Мақолалар

Муносиб авлодлар беллашуви

Чоп этилди Aprel 5, 2019 Муносиб авлодлар беллашувиda fikr bildirishni o'chirish

Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк муҳад­дислар Имом Доримий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Ибн Ҳиббон, Ҳайсам ибн Қулайб Шоший, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Барокотий, Иброҳим ибн Маъқил Насафий ва Абд ибн Ҳумайд Кешийлар томонидан ҳадис мактабларига асос солинган бўлиб, ушбу илму маърифат ва зиё масканлари ҳадис илми ривожи ҳамда дунё илм-фан тараққиётида ўчмас из қолдирган.

Зеро, ҳадисларда инсон ҳаё­тининг барча қирраларини қамраб оладиган кўрсатмалар ҳамда ижтимоий ва диний масала-муаммолар ечими баён этилган.

Ҳадисларда Ислом дини аҳкомлари, ахлоқ-одоб ва бурчларга оид кўр­сат­малар, ибодатнинг тартиб-қои­далари ва уларни мукаммал бажаришга даъват этиш билан бирга инсоний фазилатлар ҳам кенг тарғиб қилинади.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Ҳадис ва Ислом та­рихи фанлари” кафедраси яқинда “Имом Термизийга муносиб авлод бў­лайлик!” шиори остида ўтказган ҳадис мусобақаси ҳам аждодларимизга муносиб издошлар етишиб чиқаётганидан дарак беради. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси котибият бўлими мудири Муҳаммадаюб Ҳомидов, мутасадди раҳбар ва устоз-мураббийлар қатнашди.

Тадбирда институтнинг иккинчи курс талабалари гу­руҳларга бўлинган ҳолда ўзаро беллашди. Ҳакамлар иштирокчиларни 4 шарт асосида баҳолаб боришди. Унга кўра иштирокчилар Имом Нававийнинг “Арбаин” асаридан парча берилган ҳадис давомини айтиб, шарҳлашди, Умар ибн Муҳаммад ибн Байқунийнинг “Манзуматул Байқунийя” асаридан олинган матнни ёддан айтиб, мавзуни тўлиқ ёритишди, Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асаридаги “Таҳорат” ва “Намоз” бобла­ридаги ҳадисларни ёддан ўқишди. Сўнгги шарт эса улуғ муҳаддис бобо­ларимиз ҳаётидаги ибратли воқеалар­дан бирини саҳна кўриниши тариқаси­да кўрсатиб бериш бўлди. Натижаларга кўра, “Бу­хорий авлод­лари” гуруҳига би­рин­чи, “Термизий авлодла­­­ри”га иккинчи, “Доримий ав­лодлари”га эса учинчи ўрин насиб қил­ди.

Бундан ташқари, танловнинг савол-жавоб йўналиши бўйича Ҳумоюддин Нодиров, мақолалар йў­налишида Исохон Яҳё биринчи ўринга муносиб топилди.

Тадбир сўнгида ғолиблар ҳам­да Имом Нававийнинг “Арбаин”, Умар ибн Муҳаммад ибн Байқуний­нинг “Ман­зуматул Байқунийя” асарини тўлиқ ёдлаган 25 нафар талаба диплом ва эс­далик совғалари билан тақдирланди.

Бу каби мусобақалар юртимизда ҳадис илмини ўрганиш янада жонланишига, ёшларимизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннат­ларини катта иштиёқ билан ўрганиш­ларига хизмат қилади.

Институт Матбуот хизмати

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан