Мақолалар

Бирни кўриб фикр қил… ҲАЛОЛНИНГ НОНИ ШИРИН

Чоп этилди Aprel 8, 2019 Бирни кўриб фикр қил… ҲАЛОЛНИНГ НОНИ ШИРИНda fikr bildirishni o'chirish

Исириқ тутатиб юрган гадойга дуч келдик. Дўстлардан бири мийиғида кулди. Ҳайрон бўлганимни сезгач, сабабини гапириб қолди.

­ Тихирлик қилаётган гадойни кўриб, бир воқеа эсимга тушди. Холам университетдан чиқаётганда бир гадой йўлини тўсибди. Қаергадир қўйган майда пулини ҳадеганда топа олмагач, тиланчи:

­ Тезроқ берсангиз-чи, вақтим кетяпти, ­ деган экан.

­ Ёмони, лўлиболалар, ­ деди яна бир ҳамроҳимиз. ­ Бир куни уч болакай бир қизнинг йўлини тўсиб: «пул бермасанг юзингга тупурамиз», деб қўрқитаётганини кўрдим. Буларни ҳеч ким назорат қилмасмикин-а?

Мен эса «маданийлашган» тиланчиларга дуч келганимни эсладим…

* * *

Йўлни кесиб ўтганимда ортимдан кимдир чақирди. Нотаниш киши светофорнинг яшил чироғини кутмасдан чопиб ўтди. Ҳаллослаб етиб келгач, жилмайишга уринди.

­ Биламан, сиз яхши одамсиз, анави ерда машинам бузилиб қолди. Шунга, ҳалиги, устани олиб келишим керак. Беш юз сўм бериб туринг. Фақат боришга…

Димоғимга ароқнинг бадбўйи урилди. Разм солсам, чайқалиб турибди. Афт-ангоридан машинаси бор одамга ўхшамайди. Ҳар қалай қиёфаси ташвишли кўрингани учун сўраганидан кўпроқ пул бердим. «Муродига етган» одам негадир шошмади. Алданганимни сездим…

Ажабланарлиси кейинги кун содир бўлди. Икки ясанган 16-17 ёшлардаги қиз йўлимни тўсди. Майин табассум билан:

­ Майлими, бир нарса сўрасак, ­ дейишди бараварига.

­ Хўш?

­ Автобусга пулимиз тугаб қолувди…

Жаҳлим чиқди. Жим кетдим. Индаб нима ҳам қила олардим.

* * *

Деярли ҳар куни битта йўлдан ишга қатнайман ва метродан чиқиб, хиёбон оралаб борарканман, бир кампирга рўпара келаман. Қалин, эски кийимда, оғирлиги билиниб турган иккита сумкани кўтариб қаергадир қатнайди. Ёрдам берай десам, юзимга қарамасдан рад этади.

Бу сафар кечки пайт ўтиш йўлаги олдида ўша кампирни учратдим. Сумкасида юк бор, кўзлари ўйчан, чарчагани кўриниб турибди. Аввалига ёнидан индамай ўтдиму, бироз юриб ортга қайтдим.

­ Бувижон, келинг ёрдамлашаман.

­ Раҳмат, мен ўзим…

­ Унда мана бу пулни олинг.

­ Йўқ ўғлим, нонга етадиган ақчам бор.

Бундай ҳолатга илк бор дуч келишим эди. Хаёлимдан меҳнат билан топилган насибага қаноат қилиб, кўп вақтини илм олишга сарфлаган Сўфи Оллоёр, Имом Бухорий, Бобораҳим Машрабу Насафий боболарнинг ўгитлари ўтди. Ҳалолнинг нони ширинлигини онахон ҳам тасдиқлаб турарди.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ