Мақолалар

Пайғамбарлар қиссаси. НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМГА КЕЛГАН СИНОВ

Чоп этилди Aprel 7, 2019 Пайғамбарлар қиссаси. НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМГА КЕЛГАН СИНОВda fikr bildirishni o'chirish

Улкан бадиий мерослардан бири Бурҳониддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асаридир. Бу қийматли манба нафақат ёшлар тарбияси, туркий халқлар бадиий насрининг илк намуналаридан бири, балки, инсониятнинг руҳий ташналигини қондирувчи маданий-маърифий чашма сифатида ҳам аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам 700 йилдан ошдики, туркий халқлар ўртасида таржимасиз ўқиб келинади.

Тарихга назар солсангиз, улуғлар, айниқса пайғамбарлар катта синовларни бошдан кечирган. Хусусан, Нуҳ алайҳиссалом ҳам: “… Ҳақ субҳоноҳу ва таоло “сабр қилғил!” дер эди. Аммо кофирлар ўзи ўлса ҳам бола-бариқасиға насиҳат қилур эдиким: – Ул жинни бобонг сўзига кирманглар! Қўлларингдан келса изза қилғайсизлар! – дер эди. Бола-бариқаси айтур: – Ман чўнг (катта) бўлғунча бу бобо бор ё йўқ! Ҳоло урсам деб тош бирла урар эди. Бошлари ёрилуб қон оқар эди. Айтур эрдиларким: – Илоҳо, Худовандо, бу на иҳонатдур, эмди тоқатим қолмади…”

Пайғамбар ҳам сабрсизлик қилади ва: Нуҳ айтди: «Эй Раббим! Ер юзида кофирлардан бирорта (тирик) юрувчини қолдирмагин!”. (Нуҳ сураси 26 оят). Мана шу баддуо Нуҳ алайҳиссаломни умрбод пушаймонлик ила йиғламоққа грифтор қилди.

Асардаги ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом қиссасида: “Тўла йиғламоқликлари уч боисдин эрди” – дейилади. Сабаблар эса кишини ҳаяжонга солади: “Бири улким, бир куни Шайтони лаъин қошлариға келиб ниҳоят розилиқу миннатдорлиқлар қилди. Ҳазрат Нуҳ алайҳиссалом айдилар: – Эй малъун, сан мандин мунча миннатдорлиқ қилурсан? Шайтон айдиким: – Эй Нуҳ, бу оламнинг халқини бир дуойинг бирла Дўзахга улантирдинг! Ҳама Дўзахлар тўлди, ман ғуссадин халос бўлдим. Агар сен дуо қилиб бунча халқни йўқ қилмасанг, бу халқдин қанча пайғамбарлар, қанча авлиё, қанча олиму зоҳид, солиҳу фозил, тақводорлар вужудға келур эрди. Мани кунда минг лаънат қилур эрдилар. Ҳамаси ўлди. Ул боисдин бисёр миннатдорлиқ қилурман. Манға сандек хизмат қилған киши йўқдур, – деди…”. Бу гапдан кейин Нуҳ алайҳиссаломнинг қай ҳолга тушганларини бир тасаввур қилиб кўринг-а!

Энди иккинчи сабаб: “…бир куни бир ит қошлариға келиб турди: “Бисёр бадшаклу бадҳайбат ит экан”, – дедилар. Ул ит айдиким: – Эй Нуҳ, нақшни айб қилурмусан ё наққошини, агар наққошни айб қилсанг, наққош Ҳақ субҳонаҳу ва таолодур, – деди…”.

Бунда ҳар биримизни ҳушёрликка ундовчи, масъулиятимизни ошириб, қалбга муҳрлайдиган олтин ўгит мужассам. Зеро, ит тилидан айтилган гаплар ҳар дам ёдимизда бўлса, тилларимиз ғийбатдан, дилларимиз ғафлатдан ҳоли бўлади.

Учинчи сабаб бундан-да таъсирли: “ – Эй Нуҳ, кўза этғил! Ҳазрат Нуҳ алайҳиссалом кўза этиб тайёр қилиб бўлғондин кейин “Ҳамасини синдиргил!”, деб фармон бўлди. Айдиларким: – Эй бори Худоё, кўза этиб кел дединг!? На миқдор машаққатлар била кўза этдим, ушатқил, дединг! Ушоттим! Мани эмгаким(меҳнатим)ни зоъе қилдинг, боис на турур?! Ҳақ субҳонаҳу ва таолодин нидо келдики: – Эй, Нуҳ, беш-олти кун этган жонсиз кўзани эмгалиб этиб эдим, дерсан! Мағрибдин Машриқнинг ораси тўла одам эрди, на миқдор авлиёу анбиёси, муттақий, олим, фозил, солиҳ одамлар бор эди. На миқдор рўза, намоз, зикр, тасбеҳлар қилур эрдилар. Сан ҳамасини йўқ қилғил деб дуо қилдинг. Ман ижобат қилиб, ҳамасини йўқ қилдим. Санга шунча халқимни на учун йўқ бўлсин, дединг, демадим. Бу сўзга хижолат бўлиб кўб йиғладилар…”.

Зеро, Қуръони каримдаги “Ақл юргизмайсизми, тафаккур қилмайсизми?!”, дея бот-бот такрорланадиган хитоб ҳам мана шундай ибратли воқеа-ҳодисалардан хулоса чиқариб, чин мусулмон бўлишга ундайди.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ