Мақолалар

Газетхон илҳоми

Чоп этилди Aprel 3, 2019 Газетхон илҳомиda fikr bildirishni o'chirish

Ота дуоси

Ким топса ота ризосин Ҳақ ризосин топгани,

Олмайин ота дуосин ўсиб унган фарзанд қани?

 

Чун ота дуоси шундай бир улуғ қудрат эрур,

Турфа хил бало-қазодан тинч, омон сақлар сани.

 

Шу боисдан оталар пойига бош қўймиш мудом

Не-не бир пиру азизлар, нечалаб шоҳу ғаний.

 

Етмасин дилига озор, сақла иззат-ҳурматин,

Ҳар сўзингни ўйлаб айт, ҳеч бўлмасин ғализ маъни.

 

Фикр қил, кўрмадим асло қарғиш олиб отадан

Бу дунёда бахтли бўлган лоақал бир кимсани.

 

Маломат қилмагин

Эй кўнгил, токи тириксан, тарки ибодат қилмагин,

Тарки ибодат кўп ёмон, сен уни одат қилмагин.

 

Кимки Ҳақ зикрини билмас, ул жоҳили гумроҳ эрур,

Қоч уларнинг даврасидан, беҳуда суҳбат қилмагин.

 

Мансабу давлатга етсанг, ҳаргиз манманлик айлама,

Сўнг қолиб эл нафратига, афсус-надомат қилмагин.

 

Беайб Парвардигордир, инсонда бўлгай айб, хато,

Шу боис ҳеч кимсани ғийбат, маломат қилмагин.

 

Ҳар дамингни, дўсти содиқ, бил ғанимат ҳар қачон,

Нек ниҳол эк, боғ ярат, баддан зироат қилмагин.

 

Эй кўнгил

Эй кўнгил, дунёга ҳеч қўймагин ҳирсу ҳавас,

Ўтса умринг тинч-омон, сенга ушбу ўзи бас.

 

Бевафодир молу дунё, ҳеч ким вафосин кўрмаган,

Шул сабаб асло сенинг чеккан ғамингга арзимас.

 

Баъзилардек молу мансаб тама илинжи йўлида

Ҳар эшикка бош суқиб юрмоқ ақлдан эмас.

 

Оқил инсон наздида молу жон ўткинчидир,

Шул сабаб у ҳеч қачон нафсини ортиқ сийламас.

 

Эй дилим, сен ҳеч қачон Ҳақдан умидинг узмагин,

Ҳақ ижобат этмаса, мақсудига етгайму кас?

 

Абдураҳмон ҚОДИР,

Самарқанд вилояти  Булунғур тумани

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 6-сонидан