Мақолалар

“Ҳаммасини тенг кўрдим…”

Чоп этилди Aprel 7, 2019 “Ҳаммасини тенг кўрдим…”da fikr bildirishni o'chirish

Аждодларимиз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилганлар. Мисол учун, бобомиз Амир Темурнинг “Тузуклар”ида бундай жумла келади: “… Менинг қўл остимда қирқ аймоқ бўлди, ҳаммасини тенг кўрдим. Барлосни татардан, татарни наймандан, найманни юздан устун қўймадим. Муваффақиятларим гарови шундадур…”

Ватанимизда турли миллат, элат ва дин ва­килларининг анъана ва қадриятларига эъти­бор-ғамхўрлик изчил давом эттирилмоқда. Республика байналмилал маданияти маркази ташкил топганининг 25 йиллигига бағишланган учрашувда муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев турли миллат вакилларидан 14 нафарини “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирлагани, “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғ­рисида”ги фармоннинг бешинчи йўналиши миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилгани ҳам фикримизга далилдир.

Ҳозир республикамизда турли динлар, конфессияларга мансуб 2257 та ташкилот фаолият юритмоқда. Улардан 2082 таси исломий бўлса, қолганлари турли диний марказлар, ибодат жойларидир. Бундан ташқари, таълим даргоҳларида ўқитиш етти тилда олиб борилади, ўндан ортиқ тилдаги газета-журналлар чоп этилиб, ўн икки тилда телерадио дастурлар ташкил қилингани ҳам бағрикенгликка мос эзгу ишлардир. Зеро, Алишер Навоий бобомиз айтганларидек:

“Кўнгулни олса малоҳат била, тафовут йўқ,

Хитойи ўлсину ё армани ва ё ҳинду”.

У зот ўша пайтлардаёқ халқлараро тотувликни тараннум этганлар. Демак, сизу биз ҳам мана шу йўлдан бориб, имон-эътиқодимизга уйғун ҳолда, атрофимиздаги инсонлар билан меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкам боғлашимиз, мусулмон сифатида фазилатли амалларда намуна бўлишимиз лозим.

Отабек ЙЎЛДОШЕВ,

Пахтакор тумани бош имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан