Мақолалар

Ўғирланган буюк калима – “Аллоҳу Акбар”

Чоп этилди Aprel 2, 2019 Ўғирланган буюк калима – “Аллоҳу Акбар”da fikr bildirishni o'chirish

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни қариндошлар пейнтбол уйнаб бўлгач, қўлимиздаги қуролларимиз билан суратга тушмоқчи бўлдик. Бир қатор туриб олганимиздан сўнг, оғa-иниларимиз “Аллоҳу Акбар” дейишни бошлашди ва бошқалар ҳам такрорлашди. Қўлларида қурол ушлаб “Аллоҳу Акбар” деб қичқираётган жангарилар образи миямизга шу қадар ўрнашиб қолганки, кўпчиликнинг хаёлида “Аллоҳу Акбар” зўравонлик, қотиллик ва қуроллар билан умумлашиб кетган. Нима учун инсон дунёга келиши билан эшитадиган ва намозларда кўп такрорланадиган сўзлар зўравонлик рамзига айланиб қолди? Нима учун “Аллоҳу Акбар”ни биздан ўғирлашларига йўл қўйдик?

Бу сўзлар америкалик олим, ислом фанлари профессори шайх Умар Сулаймоннинг “Аллоҳу Акбар” ҳақидаги мақоласидан иқтибос бўлиб, қуйида ўша мақолани таржима қилиб келтиришга қарор қилдик.

Ироқда хизмат қилган америклик аскар билан учрашувимни ҳеч қачон унутмайман. Бир куни у Янги Орлендаги масжидга келди-да, шаҳодат калимасини келтирмоқчи эканлигини айти. У Исломни қабул қилишни чин дилдан хоҳлар эди. Ҳарбий кийимда эди. У калимаи шаҳодатни айтгандан сўнг, одамлар “Аллоҳу Акбар” деганларини эшитиб ҳайрон бўлганини кўрсангиз эди.

Уруш қатнашчиси Ироқда ўзини даҳшатга солган сўзлар уни янги қабул қилган динида қарши олиши мумкинлиги хаёлига ҳам келмаган эди. У ибодат пайти бу сўзни кўп такрорлаши кераклигини ҳам билмасди.

“Аллоҳу Акбар” – бу инсонлар эшитганида хаёлига келадиган фикрларнинг мутлақо қарама-қаршисини англатувчи калима. У “Аллоҳ буюк” деган маънони билдиради. Бу сўзлар жуда кўп мусулмонларнинг байрамлари ва ибодатларида, янги инсонни қарши олишда ишлатилади. Чақалоқ туғилганида биринчи бўлиб эштадиган сўзлари ҳам шу. Ота фарзанди туғилиши биланоқ қулоғига “Аллоҳу Акбар” дейди.

Мусулмонлар бу сўзларни ҳар қандай хурсандчиликларда Аллоҳнинг буюклигини таъкидлаш учун айтадилар. Мисол учун, Аллоҳ уларга ўзлари орзу қилмаган нарсани инъом этса, айтилади. Намозда айтилиб, бизларга нима бўлса ҳам, қандай мусибат етмасин, доимо барчадан устун бўлган буюк Аллоҳ борлигини эслатиб туради.

Аммо “Аллоҳу Акбар” ибораси ОАВда жуда кўп марта ёмон томондан кўрсатилади. Буни улар атайлаб инсонларга қўрқув солиш, исломни қоралаш мақсадида кўрсатишмоқда деган фикрга бориш мумкин. Лекин биз бу сўзлар бегуноҳ инсонларни ўлдираётиб қичқираётган террорчиларга тегишли эмаслигини ёдда тутишимиз керак. Улар ушбу гўзал маъноли сўзларни ўғирлаган ўғрилардир.

“СAIR-Florida” раҳбари вазифасини бажарувчи Ҳасан Шибои Нью-Йоркда бўлиб ўтган сўнгги терактга қуйидагича тариф берди: “Энг катта қаллоблик Худога қарши энг катта гуноҳни қилаётиб “Аллоҳу Акбар” дейишдир”.

Аммо шуни такидлаб ўтиш жоизки, янги ҳаёт дунёга келганда айтиладиган бу сўзларнинг ўлимни эълон қилишдан аввал ишлатилиши кеча бошланган янгилик эмас.

Энг катта ачинарли ҳолат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири бўлмиш Абдуллоҳ ибн Зубайр билан бўлиб ўтган. “Аллоҳу Акбар” сўзлари унинг туғилишида ҳам, ўлими чоғи ҳам айтилган. Абдуллоҳ ибн Зубайр Маккадан Мадинага бўлиб ўтган ҳижратдан сўнг туғилган биринчи бола бўлган. Шу пайт Мадина аҳлининг айримлари маккаликларга бепуштлик қарғиши теккан деган гапларни тарқатишади. Шунинг учун Абдуллоҳ туғилганда унинг бобоси муҳтарам Абу Бакр (р.а.) ўз набирасини қўлида кўтариб Мадина кўчаларидан “Аллоҳ Буюк” деб хурсандчилик билан ўтган.

Абдуллоҳ Маккада адолат учун курашда ўлдирилганда, уни ўлдирганлар “Аллоҳу Акбар” деб қичира бошлашади.

Бу ҳолатни кўрганлардан бири шундай дейди: “Мен Абдуллоҳ туғилган куни ҳам, ўлдирилганида ҳам бор эдим. “Аллоҳу Акбар” сўзларини туғилганида айтилганда ҳам эшитдим, ўлганида ҳам. Аллоҳга қасамки, туғилганида “Аллоҳу Акбар” деганлар ўлдирилганда “Аллоҳу Акбар” деганлардан бир неча баробар яхши эдилар.

Абдуллоҳни ўлдирганлар уни туғилганида айтилган сўзларни ишлатишган, аммо фақат бир гуруҳгина Аллоҳни ҳақиқатдан ҳам улуғлаган. Ва айнан ўшаларга “Аллоҳу Акбар” сўзларининг асл маъноси тааллуқлидир. Ўзининг ҳаёти ва инсонларга хизматлари учун улар доимо Аллоҳни улуғлашади.

Биз “Аллоҳу Акбар” сўзларининг асл маъносини доимо ёдда тутишимиз зарур, уларни хурсандчилик кунлари ва илоҳий марҳаматлар берилгандагина ишлатишимиз лозим. Аллақандай террорлар ёки сиёсий ўйинларда бизнинг “Аллоҳу Акбар” сўзларимизни ўғирлашларига йўл қўймаслигимиз керак.

Санжар Қобил таржимаси

Манба: islom.uz