Мақолалар

ЙЎЛОВЧИ

Чоп этилди Aprel 6, 2019 ЙЎЛОВЧИda fikr bildirishni o'chirish

Шаҳарлараро автобекатга яқин минорадан таралган муқаддас чорлов кўнгилларга сингарди. Абдуллоҳ рўзасини очди-ю, шошганча мерседес автобуснинг орқа эшигидан ичкари кирди. Қўлидаги кичкина сумкани орқа ўриндиққа қўйиб, пастга тушди. Жомадонларни юкхонага жойлаётган ёрдамчи томон юрди. Тараддудланди, аммо сўраб кўришдан бошқа чораси йўқ эди.

— Салом ҳамшаҳар, — деди тортиниб.

— Лаббай акажон, — ёрдамчи унга юзланди.

— Автобусни беш дақиқа тўхтатиб туроласанми, шом намозини ўқиб келсам дегандим.

Ёрдамчи Абдуллоҳга бошдан оёқ разм солди. Сўнг:

— Ҳозироқ жўнаймиз ака, — деди қўлларини устига артаркан. — Вақт бўлди, кута олмаймиз.

— Беш дақиқада келаман, ахир!

— Йўлда ўқирсиз.

— Вақти жуда қисқа. Ҳозир улгурмасам…

— Узр ака!

Ёрдамчига қолса, беш дақиқа кутишнинг зиёни йўқ, аксинча, бир-иккита бўш қолган ўринни ҳам тўлдириб оларди. Лекин, ишга янги келгани учун ҳайдовчининг феълини яхши билмайди. Танимаган кишиси учун танбеҳ эшитиб қолиши мумкин.

— Икки дақиқа кечроқ жўнасак нима қилади? — Абдуллоҳ ёлворишга тушганди.

— Нима гап, нега мижоз билан тортишяпсан? — қалин мўйловли, ўрта ёшли бир киши улар томон келарди. Ёрдамчи бошлиғини кўриб сергакланди:

— Бу йўловчи намоз учун беш дақиқа сўраяпти.

— Бунинг нимаси баҳслашадиган масала. Борсин, ўқиб келсин.

Ҳайдовчи Абдуллоҳга юзланиб:

— Қани ҳамшаҳар, тезда ўқиб қайт, бизни ҳам дуо қил. Кутиб турамиз. – деди.

Абдуллоҳ севиниб кетди. У қайтгач, автобус қўзғалди. Жойига ўтираркан, ҳамма жойи ҳорғинликдан сирқирарди. Улов Малатя автобекатидан чиққанда оқшомнинг ола-була қоронғулиги тобора қуюқлашаётганди. Мерседеснинг ўткир чироқлари қоронғулик бағрини тилиб борарди.

Ҳайдовчи пештоқдаги ойнадан йўловчиларни кузатди. Кимдир ёнидаги ҳамроҳи билан суҳбатлашар, бошқаси ўриндиғини ётқизиб, ухлашга ҳозирлик кўрарди. У икки кундан буён тузук ухлаёлмади. Кеча тунда ҳам йўлда эди. Босиб келаётган уйқуни ҳайдаш учун радио қулоғини буради. Ундан ажойиб қўшиқ тараларди. У узоқ йўлларга юришдан зерикканди. Осойишта бир иш бўлса жон деб ўтиб кетарди.

Абдуллоҳ эса орқа ўриндиқларни сира ёқтирмасди. Бунинг устига иккиту хўпасемиз кишининг ўртасида сиқилиб қолган, оёқларини узатолмас, асабийлашарди. Ухлашга ўринар, лекин ухлай олмасди. У Малатяга тижорат учун келган, энди уйига қайтаётганди. Кундузи роса юриб чарчаган, аммо онаси, рафиқаси ва ширинтой ўғли Усмондан айро қолишга сабри чидамай йўлга отланганди.

Онаси у ҳар гал сафарга отланганида дуо қиларкан, «Мусофир йўловчиман, дея намозингни ташлаб қўйма», деб тайинларди. Отаси ўлганидан буён барча савдо ишлари унинг зиммасига тушган, ишни бошлаганига унча кўп бўлмагани учун ҳам заҳмат тортаётганди.

У уйқусизликдан қизарган кўзларини ёрдамчига тикди. Сўлғин қорача юзида умидсизлик акс этса-да, яна унга мурожаат қилди. Орқа ойна билан ўриндиқлар орасидаги ёрдамчининг жойига ишора қилиб:

— Шу жойга бир оз мизғиб олсам майлими? — деди.

Рад жавобини кутганди, аммо ёрдамчи унга жилмайиб қаради:

— Ўтинг ака, роҳатланиб ухлаб олинг.

— Раҳмат, укажон, жонинг омон бўлсин!

Абдуллоҳ дарҳол ёнидаги кишидан узр сўраб орқага ўтди. Костюмини ечиб, ёстиқ қилди. Ўта толиққанидан мотор товуши ва уловнинг силкинишига ҳам кўникиб, тезда ухлаб қолди.

Автобус Малатя тепаликлари томон тирмашиб чиқаркан, овози шамолда кеча сукунатига сингиб кетарди. Ҳайдовчининг кўзларини уйқу босиб тез-тез юмилар, боши олдига эгилиб кетарди. Йўловчиларнинг аксари ухлагани учун унинг бу ҳолидан бехабар эди. Улов тоғ йўлига ўрлай бошлаганди.

Ухлаётган Абдуллоҳ у ёндан бу ёнига ағдарилар экан, оёғи ҳайдовчи билан ёрдамчи ўртасидаги алоқани таъминловчи, йўлда тушадиган йўловчиларни билдириш учун қўлланадиган тугмачага тегиб кетди. Қўнғироқ товушидан уйқусираб уйғонган ҳайдовчи тормозни қаттиқ босиб юборди. Катта автобус қаттиқ силкиниб тўхтади. Йўловчилар саросимада уйғондилар. Энди кўзи илинган ёрдамчи ҳам нима бўлганига ҳайрон эди. Орқа ўриндиққа зарб билан урилган Абдуллоҳ аччиқланиб кўзларини очди. Ҳайдовчи ёрдамчидан сув сўради. Ташқари зим-зиё, уловнинг яқинни ёритувчи фаралари милтиллабгина турибди. Ҳайдовчи қўл тормозини тортиб, юзини ювиб олиш учун пастга тушди-ю, бақрайиб қолди. Мерседес тик жарлик томон бурилган ва бир қадам берида тўхтаган эди. Ҳайдовчи ўзига келгач, ҳаяжондан ёрдамчига бақириб юборди:

— Қўнғироқни ким босди?!

— Шомда биздан намоз учун беш дақиқа изн сўраган киши мендан илтимос қилиб, орқага ўтиб ётганди. Кечиринг, устоз.

Ҳайдовчининг эса ҳаяжони босилмас:

— Бу бир мўъжиза, мўъжиза! — дея такрорларди.

Абдуллоҳ эса воқеадан хабарсиз ҳолда орқа ўриндиқда ўтирганча сумкасидан саҳарлик учун олган егуликларини чиқараётганди…

 

Туркчадан Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ таржимаси