Мақолалар

Сўз Бухорода бўлиб ўтган I халқаро “Зиёрат туризми” форуми иштирокчиларига

Чоп этилди Aprel 4, 2019 Сўз Бухорода бўлиб ўтган I халқаро “Зиёрат туризми” форуми иштирокчиларигаda fikr bildirishni o'chirish

Фазал Баҳардин, “Crescent Rating” асосчиси ва бош директори (Сингапур):

– Мусулмон сайёҳлар учун халқаро рейтинг ва унинг мамлакат имижини оширишга таъсири хусусида сўзлайдиган бўлсак, бу борада ўз таклифларимни билдирмоқчиман. Зиёрат туризми тушунчасини ифодаловчи бир қатор терминлар бор. Хусусан, 2008 йилдан буён дунёда ҳалол тушунчаси пайдо бўлди. Айни вақтда эса Малайзия, БАА ва Индонезия энг яхши натижаларга эришмоқда. Япония, Корея ҳам бу бозорга талабгорлик қилмоқда. Жорий йилда бу борада яна бир қатор янги технологиялар ва инновациялар жорий этиш кутилмоқда.

Маълумки, бутун жаҳонда Ислом динига эътиқод қилувчи 1,8 миллиард мусулмон истиқомат қилади, шундан қарийб 150 миллиони ҳар йили саёҳат қилади.

Ўзбекистонда маданий обидалар ва қадимий архитектура муҳим ўрин тутади. Бухоро ва Самарқанд дунёнинг ажойиб шаҳарларидан. Бу юртга кўплаб одамлар қадимий архитектурадан баҳраманд бўлиш учун келади.

 

Мухлис Ҳанафи, Индонезиядаги “Истиқлол” музей директори:

Индонезия ҳудудида ислом динининг тарқалишида Ўзбекистон олимларининг ўрни беқиёс. Бухоро Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф ар-Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд каби илм оламида танилган инсонлар юрти.

Милодий 9-15 асрларда юртингизда илм ва маданият энг юксак даражага етгани тарихий ҳақиқат. Бизнинг кўпгина манбаларимизда исломнинг энг машҳур намояндалари дарёнинг ортидан келгани қайд этилган.

Шаҳарлар мисолида айтадиган бўлсак, Бухоро, Самарқанд, Хоразм каби шаҳарларингиз Арабистондаги Боғдод ва Халафа билан машҳурлик борасида рақобатлаша олади. Бухоро Қоҳира, Самарқанд Бобил, Рим каби шаҳарлар билан илм- фан борасида тенгсиздир.

Индонезиядаги уламолар учун дарслик сифатида фойдаланиладиган суфийлик тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбанднинг асарлари биз мусулмонлар қалбида ўчмас из қолдирган.

 

“Ислом нури”  газетасининг 2019 йил,6-сонидан