Мақолалар

Ҳасад шундай ўтдирки…

Чоп этилди Aprel 5, 2019 Ҳасад шундай ўтдирки…da fikr bildirishni o'chirish

Айтадиларки, уч киши бир-бирига ҳамроҳ бўлиб сафарга чиққан эди. Ёши улуғи қолган иккисига деди:

—    Сиз нима сабабли ўз ватанларингиз роҳатидан кечиб, сафар қийинчиликларини ихтиёр этдингиз?

Бири деди:

—    Мен бир жойда яшар эдим. Иши юришган одамларга ҳасад қилиб, уларни хеч кўра олмас эдим. Ўйлаб-ўйлаб бир кун, оз вақтга бўлса хам ватандан чиқиб кетсам, кўра олмайдиган нарсаларни кўрмай қўя қолсам, деган қарорга келдим.
Бошқаси деди:

— Мен хам шу сабабдан мусофирликни ихтиёр этдим.

Ёши улуғ сайёҳ хам шу сабабдан даштга чиқиб кетганини айтиб берди.
Учала ҳасадчи топишганларидан хурсанд бўлиб йўлга равона бўлдилар. Бир куни биёбонда йўлдан бир ҳамён олтин топиб олдилар. Ҳамжихатлик билан олтинни бўлиб олишга қарор қилдилар. Лекин ҳар бирининг ҳасад олови ёниб, бошқасининг оладиган улушига кўз олайтира бошлади. Шундай қилиб, бир кеча-ю бир кундуз жазирама биёбонда оч, ташна ва уйқусиз ҳолда жанжал қилдилар. Эртаси кун шу ернинг подшоҳи овга чиққан эди, маҳрамлари билан ўша ердан ўтиб қолди. Подшо уч ҳасадчини кўриб аҳвол сўради. Улар бор гапни айтиб бердилар:

—    Биз учовимиз ҳам хасад ўтида куйиб-ёнамиз, шу сабабдан ватандан жудо бўлиб эдик. Мана энди топиб олган олтинларни тақсимлашда ўртамизда низо чиқди. Бу олтинни тақсимлаб беришга қодир бир одамга мухтож бўлиб турганимизда, мана шоҳнинг ўзлари ғойибдан келиб қолдилар.

Подшо деди:

—    Ҳар бирингиз ўзларингизнинг қай даражада ҳасадчи эканлигингизни сўзлаб беринг, ҳасадингиз даражасига қараб хулоса қиламан.

Бири деди:

—    Менинг ҳасадим шу даражада кучлики, ҳеч вақт эҳсон ва шафқат қилишни ва бирон кишининг хушвақт бўлишини хоҳламайман.

Иккинчиси деди:

—    Сенда ҳасаднинг ўзи йўқ экан. Мен эса биров-бировга ўз молидан эҳсон қилса, жоним чиқиб кетади.

Учинчиси деди:

—    Сиз икковингиз ҳам ҳасаддан ва ҳавасдан бебаҳра экансиз. Менга биров яхшилик қилса, ўзгаларга ҳам яхшилик қилар экан, деб куйиб кетаман.
Подшо буларнинг ичи қоралигига ҳайрон қолиб деди:

—    Сўзларингизга қараганда, бу олтин сизларга ҳаром. Сизларнинг хар бирингизга лойиқ азоб-уқубат лозимдир. Бировга бир нарса эҳсон қилишни хоҳламаганнинг жазоси шуки, уни бадном қилиб, дунё неъматларидан махрум этиш керак. Бировга биров эҳсон қилганини кўра олмаган одамни ўлдириб, ундан қутулган яхши. Ўзгага ҳам, ўзига ҳам ҳасад қилувчи одамни дунёдаги барча азоб турлари билан қийнаб ўлдириш керак.

Шоҳ буйруғига биноан биринчи ҳасадчининг бошини ерга қилиб осдилар. Иккинчисининг бошини кесдилар. Учинчисининг эса баданига заҳар суртиб офтобга қўйдилар. Шундай қилиб, ҳасад уч кишини жазога гирифтор қилди. Ҳасад давосиз дарддир. Ҳасадчи ҳамиша бировнинг шодлигидан ғамнок, роҳатидан аламнок бўлади.

“Калила ва Димна”дан