Тўрт нарсани қайтариб бўлмайди
Меҳрибон Раббимиз марҳамат қилади: “Биз кеча ва кундузни (қудратимизни кўрсатиб турадиган) икки белги қилиб қўйдик. Кечанинг белгисини ўчирдик. Кундуз аломатини эса Раббингиздан фазл (ризқ) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз” (Исро сураси, 12-оят).
Инсонга берилган неъматлардан бири вақт, у эса ғаниматдир. Ўйлаб кўринг, кечагина ёш бола, кучга тўлган ўсмир, ишлаб чарчамайдиган йигит-қизлар эдик. Бир пасда ўрта ёш ёки кексалар қаторидамиз. Улуғлар: “Вақт қилич кабидир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади”, дейишган.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, кишининг ўзи учун бефойда нарсаларни тарк қилиши исломининг гўзаллигидандир”, дедилар» (Имом Термизий, Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривояти). Яна бир ҳадиси шарифда эса бундай огоҳлантириш бор: “Аллоҳ таоло ёшини то олтмиш йилгача етказган кишига узр учун ўрин қолдирмади” (Имом Бухорий ривояти). Яъни, Аллоҳ таоло бир бандага шундай узун умрни берса, унинг узрини кетказади ва ўзини оқлашига бирон-бир ўрин қолдирмайди.
Абдуллоҳ Ансорий “Туҳфатул мулук” асарида тўрт нарсани асло қайтариб бўлмаслик ҳақида бундай дейди: “Айтилган сўз, отилган ўқ, ўтган умр ва қазойи қадар”. Вақтни ғанимат билишга имкон қадар ёлғиз бўлиш, одамлар билан кўришганда саломлашиш билан ё энг муҳим ишлар билан кифояланиш, кам ейиш кўмак беради. Чунки кўп ейиш узоқ ухлашга ва кечани зое кетказишга сабаб бўлади.
Шунинг учун фоний ҳаётимизнинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланиб, яхши амаллар қилишга шошилишимиз лозим. Афсуски, бугун кўпларнинг қанчадан-қанча вақти зое кетяпти. Эътибор қилсак, кишиларнинг зеҳн-заковати, ақл-идроки ва имкониятлари бирламчи бўлмаган ёки беҳуда нарсаларга сарф қилинаётганини кўрамиз. Ҳолбуки, қуёшнинг чиқиб-ботиши, соатнинг ҳар чиқиллаши Аллоҳнинг ҳузурига қайтишимиз яқинлашаётганини эслатмоқда. Хўш, бунга тайёрмизми?!
Орифлардан бири дейди: «Агар ўлим фариштаси бандага кўриниб: “Бир соатлик умринг қолди, уни бир дақиқага ҳам узайтиролмайсан”, деса, банда афсус ва надомат билан шундай ҳасрат чекадики, ўша қолган бир соатни тавбаларга тўла, хатолари ўнгланган бошқа бир соатга алмаштириш учун борини, агар бутун дунё уники бўлса, сарфлаган бўларди».
Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд бундай деган: “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади. Шундай экан, нафаснинг зое бўлишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг”.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ишни эртага суришдан сақлан, чунки сен бугунинг билан ҳаётсан…”
Алижон МИНГБОЕВ,
Риштон туманидаги “Қаландархона” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан