Мақолалар

Меҳр – кўзда, сўзда, амалда

Чоп этилди Aprel 2, 2019 Меҳр – кўзда, сўзда, амалдаda fikr bildirishni o'chirish

Баҳор фаслининг ажойиб хусусияти бор. Табиатда, бутун борлиқда аллақандай меҳрни туясиз. Кўнгилда таскин уйғонади: баҳорга ҳам етиб келдик! Ана шу шукрона, музаффар иқрор инсонни чиройли яшашга, ҳаётнинг қадрига етишга ундайди.

Нозик майса ердан куч олиб тириклик сари тепага интиляпти. Куртакнинг очилиши нақадар гўзал. Булут тўсган бўлса-да, қуёшнинг илиқ нафасини туясиз. Дарвоқе, тоғли ҳудудларда яшаётган кексалар қор­нинг тафтини сезишиб, баҳордан башорат қилишади. Ана шу қорнинг ҳароратида ҳам меҳр мужассам эмасми? Инсоният ҳамиша меҳрни туяверади-ю, яна шу туйғуга эҳтиёж сезаверади. Кимнингдир самимий сўзидан, дуосидан, тилагидан меҳр олаверади.

“Қуёшни соғиндим, ташқарига олиб чи­қинг­лар”, дейди дард азобини тортавериб силласи қуриган бемор. Набира бобосини ногиронлик аравачасида ҳовлига олиб чиқади. Гуллаётган ўрик ёнига келтиради. Унга бир кафт терилган ялпиз беришади, ке­йин бир пиёла сумалак. Бемор неъматларга назар солиб, “Аллоҳнинг ўлмаган қули баҳорга етди!” жумласини такрорлаб, кўзларидан ёш қуйилади.

Мана, энди бобо уй тўрида савлат тўкиб ўтирибди. Анча тетик, бардам. Кўкламнинг тас­кинбахш муждалари, зурриётларининг меҳр-муруввати туфайли отанинг бутун вужудига, томирларига қувват кирди!

Баҳор – эзгу ниятлар, янги орзу-тилаклар байрами. Баҳорлашиб келайлик, деб олислардан йўл босиб, қавм-қариндошларнинг хонадонига очиқ юз билан қадам босадиган оқибатли инсонларнинг севган фасли. Гавжум йўлакларда ҳам, сокин кўчаларда ҳам бир-бирларига салом бериб, “Айёмингиз муборак” дея қучоқ очиб омонлашадиган жи­гаргўшаларнинг шодиёнаси.

Икки дунё саодатидан умидворлар аҳил­ликни, иноқликни севади, саховатпешаликка пешвоз чиқади. Она халқимиз шу гўзал ва биз учун ягона бўлган диёримизда баҳор фаслини, Наврўзи оламни тили, дини, миллатидан қатъи назар, барча ватандошлар билан ҳамжиҳат кутиб олади. Шу кунларда ҳар ким ўзининг кичкина юмуши билан бўлса-да, покликка, ободончиликка, кўкаламзорлаштиришга ҳиссасини қўшади. Меҳрини ҳаммага поёндоз қилади. Меҳр кўзда ҳам, ширин сўзда ҳам, эзгу амалда ҳам намоён бўлади.

Гул очган тонглар муборак, азиз одамлар!

Маъмура АБДУРАҲИМОВА,

журналист

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан