Мақолалар

У мусулмонга ўхшайди

Чоп этилди Aprel 7, 2019 У мусулмонга ўхшайдиda fikr bildirishni o'chirish

Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «“Бир дарахт бор, барглари тўкилмайди ва у мусулмонга ўхшайди. Айтинглар-чи, у қайси да­рахт?” Одамлар билган да­рахтлари номини айтиб кўришди, топишолмади. Аб­дуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: “Кўнглимга унинг хурмо дарахти экани келди-ю, бироқ айтишга уялдим”. Сўнг саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг ра­сули, у қайси дарахт экани­ни ўзингиз айтиб беринг?” дейишди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “У хурмо”, де­ди­­лар» (Имом Бухорий ривоя­ти). .

Хурмо водийда ўсувчи, барг­лари тўкилмайдиган, узлуксиз мева соладиган, ҳар фаслда яшнайдиган, фойда­си бисёр, илдизи мустаҳкам, шохлари осмонга қараб ўс­гани, бир сўз билан айтганда, манфаати ва яхшили­ги давомий бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни комил мўминга ўхшатдилар. Саҳо­баларнинг зеҳнини текши­риш, таълим бермоқчи бўл­ган нарсаларини уларнинг қалбида мустаҳкам ўрнатиш мақсадида ташбеҳдан фой­­даландилар. .

Саҳобалар орасида у пайтлар ҳали ёш бўлган Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳам ўтирган эди. Унинг кўнг­лига: “Бу хурмо бўлса керак”, деган ўй келди. Лекин шу ерда ўтирган отаси ҳамда Абу Бакр, Абу Ҳурайра, Анас ибн Молик каби улуғлардан ҳаё қилиб, айтишга ботинмади.

Саҳобалар топа олишмагач: “Эй Аллоҳнинг расули, у қайси дарахт эканини ўзин­гиз айтиб беринг”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “У хурмо”, дея унинг яхшилиги ва фазилатини эслатдилар ҳамда ўлкаларида шундай дарахтни кўп ўстириб қўйгани учун Аллоҳ таолога ҳамд айтишга чақирдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларнинг яхши амал ва фазилатларни кўпайтиришлари ва гўзал ахлоқларида давомли бў­лишларини истардилар.

Уламолар: “Нима учун му­сулмон хурмо дарахтига ўхшатилди?” деган саволга бундай жавоб беришган: “У узоқ умр кўрадиган дарахт. Йил бўйи яшнаб, соя солади. Қуриб қолгунича мева беради. Меваси хоҳ ғўра, хоҳ пишган ёки қуриган бўлсин, барча ҳолатида севиб ейилади. Барглари ҳайвонлар учун озуқа. Танаси ёғоч, ўтин бўлади, пўстлоғидан боғич, арқон ясалади, бўйра тўқилади. Данаги эса туялар учун емишдир. Демак, дарахт­нинг барча қисми фойдали. Худди шу каби мўминнинг ҳам ибодати кўплиги, ахлоқи гўзаллиги боис барча ҳолати яхшидир. Қилган ишларидан тириклигида ҳам, вафотидан сўнг ҳам ҳамма манфаат олади. Хурмо дарахтининг илдизи мустаҳкам ва шохлари осмонга қараб ўсганидек, мусулмоннинг асли – дини мустаҳкам, амали – шарафли ва мақбул.

Саҳобалар Пайғамбаримиз алай­ҳиссаломга одоб юзаси­дан, кўп савол беришмас эди. У зот алайҳисссалом кўпинча ўзлари сўраб, жавобни ҳам ўз­лари айтардилар. Савол-жавоб тарзда берилган таълим сама­ралидир. Чунки узоқ ўй ва муло­ҳазадан кейинги жавоб зеҳн­га мустаҳкам ўрнашади.

Ибн Умар дин борасида ўзи учун зарур бўлган илмни сўраб билишдан ҳаё қилмасди. У фа­қат катталар ҳузурида, отаси­дан олдин сўз айтишдан уялди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом берган саволлари жавобини ­билгани ҳақида отасига сўзлаб берганида, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Агар айтганингда, менга қизил туядан кў­ра севимлироқ бўларди”, деган. Чунки ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломнинг саволларига ўғ­ли жавоб беришини орзу қиларди. Шунингдек, ёш бўлса ҳам, илмда баъзилардан устун эканини кўриб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам хурсанд бўлишларини ва ўғлининг ҳақига дуо қилишла­рини истарди.

Ушбу ҳадисдан: устоз шогирдлари зеҳнини текшириш ҳамда уларни фикрлашга ундаш мақсадида бир масалани ўртага ташлаши мус­таҳаблиги; топишмоқни баёни билан айтиш мумкинлиги; фаҳмни кучайтириш, тасаввурни бойитиш учун зарбулмасал келтириш яхшилиги; катталар ҳурматидан уларнинг ҳузурида гапирмаслик дуруст экани; олим киши ҳам ҳамма нарсани билавермаслиги; хурмонинг бошқа дарахтлардан афзаллиги ҳамда илмнинг фазилати каби фойдалар олинади.

Манбалар асосида “Шайх Зайниддин” жоме масжиди

имом-хатиби Яҳё АБДУРАҲМОНОВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан