Дунё янгиликлари

Халқаро ҳалол брендлар кўргазмасида Ўзбекистоннинг қайси маҳсулотларига кўпроқ қизиқиш билдирилди?

Чоп этилди Aprel 8, 2019 Халқаро ҳалол брендлар кўргазмасида Ўзбекистоннинг қайси маҳсулотларига кўпроқ қизиқиш билдирилди?da fikr bildirishni o'chirish

 

Куала-Лумпур шаҳрида 3-6 апрел кунлари «MIHAS-2019» («The Malaysia International Halal Showcase – 2019») 16-Халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. 

Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизматининг маълумот беришича, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси ҳам миллий стенд билан унда иштирок этган. Кўргазмага ташриф буюрувчилар эътиборига мамлакатимиз озиқ-овқат саноати имкониятлари, жумладан «Elite Food Group» ва «For Tea» масъулияти чекланган жамиятлари каби компаниялар маҳсулотлари ҳавола этилди.

Малайзия, Сингапур, Индонезия ва Хитой ишбилармон доиралари ўзбек маҳсулотларига катта қизиқиш билдиришган. Хусусан, дунёнинг етакчи авиакомпаниялари, меҳмонхона ва ресторанлар эътиборини илғор ва инновацион технологиялар асосида қадоқланган бир марталик кетчуп, майонез, асал ва бошқа соуслар жалб этди. Бундан ташқари, кўргазмада иштирок этган жаҳонга машҳур кафе тармоқлари вакиллари турли хил печеньеларга қизиқиш билдирдилар. Уларни Жанубий-Шарқий Осиёда сотиш учун мўлжаллашмоқда.

Ўзбекистон вакиллари «MIHAS-2019»да Малайзия компаниялари билан бир қатор келишувларга эришишган.

Музокаралар якунига кўра Ўзбекистоннинг «Elite Food Group» компанияси ўз маҳсулотларини Малайзия, Сингапур ва Индонезиядаги меҳмонхона, ресторанлар ва “бир зумда” кафеларига тарқатиш учун Малайзиянинг «Air Asia» авиакомпанияси ва «Batavia Indo Global PT» компаниялари билан битим тузган.

Яна бир шартномага кўра «Old Town» кафе тармоқларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган шоколадли печеньелар сотиладиган бўлди.

Шунингдек, келишувга биноан 2019 йил II-III чорагида Ўзбекистонга тахминан 400-500 нафар малайзиялик сайёҳлар келишадиган бўлди.

Маълумот учун, 2004 йилдан бери Малайзия пойтахтида анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган бу тадбир Малайзиянинг халқаро савдо ва саноат вазирлиги ҳамда Ташқи савдони ривожлантириш бўйича корпорацияси (MATRADE) томонидан ташкил этилган бўлиб, у Жанубий-Шарқий Осиёдаги ҳалол маҳсулотларининг энг йирик кўргазмаси ҳисобланади.

«MIHAS-2019»да сайёҳлик, молия, логистика, электрон тижорат, озиқ-овқат, ичимликлар, ҳалол косметика, исломий мода, тўқимачилик ва фармацевтика воситалари намойиш этилди. Кўргазмага дунёнинг 80 мамлакатидан 23 мингдан зиёд меҳмонлар ташриф буюрган.

ЎзА