Мақолалар

Мушкул муаммонинг осон ечими

Чоп этилди Dekabr 15, 2018 No Comments

Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатлар янада кенг кўламда ривожланмоқда. Ҳамкорлик алоқаларининг ривожланганини Франция Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилда ушбу мамлакатга расмий ташриф буюргани икки томонлама муносабатларнинг юқори даражага кўтарилганидан далолат беради. Ушбу учрашувлар натижаси ўлароқ, кўплаб ҳамкорликлар юзасидан шартномалар ва келишувлар имзоланган эди.

Куни кеча эса Парижда ўтказилган Халқаро мусулмонлар форумида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нутқ сўзладилар.

Мазкур форум ҳар йили дунёнинг етакчи мамлакатлари пойтахтларида ўтказиб келинади. Жумладан, 2014 йил Москвада, 2015 йил Лондонда, 2016 йил Парижда, 2017 йил Хельсинкида ўтказилган.

Ушбу йирик тадбир Халқаро мусулмонлар форуми котибияти, Россия мусулмонлари диний идораси, Россия муфтийлар кенгаши, Москва Ислом институти, Финляндия мусулмон ташкилотлари тармоғи ва Бутунжаҳон мазҳабларни яқинлаштириш форуми ҳамкорлигида ташкил этилди. Шунингдек, уни Буюк Британия мусулмонлар кенгаши, Италиянинг динлараро ва маданиятлараро таълим фонди қўллаб-қувватлади.

Халқаро мусулмонлар форумида иштирок этиш учун Франция пойтахти Парижга 9 декабрь куни етиб борган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларини аэропортда Россия мусулмонлари диний идораси вакиллари ҳамда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев бошчилигидаги элчихонамиз ходимлари кутиб олдилар.

Шу куни муфтий ҳазратлари Париждаги Ўзбекистон элчихонаси фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Эртасига, яъни 10 декабрь куни Халқаро мусулмонлар форуми Қуръони карим тиловати билан бошланди.

Ислом дини ва глобаллашув муаммоларига бағишлан Халқаро форумда  таниқли дин ва давлат арбоблари маъруза қилдилар. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўз маърузасида  глобаллашув жараёнлари тобора жадаллашиб бораётгани, ахборот технологияларининг мислсиз тезликда ривожланаётгани сабабли  дунё ёшлари ахборот хуружлари босими остида қолаётгани, уларга оломон маданияти турли йўллар: видеоклиплар, бадиий фильмлар, мултфильмлар, қизиқарли ўйинлар, аллақандай танловлар ва бошқа йўллар билан муттасил тарғиб этилаётгани,  бу ташвиқотлар ўз кучини кўрсатиб, ғўр ва содда ёшлар руҳиятига салбий таъсир этаётгани, бунинг оқибатида ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик, беҳаёлик, жиноятчилик иллатлари ўсиб бораётгани ва уларга қарши ўз вақтида чора-тадбирлар қўллаш зарурлигига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Муфтий ҳазратлари жиноятчилик, хунрезликларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарлик муаммоларини бартараф этишда, энг аввало, келажак авлодни дину диёнатли, имон-эътиқодли, савоб ва гуноҳни, ҳалол-ҳаромни фарқлайдиган қилиб тарбиялаш, бу борада уламолар, дин пешволари, таълим-тарбия ишига мутасадди бўлган ҳар бир шахснинг олдида турган долзарб вазифаларни таъкидладилар.

Дунёнинг кўп минтақаларида мусулмонлардан ҳадиксираш, исломофобия ҳолатлари кузатилаётганининг энг асосий сабабларидан бири – Ислом динининг асл моҳиятидан бехабарлик эканини ҳаётий мисоллар билан тушунтириб бердилар. Ғаразли кучлар мусулмонлар ўртасида тарафкашлик келтириб чиқаришга уринаётган қалтис паллада бундай “ўйин”ларга имкон бермаслик, уларга қарши кескин курашиш учун мўмин-мусулмонлар ҳамжиҳат бўлиб яшашлари зарурлигини баён этдилар.

Халқаро мусулмон форуми доирасида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва шайх Равиль Гайнуддин учрашиб, 2019 ва 2020 йилларда Ўзбекистон ва Россияда диний-маърифий ва илмий-амалий тадбирларни ҳамкорликда ўтказиш тўғрисида маслаҳатлашиб олдилар.

Бундай режанинг тузилиши бежиз эмаслигини  шайх Равиль Гайнутдин қуйидагича изоҳлади:

– Ушбу юбилей саналарига ҳамоҳанг равишда мазкур анжуман иштирокчиларининг жўғрофий уйғунлашувида ҳам рамзий маъно бор. Бугун “Чиштия” жамғармаси раиси Саид Салмон Чиштий ушбу йиғинда иштирок этмоқда. Мазкур тариқат асосчиси – шайх Муйниддин Чиштий ҳазратлари билимларининг кўп қисмини Бухорода олган. Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам даврамизга файз бағишлаб ўтирибдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси бугунги кунда кўп асрлар давомида ушбу муборака заминда тўпланган улкан диний меросни қайта тиклаш йўлида катта ишларни амалга оширмоқда. Мусулмон жамоаларнинг катта қисми, россиялик мусулмонлар учун ҳам Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарлар асрлар давомида ислом билимларининг ўчоғи бўлган.

Дарҳақиқат, она Ватанимиз илм ўчоғи бўлгани ушбу форумда ҳам ўз исботини топди. Биласизки, катта ва ёш авлодни энг кўп қизиқтирадиган савол бу – қандай яшаш керак?  сўроғидир. Шунинг учун ушбу мавзуда жилд-жилд китоблар ёзилганки, уларнинг ҳаммасини тўпласангиз, катта кутубхонага жой бўлади. Дунёдаги, хусусан, Европадаги кўплаб ёшлар ана шу саволга жавоб топа олмаганликлари сабабли ўз жонларига қасд қилади, баъзилари жиноят кўчасига кириб кетади, гиёҳвандликка, ичкиликка ружу қўяди.

Нега? Чунки улар ўша жилд-жилд китоблардан ўзларини қизиқтирган саволга жавоб топа олмайдилар.

Муфтий ҳазратлари форумда сўзлаган маърузасида ушбу саволнинг жавобини бу йил 700 йиллиги нишонланаётган буюк мутасаввуф аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ифодаси ила бешта сўз билан айтиб бердилар: “Қўлингиз ишда – қалбингиз Аллоҳда бўлсин!”

Тамом.

Дамин ЖУМАҚУЛ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan