Слайдер

Имомлар ҳадяси сабаб мактаб кутубхоналари диний-маърифий адабиётлар билан бойиди

Чоп этилди Aprel 3, 2019 Имомлар ҳадяси сабаб мактаб кутубхоналари диний-маърифий адабиётлар билан бойидиda fikr bildirishni o'chirish

 

 

Муҳтарам Президентимиз шу йил 19 март куни ўтказилган видеоселекторда аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига алоҳида тўхталиб, «Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб, китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади»,  деган эдилар.

Ушбу ташаббусга монанд Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги уламолар, имом-хатиблар ҳам ўзлари таълим олган ва яшайдиган ҳудуддаги мактабларга шахсий кутубхоналаридан диний маърифий адабиётларни туҳфа этмоқдалар.

Китоб – қалб чироғи, тафаккур қаноти. Динимиз илм асосига қурилган. Илм эса китобдан олинади. Қуръони каримнинг номларидан бири ҳам Китобдир.

Ҳозирги кунда мактаб кутубхоналари давлатимиз кўмагида бойитилмоқда. Бироқ улар орасида диний-маърифий адабиётлар унчалик кўп эмас. Шубҳасиз, бундай китоблар ўқувчилар тарбияси учун зарурий манба бўлади, иншааллоҳ. Зеро, муқаддас динимизни тўғри ўрганган ҳар бир йигит-қиз руҳий баркамол, маънавий пок инсон бўлиб етишади.

Ҳозирга қадар 1209 нафар имом-хатиб 1227 та мактабга 16172 дона диний-маърифий, бадиий, илмий-оммабоп китоблар ҳадя қилдилар.

Китобларни қабул қилиб олган устоз ва ўқувчилар имом домлаларга миннатдорчилик билдириб, бу китоблар ёшлар учун  айни муддао бўлганини айтиб, уларни албатта ўқиб чиқишларини билдирдилар.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими