиламиз:

  • Ниятни яхши қилиш.

Яхши ният – динимиздаги энг гўзал асослардандир. Ҳатто бир қараганда оддий бўлиб кўринган ишлар ҳам яхши ният билан ибодатга айланади. Худди шундай интернетдан фойдаланишда ҳам динимиз қоидаларига мувофиқ иш қилишни ният қилган киши, иши битиши билан бирга савобга ҳам эга бўлади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) шундай дейдилар: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир…” (Имом Бухорий ривояти).

  • Интернетдан олинадиган ва тарқатиладиган барча маълумотлар шариатимиз кўрсатмасига мос бўлиши даркор.

Интернет ҳам хилват жой ҳукмида бўлганидан, одамлар орасида қилмайдиган ишларимизни, ёлғиз қолганда ҳам ўзимизга раво кўрмаслигимиз керак. Аллоҳ таоло бизни доим кузатиб турганини ҳис қилишимиз лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашини) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни (ёмон ниятларни) ҳам билур” (Ғофир сураси, 19-оят).

  • Интернетдан фойдаланаётганда болаларни қаровсиз қолдирмаслик лозим.

Интернетда болаларимиз ким билан мулоқот қилмоқда, кимлар билан дўстлашмоқда – бу ниҳоятда муҳим. Чунки ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Яхши ҳамроҳ ва ёмон ҳамроҳнинг мисоли атир сотувчи ва темирга дам урувчи кабидир. Атир сотувчи ё сенга хушбўйлик суртиб қўяди ё ундан хушбўйлик сотиб оласан ё ундан келаётган хушбўй ҳиддан баҳра оласан. Темирга дам урувчи эса ё кийимингни бир четини куйдириб қўйиши мумкин ё ундан келаётган қўланса ҳид димоғингни ачитади” (Имом Муслим ривояти).

Интернетдан фойдаланишда яна бир жиҳат бор, яъни икки ва ундан ортиқ кишилар орасидаги виртуал алоқалар. Бунга чат, форум, фейсбук, телеграм, инстаграм ва твиттерларни мисол қилиш мумкин. Бугунги кунда мана шу соҳадаги хато-камчиликларимизни ислоҳ қилишга жуда муҳтожмиз. Чунки жамият, дин, оила ва шахсга бўлаётган аксарият таҳдидлар мана шу виртуал алоқалар орқали рўй бермоқда. Қуйида бу борада энг муҳим бўлган одобларга тўхталамиз:

  • Интернетдаги ўзаро алоқаларда ҳам динимиздаги умумий қоидаларга риоя этиш, ман қилинганларидан сақланиш керак.

Ижтимоий тармоқлар ғийбатчилар “жавлон” урадиган майдон бўлиб қолмасин. Бу борада ҳам бир инсон ақл билан фикр юритиши лозим бўладики, эрта қиёматда пушаймон бўлиб қолмасин. Доимо яхши гумон, бағрикенглик ва чиройли хулқни маҳкам тутсин.

Ҳусни хулқ ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади: Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳдан қўрққин, ёмонликка яхшиликни эргаштирки, ёмонликни ювиб кетади, одамларга чиройли хулқ билан муомала қил(Имом Термизий ривояти).

Афсуски, ижтимоий тармоқларда бир-бирини ҳақорат қилиш, туҳмат, бўҳтон, ғийбат ва фитна уруғини сочиш ҳолатлари кузатилмоқда. Энг ёмони, бундай кишиларда холислик етишмаяпти. Улар “тирноқ ичидан кир қидириш”га тушмоқдалар. Лекин кўз ўнгларида рўй бераётган яхши ишлар, ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришларни кўришмаяпти. Гоҳида ўзлари нима исташаётганини ҳам англамай қолишмоқда.

  • Интернет орқали ўзга жинс вакиллари билан мулоқотда номаҳрамлик масаласига жуда эҳтиёт бўлиш шарт.

Мана шу масалага бепарволик кўплаб муаммоларга сабаб бўлмоқда. Эркакка келган хатлар хотиннинг қўлига тушиб, оилага путур етмоқда, ёки эр хотиннинг бегона эркаклар билан ёзишмаларини топиб олиб, талоқ қилмоқда. Ҳали оила қурмаган ёшлар орасида ҳам ижтимоий тармоқларда турли ношаръий алоқалар, ҳаёсизликнинг виртуал кўринишлари кузатилмоқда. Тўғри, шариат қоидаларига амал қилиб, беғараз мақсадлар билан, зарурат юзасидан бирор маълумот олиш мумкин. Лекин ўзаро “электрон муҳаббат” алоқаларини ўрнатиш ҳаром ҳисобланади.

Бугунги куннинг талаби – интернетнинг ижобий жиҳатларидан унумли фойдаланиб, дунё-охиратимизни обод қиладиган, халқимизга манфаат келтирадиган ишларни амалга оширишдир. Ҳар бир мусулмон ҳаётда умуминсоний ва диний қоидаларга амал қилиши лозим бўлса, интернетдан фойдаланишда ҳам шу асосларга риоя этиши шарт. Акс ҳолда, турли гуноҳ ишларга аралашиб қолинади. Демак, яқинларимиз, айниқса, ёшларни ижтимоий тармоқнинг салбий жиҳатлари ва зарарли оқибатларидан ҳимоя қилиш, доимий тушунтириш ишларини олиб бориш бурчимиздир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 6-сонидан