Мақолалар

Жаннат хушхабари билан шодланинг…

Чоп этилди Aprel 4, 2019 Жаннат хушхабари билан шодланинг…da fikr bildirishni o'chirish

«Албатта: “Раббимиз – Ал­лоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз!” (Фуссилат сураси, 30-оят).

Мўминлар – “Раббимиз – Аллоҳ”, деб Парвардигорнинг Яратувчи, Ризқлантирувчи ва Тарбиячи эканига имон келтирган, мана шу эътиқодларида содиқ қолган, қалблари ростлик билан Парвардигорга боғланган, амаллари ихлосга асосланган зотлар.

«Албатта: “Раббимиз – Ал­лоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар». Имом Қуртубий ра­ҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳга имон келтириб, сўнг Унга бўйсу­нишда тўғри бўлган зотлар”, деган. Имом Калбий раҳи­маҳуллоҳнинг ривоятида Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Аллоҳ зим­маларига фарз қилган амалларда тўғри турган зотлар”. Абу Бакр Сид­диқ розияллоҳу анҳу ушбу оятни ўқиб бўлгач: “Сўнгра тўғри бўлган зотлар” ким эканини биласизми?» деб сў­ради. Атрофдагилар: “Эй Ра­сулуллоҳнинг халифаси, улар ким?” дейишди. Шунда у зот розияллоҳу анҳу: “Тўғри бўлиб, ношукрлик қилмаганлар”, дея жавоб берди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ буюрганини бажариб, қайтарганидан қайтган ҳамда Аллоҳга бўйсу­нишда мунофиқлик қилмаган зотлар”, деб айтган. Усмон ро­зияллоҳу анҳу: “Амалларини Аллоҳ учун холис бажарганлар”, Али розияллоҳу анҳу эса: “Фарз амалларни адо этувчилар”, деган. Абу Олия раҳи­маҳуллоҳ қилган ривоятда: “Динда собит турган ва амални (ҳеч қандай моддий нарсани умид қилмасдан) холис Аллоҳ учун бажарганлар”. Мужоҳид ва Икрима раҳимаҳумаллоҳ айтишади: “Аллоҳнинг ҳузурига қайтгунча шаҳодат калимасида собит турганлар”. Қатода раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ҳар гал шу оятни ўқиганида: “Ё Аллоҳ, бизга истиқомат (тўғрилик)ни насиб қил”, деб дуо қилар эди.

“(Ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар)”. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Жон таслим қилаётган кишига фаришталар келади. Агар у солиҳ бўлса, (фаришталар): “Эй покиза жасаддаги покиза жон, чиқ. Мақтовга лойиқ ҳолатда чиқ. (Сенга) равҳи-райҳон хушхабари ҳамда Раббинг розилиги суюнчи бўлсин!” дерлар». Имом Калбий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Олдингиздаги азобдан қўрқманг, дунёдан қилиб ўтган амалларингиздан ғамгин ҳам бўлманг”, дерлар. Муқотил раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қиёмат куни осмондан ҳафаза (сақловчи) фариштаси тушиб, (бандага қараб): “Мени танияпсанми?” дейди. Банда: “Йўқ”, дегач, у: “Мен сенинг амалларингни ёзиб турувчи фариштаман”, дея унга жаннат хушхабарини беради». Бунга оятнинг давомидаги: “Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз!” деган хабар далилдир. Зайд ибн Аслам раҳимаҳуллоҳ: “Хушхабар уч ўринда: ўлим вақти, қабрда ҳамда қайта тирилган кунда”, деб айтган. Уламолардан баъзилари эса: “Бу хушхабар (ўлим вақтида) хавфдан ғамга чўмган кишига айтилади. Омонда турган шод кишига эмас”, деган.

Суфён ибн Абдуллоҳ Сақа­фий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Набий алайҳиссаломга: “Эй Аллоҳнинг расули, менга Ислом ҳақида бир нарса айтингки, сиздан кейин у ҳақда бошқа ҳеч кимдан сўрамай”, дедим. Шунда у зот: “Аллоҳга имон келтирдим, деб айт ва бунда (шу имонингда) тўғри тур”, дедилар.

Банданинг иродаси, амали ва сўзи Аллоҳнинг шариати ҳамда Пайғамбарининг суннатига му­вофиқ келмас экан, мустақим (тўғри) йўлда бўлолмайди. Ҳуд сурасининг 112-оятида бундай дейилади: “Бас, (эй Муҳаммад!) буюрилганингиздек тўғри бў­линг! Сиз билан бирга тавба қилганлар ҳам (тўғри) бўл­син­лар! Ҳаддан ошиб кет­ман­гиз”. Ояти каримада: “хоҳлаганин­гиздек” эмас, “буюрилганингиздек”, дейилмоқда. Чунки ҳидоятга йўлланган киши тўғри бўлади ва мустақим йўлда юради. Ўзи қинғир йўлда юрган одам билан тўғри одамнинг фарқини Аллоҳ таоло Каломида бундай баён қилади: “Ахир, юзтубан (ерга қараб) юрадиган кимса (кофир) тўғри йўлни топувчироқми ёки тик ҳолда тўғри йўлда юрадиган (мўмин) кишими?!” (Мулк сураси, 23-оят).

Мўминларнинг мустаҳкам эътиқоди ҳамда ихлосли амали мукофоти ўлароқ Парвардигор уларни ўлим вақтида ҳам ташлаб қўймайди. Балки фаришталар орқали икки дунёда ҳам хотиржамлик келтирувчи хабарни етказади: “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз!” Яъни, келгусида ёки охиратда ҳолимиз не кечар экан, деб қўрқманг, кўнглингиз ғаш бўлмасин. Амалларимиз натижаси қандай бўлар экан, деб маъюс ҳам тортманг. Сиз учун келажакда ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Амалларингизнинг натижаси ҳам яхши. Чунки сиз: “Раббимиз Аллоҳ”, дедингиз ва шу сўзингизда рост туриб, баракали умр кечирдингиз.

Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз!” “Раббимиз Аллоҳ”, деб сўзда ҳам, амалда ҳам исботладингиз. Энди ўша ваъда қилинган жаннат сизга, албатта, берилади. Бу хушхабарни қабул қилинг ва шодланинг!

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Агар ўлим фариштаси мўмин банданинг жонини олиш учун келса, (фаришта бандага) Раббинг сенга салом айтмоқда”, дейди. Муҳаммад ибн Каъб айтади: «Ўлим фариштаси мўминга (жон таслим қилаётганда): “Эй Аллоҳнинг дўсти, ассалому алайкум. Парвардигор сенга салом йўлламоқда, дер”, деди-да, сўнг ушбу ояти каримани тиловат қилди: «Улар (ширк ва гуноҳдан) пок бўлган ҳол­ларида, фаришталар вафот эттира туриб: “Сизларга салом! Қилиб ўтган амалларингиз билан жаннатга кирингиз!” дерлар» (Наҳл сураси, 32-оят).

Оятдаги “сўнгра” лафзи кечикиш ёки озгина кейинроқ бўладиган ишни ифодалайди. Яъни, аввал Аллоҳни Илоҳ деб билиш, Ундан бошқа нарсани устун кўрмаслик, шундан кейин эса шу эътиқоддан оғишмай, собит турилади. Ак­синча, Аллоҳга ишонмай ту­риб, ҳар қандай тўғри ишни қилишга уринмасин, барчаси бекор. Шунинг учун биринчи ўринда Аллоҳни ёлғиз илоҳ деб билиш, унга ҳеч нарсани шерик қилмаслик шарт.

Демак, имон ва амалнинг тўғри бўлиши жаннатга кириш омили экан. Фаришталар мўминга ўлим вақтида, қабрда ва қиёматда жаннат эшиги олдида турганида ҳам хушхабар беришади. Қуръони каримда айтилади: «(У) абадийлик боғлари бўлиб, (улар) у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат солиҳ (банда)лар билан бирга кирурлар. Сўнгра уларнинг ҳузурларига ҳар (бир) эшикдан фаришталар кириб (дерлар): “(Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай. Дунё оқибати (жаннат) нақадар яхши!” (Раъд сураси, 23–24-оятлар).

Солиҳ амал қилувчи кишига мукофоти – хушхабарини бериш керак. Бу гўзал амал қилувчининг рағбатини янада оширади. Аллоҳ таоло мўминлар қилаётган яхши ишларида яна ҳам ғайратли бўлишлари учун: “Мўминларга (охират мукофотлари ҳақида) хушхабар беринг (эй Муҳаммад)!” (Бақара сураси, 223-оят), деб марҳамат қилган.

Мўмин жаннатга ўз амали билан эмас, Аллоҳнинг фазл ва марҳамати ила киради. Жаннатда нафақат ўзи истаган нарса, балки ундан-да ортиғи билан сийланади. Аллоҳ таоло: “Уларга у жойда хоҳлаган нарсалари бордир. Бизнинг даргоҳимизда яна қўшимча (инъомлар) ҳам бордир”, деб, марҳамат қилган (Қоф сураси, 35-оят).

 

“Баҳрул улум”, “Тафсири Қуръонил Азим” ва “Тафсири Ҳилол” асарлари асосида  Навоий вилоятидаги
“Қизилқум” жоме масжиди
имом-хатиби  Абдужалол ТУРДИЕВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан