Мақолалар

Хайрлашув

Чоп этилди Aprel 6, 2019 Хайрлашувda fikr bildirishni o'chirish

 

Оппоқ булут гўё елканли кема,

Кўк денгизда аста сузиб бормоқда.

Турналар карвони йўл арқон солар,

“Қур-қур”лари кўнглим бузиб бормоқда.

 

Қайдандир ҳовлиқиб келган шаббода

Бошимдан сочмоқда ўрик гулларин.

Ачингандек маъюс турар мажнунтол,

Бош чайқаб,  силкитар қирқ кокилларин.

 

Кўҳна тегирмоннинг томига чиқиб,

Толбаргак узмоқда қақажон қизлар.

Бугун ҳам авжида сойнинг қўшиғи,

Тебраниб тинглашар майса, ялпизлар.

 

Шамолда чайқалган лолазор узра,

Кўл томон ўрлайди алвон аланга.

Юзига соялар тушган тоғларим,

Араз-ла, хўмрайиб боқмоқда менга.

 

Мен бугун ўзимни енгдим ниҳоят,

Ранжитиб, ҳам ранжиб, нолиб кетяпман.

Қўлда жомадонмас, бир дунё соғинч,

Бир дунё армонни олиб кетяпман.

 

Кетяпман, шундай маконни ташлаб,

Осмондамас, ерда юрарман энди.

Шаҳарда деворий суратда фақат,

Бундай гўзалликни кўрарман энди.

Кетяпман…

 

Абдусамад РАҲИМОВ,

Фарғона вилояти Учкўприк тумани