Мақолалар

Агар…

Чоп этилди Aprel 9, 2019 Агар…da fikr bildirishni o'chirish

“Агар…” – шайтоннинг сўзи. “Агар ундай бўлма­ганида, бундай бўларди”, “Унақа қилмаганимда, бунақа қилардим” қабилидаги гаплар, ҳадисда таъкидланганидек, шайтон амалига йўл очади – васвасага солади, тақдирдан норози бўлишга ундайди. Аслида фақат Аллоҳ хоҳлагани бўлади!

Шу ҳақиқатга тўлиқ таслим бўлсак-да, бандаликка бориб, баъзан билиб-билмай “агар…”ларга берилиб қоласан киши: “Агар ҳозир англаётганларимни аввалроқ тушуниб етганимда, ўтган йилларим бошқачароқ, яхшироқ кечармиди”, “Агар кимдир йўлга солганида, ҳаётим бундан-да чиройлироқ, ёруғроқ бўлармиди…”

Йўқ, йўлга бошлагувчи ҳам, энг яхшисини қал­бимизга илҳом қилиб солгувчи ҳам Аллоҳ таоло! Шукрки, олдинда бошқачароқ, яхшироқ, чиройлироқ яшаш имкони бор. Шундай экан, шайтоний “агар”ларга не ҳожат!

“Яшаш учун кураш” тушунчаси ҳаммага яхши таниш. Лекин баъзилар назарда тутаётган “яшаш учун кураш”да ҳаддан ортиқ зўриқиш, ўзингни ва бошқаларни қийнаш, зулм, тажовузкорлик, ёлғон, ҳалол ва ҳаромни фарқламаслик, ўзгалар ҳақига хиёнат… борга ўхшайди. Бунақа яшаш одамни шафқатсиз қилиб қўяди, боз устига, жуда тез чарчатади. Шу боис яшаш учун эмас, балки яхшилик учун курашиб яшашга ҳаракат қиляпман.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан