Мақолалар

Ошуфта кўнгил (Давоми, бошланиши ўтган сонларда)

Чоп этилди Aprel 9, 2019 Ошуфта кўнгил (Давоми, бошланиши ўтган сонларда)da fikr bildirishni o'chirish

Иброҳим Адҳам барча ашёларини кичик бўхчага тугиб, йўлга отланди.

Бир қўлида нарсалари, бир қўлида сотиш учун йиғиб келган ўтинларини  кўтарганича, қишлоқни тарк этди.

Унинг оғир-оғир одим ташлаб кетишини қишлоқ аҳли жимгина кузатиб қолди. Иброҳим Адҳамнинг бу ердан кетишига сабабчи бўлган кишининг қалбини маҳзунлик эгаллади:

– Бечорани бу тарзда ҳайдаб, яхши қилмадик-а?! – деди паст овозда ёнидаги қишлоқдошига.

– Нима гап, пушаймонмисан?!

– Балки, у ҳақидаги фикрларимиз хатодир? Айтган гапларининг бирортасини ёлғон дея олмаймиз, ахир!

– Тўғри, ҳалол ишлаб пул топаётганди. Бунинг устига ҳеч кимга зарари тегмаганди. Унга туҳмат қилиб, гуноҳга ботдик.

– Шунақага ўхшайди!

Иброҳим Адҳам қишлоқни тарк этар-этмас, осмонни қора булут қоплади. Кўкдан интиқиб кутилаётган ёмғир ёға бошлади. Қишлоқ аҳли Яратганга ҳамд айтиб, ёмғир учун шукрона келтиришаркан, уларнинг қалбларини қўрқув эгаллаб олди.

– Аллоҳ, биз гуноҳкор бандаларингни афв эт! Бизлар нима қилиб қўйдик?! – деди кўзида ёш билан ўрта ёшлардаги савдогар. Қишлоқдошларига юзланиб, сўзида давом этди:

– У одам кетаётиб айтган сўнгги гапи ёдингиздами? Ёмғир ҳам ёғади, ер сувга тўяди ҳам, демаганмиди?! Башорати икки соат ўтмай амалга ошди. Авлиёмиди, билмадим?!

– Авлиё эди, авлиё! – гапга аралашди бояги савдогар. – Аллоҳнинг дўстлари ўз фазилатларини ошкор қилмайдилар!

– Аллоҳнинг дўстларини ранжитган одам эса икки дунёда ҳам саодат топмайди. Юринглар, у зотнинг ортидан борайлик, оёқларига йиқилиб кечирим сўрайлик!…

***

Шунга ўхшаш ибратларга тўла воқеалар, Иброҳим Адҳам ҳақидаги хабарлар Балхда ҳукмронлик қилаётган шаҳзода қулоғига тез-тез келиб турар, у эса болалик чоғида илоҳий ишқ сабаб оиласини, салтанатини тарк этиб кетган отасини кўриш иштиёқи билан ёнарди.

Бир куни вазир Аҳмад шаҳзоданинг ҳузурига кириб, уни ўйчан ҳолда кўрди.

– Ҳузурингизга чорлабсиз, шаҳзодам! – деди вазир кирганини билдириш учун.

– Хайрлашиш учун чақиргандим!

– Тушунмадим, бирор ёққа кетаяпсизми?

– Ҳа…

– Қаерга…

– Отамни қидиришга! Мен ортиқ бу айрилиққа бардош бера олмайман. Отам бизни тарк этганда беш ёшда эдим. Шунча йил уни соғиниб яшадим. Ора-сира у киши ҳақида хабарларни эшитиб, эришган мақомлари билан фахрландим. Шундай чоғларда қалбимга ёпирилиб келган соғинчни “бостирдим”. Аммо ортиқ бу тарзда яшай олмайман. Отамни топиб, дуоларини олиш истагидаман. Агар кўнса, отамни саройга олиб келишни, унинг илму маърифатидан, фазилатидан Балх аҳлини баҳраманд этишни истайман. Бу менинг фарзандлик бурчим! Шундай эмасми?!

Шаҳзода бу гапларни айтаркан, вазир Аҳмад шаҳзодани ўғил ўрнида кўриб, фарзандидек тарбия қилгани, от миниш, камон отишга ўргатганини эслади… Аммо қалбидаги ўй-фикрларини асло сездирмади. Шаҳзода жимлигининг сабабини сўраганида, тили бошқа нарсаларни сўйлади:

– Отангиз тушди ёдимга! У зот билан ҳам худди шу тарзда хайрлашган эдик. Нима ҳам дея олардим, оқ йўл, шаҳзодам!

Шаҳзода узоқ йиллар ўзига отадек меҳр кўрсатган кекса вазирнинг дуосини олиб йўлга тушди. Ундан ташқари яна бир қанча одам Иброҳим Адҳамни излаш билан овора эди. Улар ўша “Қурғоқчилик сабабчиси сенсан!” дея уни қишлоқларидан қувган инсонлар эди…

Иброҳим Адҳамни бир қишлоқдаги кичик масжидда ибодат қилаётганда топдилар. Дуони якунлаб, юзига фотиҳа тортганини кўргач, саломлашдилар:

– Ассалому алайкум!

– Ва алайкум ассалом!

– Сиздан кечирим сўраш учун келдик. Шайтоннинг васвасаларига алданиб, сизга туҳмат қилдик.

– Ёмғир ёққач, хатоингизни англаб етдингиз, шундайми?

– Жоҳиллик қилдик, бизни кечиринг!

– Ҳеч кимдан хафа эмасман. Бунинг устига пушаймонлик тавба қилиш билан баробар! Бундай холисано тавба камдан-кам одамларга насиб қилади.

Боядан бери суҳбатга аралашмай ўтирган иккинчи одам қалбидан тошиб келган туйғуларини жиловлай олмай, Иброҳим Адҳамнинг истиқболига югурди:

– Муҳтарам зот, рухсат этинг, қулингиз бўлай?! Ўлгунимча сизга хизмат қилай?

– Асло, Аллоҳ сақласин! Улуғлик, буюклик, ҳокимлик фақат Аллоҳ азза ва жаллага хос! Ғариб бир инсон бўлсам, менга хизматчи нега керак?! Асли хизматкор менман. Мен Аллоҳга хизмат қилиш учун яратилганман!

Уйингизга қайтинг! Аллоҳнинг раҳмат ёмғирига қонган тупроқлар сизни кутмоқда! Мени ҳам кутаётганлар бор…

(Давоми бор)

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 6-сонидан