Мақолалар

Киши отасини исми билан чақирмайди, ундан аввал ўтирмайди ва унинг олдида юрмайди

Чоп этилди Aprel 6, 2019 Киши отасини исми билан чақирмайди, ундан аввал ўтирмайди ва унинг олдида юрмайдиda fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
44. Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади:
«Абу Ҳурайра икки кишини кўриб қолиб, улардан бирига:
«Бу киминг бўлади?» деди.
«Отам бўлади», деди у.
«Ундай бўлса, уни исмини айтиб чақирма, олдига тушиб юрма ва ундан олдин ўтирма», деди».
Шарҳ: Ота-онанинг ҳурмати ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсаларда ҳам зоҳир бўлар экан. Фарзанд отасига «Ота», деб ёки бошқа бир эҳтиром маъносидаги сўзларни айтиб мурожаат қилиши яхши экан. Лекин бошқаларнинг исмини айтгандек, отасининг исмини айтиб чақириш мусулмончилик одобига тўғри келмайди.
Шунингдек, йўлда юрганда ҳам отадан кейин юриш керак, олдинга ўтиш мумкин эмас. Ўтиришда ҳам аввал ота, кейин эса бола ўтириши лозим.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Катта ёшдаги ва олим кишилар пайтини топиб, ёшларга таълим беришлари, одобли бўлишга чорлаб туришлари кераклиги.
2. Мусулмончилик одоби бўйича, фарзанд ота-онасининг исмини айтиб чақириши тўғри эмаслиги.
3. Мусулмончилик одоби бўйича, фарзанд ота-онасининг олдига тушиб юриши тўғри эмаслиги.
4. Мусулмончилик одоби бўйича, фарзанд ота-онасидан олдин ўтириши тўғри эмаслиги.

«Одоблар хазинаси» китобидан