Мақолалар

Ажримлар камаймоқда, сабаби…

Чоп этилди Aprel 6, 2019 Ажримлар камаймоқда, сабаби…da fikr bildirishni o'chirish

Кўпчилик бу оилаларнинг яшаш шароитлари ва турмуш тарзи бир-бирига тўғри келмаслигини кўриб-билиб турса-да, дилидагини айтишга андиша қилди. Устига-устак ёшларнинг бир-бирига кўнгли борлиги ҳамманинг тилини боғлаб қўйди.

Мактабни эндигина тамомлаган ёш йигит-қизнинг тўйига ҳамма ҳавас қилди ўшанда. Сал ўтмай, келинчакнинг туғилган куни дабдаба билан нишонланди. Янги қу­далар ва уларнинг яқинлари қимматбаҳо совғалар билан келишди. Шундан кейин келиннинг қариндошлариникида бирин-кетин тадбирлар бошланди. “Еган оғиз уялар” деганларидек, совға ва ҳадяларни рисоладагидек этиб қайтариш керак. Бироқ тўйдан каттагина қарз билан чиққан оиланинг бундай совғаларга қурби ет­май қолди. Келиннинг қоши чимирил­ди, онаси пичинг қилди: “Ҳо­лингиз шу экан, нима қи­лардингиз биз билан қуда бўлиб” қабилидаги сўзлари куёвнинг қулоғига етди… Орага совуқчилик тушди. Маҳалла фаоллари, яраштириш комиссияси аъзоларининг уринишлари бекор кетди. Оқибатда оила бир йилга етмасдан барбод бўлди.

– Ушбу ҳолат оила ва никоҳ масалаларига масъулиятсизлик билан қараш, бўлғуси қудалар бир-бирларини яхши ўрганмасдан, ҳаётга фақат ёшларнинг нуқтаи назаридан ёндашилгани оқибати, – дея изоҳлайди меҳнат фахрийси, узоқ йиллар маҳалла фуқаролар йиғини тизимида ишлаган Болтабой Матсафоев. – Афсуски, ҳали-ҳануз кўпчи­лик моддий жиҳат оила бахти, мустаҳкамлигининг асоси бўла олмаслигини тушуниб етмаяпти. Ўғил уйлантираёт­ган ёки қизини узатмоқчи бўлган айрим ота-оналар фарзандим ҳаётга тайёрми, эртага турмуш машаққатларини енга оладими, деб ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Атрофимизда­ги воқеаларни кўриб, матбуотни кузатиб, хаёлимга бир савол келаверади: биз ўғил­ларимиз, қизларимизни турмуш қуришга тайёрлашдан ҳам олдин уларни уйлантириш, узатиш ташвишига тушиб қолмаяпмизми? Ҳосил уволу самарасиз бўлмаслиги учун боғбон ҳатто боғидаги меваларни меъёрига етиб пишмагунча узмайди…

Республикамизнинг энг шимолий нуқталаридан бўл­ган Гурлан тумани маҳал­ла­ларининг ўзига хос тажрибалари бор. Хусусан, ўттиз уч минг нафар аҳоли яшайдиган “Вазир” қишлоғида ке­йинги йилларда маҳаллалар фаол­лари мустаҳкам оила қурилиши ва ажримларнинг олдини олиш борасида кўп ишларни амалга оширишяп­ти. Бу ерда куёв томон келиннинг хонадонидан ҳеч қандай моддий манфаатдорлик кутмайди. Янги оилага мўлжалланган барча анжомлар, ёшларнинг кийим-кечаклари, тўй харажатлари куёв хонадони зиммасида. Келиннинг ота-онаси улар билан бамаслаҳат ўз имкониятларига қараб қизларига совға-саломлар қилишади. Тўй арафасида ёки тўйдан кейинги кунларда куёвнинг хонадонига турли хил таомлар элтиш йўқ. Сўнгги пайтларда никоҳ тўйи билан боғлиқ маросимлар имкони борича ихчамлашиб боряпти. Масалан, “Қиз йиғини” илгаригидек тўй шаклида эмас, ихчамлаштирилиб ичкарида, фақат келиннинг дугоналари ва катта ҳаётий тажрибага эга бўлган онахонлар иштирокида ўтказиладиган бўлди.

– Шундай ишлар натижасида оилавий ажримлар сони кескин камайиб бормоқда, – дейди “Мевазор” маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси Муяссар Дўсанова. – Бунинг яна бошқа сабаблари ҳам бор. Биринчидан, бу масалада оталарнинг масъулияти ниҳоятда катта, тўйларимизнинг бошидан охиригача улар раҳбар бўлиб турадилар. Совчиликка ҳам даставвал эркаклар боришади. Иккинчидан, қизнинг хонадонига оғирлик туширилмайди. Яна энг муҳими, ота-оналар қизларини барвақт узатишга шошилмайдилар, йигит-қизнинг ҳар жиҳатдан ўз тенги билан турмуш қуриши тўғри эканини тушуниб етишяпти. Ўтган йили маҳалламизда 20 та никоҳ тўйи ўтказилган бўлса, келинларнинг ўртача ёши 22–23ни ташкил қилади. “Қайноналар кенгаши” билан ҳамкорликда олиб борган кузатишларимиз, таҳлилларимиз шу ёшларда узатилган қизлар оилавий ҳаётга нисбатан тез мослашиб кетаётганини кўрсатмоқда. Айни ўринда маҳалла аҳолисига имомимиз Умар Исоқбоев маслаҳатлари, йўл-йўриқлари жуда яхши таъсир кўрсатаётганини таъкидлагим келади. Шу кунга қадар ҳеч бир муаммо унинг эътиборидан четда қолган эмас.

Содиқжон ИНОЯТОВ,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Хоразм вилояти

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан