Мақолалар

Аёл номус, эркак номус қўрғони

Чоп этилди Aprel 9, 2019 Аёл номус, эркак номус қўрғониda fikr bildirishni o'chirish

Минглаб йиллар мобайнида ўзбек аёлининг шахсий ҳаёти деярли йўқ эди. У бир умр эркаклар ори бўлиб яшарди. Шу боис ўзини эркакдан жуда кўп нарса кутиш ва талаб этишга ҳақдор биларди. Бизнинг аёллар ўз ҳаёти билан ҳеч қачон яшамаган. Қиз бола туғилган уйида отаси, ака-укаларига носоқ келтирмаслик, ўзи оила қургач, эри-ю фарзандларини уятга қўймаслик учунгина яшайверади. Шу яшайверишининг ўзи билан бир умр қаҳрамонлик кўрсатади. Чунки у ўзидан кечиб, ҳаётини ўзгаларга бахшида эта билган қудрат эгаси, номуснинг рамзи эди. Шунинг учун эркаклардан чин эркаклик талаб қилишга ҳаммадан ҳам қиз бола ҳақлироқ бўларди. Ўзбек қизининг ору номусни баланд қўйиб ҳаёт кечиргани «Алпомиш» достонида Қалдирғочнинг акасига айтган сўзларида ёрқин намоён бўлади:

Мард бўлиб майдонли кунда юрмаган,

Йилқичидан бедов сайлаб минмаган,

Олмос пўлат белга қайраб чолмаган,

Тойталашда қолган ёрин олмаган,

Нармодалар сендан ортиқ бўлами?

Бу сўзимни нега оғир оласан,

Ёринг кетса, қандай элда юрасан?

Тирик юрмай, ака, сен ҳам ўласан…

Қалдирғочнинг Алпомишга айтган оғир сўзларидаги бир оз шаддодлик, бир қадар ўктамликни одобсизлик деб эмас, балки бир умр ору номус домида бўлган андишали ўзбек аёлининг кўнгил ҳолати сифатида баҳолаш жоиз. Сингил қалбини ўртаган, туйғуларини жунбушга келтирган номус алангаси оға вужудидаги лоқайдлик, хотиржамлик, эринчоқликни куйдириб юборади. Алпомишни эркакча ҳаракатлар, қаҳрамонликлар сари ундайди.

Бугунги ўзбек аёли зиммасида ҳам ана шу маънавий миссия бутун залвори билан турибди. Ўзини уятли ҳолатга солмаслик, айни вақтда, ота, оға-ини, умр йўлдоши ва фарзандларини номусга қўймаслик учун замонавий ўзбек аёли ҳам орини юксак тутиши билан миллати шаънини кўтариши мумкин. Албатта, номус чақириғу даъватлар билан қўлга киритилиб, ушлаб туриладиган хислат эмас. У замон кишисидан адоқсиз фидойиликни талаб этади. Номуссиз бўлишдан осон нарса йўқ. Бунинг учун ҳеч нарса қилмасликнинг ўзи кифоядир. Номусли бўлиш эса ҳамиша, ҳар дақиқада нафс билан кураш олиб бориш демакдир. Номуснинг асосий душмани нафсдир. Қимматбаҳо кийимлар, яхши емишлар, маиший қулайликлар, ўткинчи кайфу сафолар илинжида нафснинг етовига тушиш орни қўлдан бериш сари ташланган қадамлардир. Ҳиссиётли, ҳар нарсага тез берилувчан аёл зоти ана шундай алдамчи ҳолатларга асир бўлмасагина, ўз шаънини тоза сақлайди. Бинобарин, миллати юксаклигига сабаб бўлади.

Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ,

филология фанлари доктори, профессор