Мақолалар

Тунги клуб – ҳадсиз эркинликлар ваъда қиладиган жойми?

Чоп этилди Aprel 10, 2019 Тунги клуб – ҳадсиз эркинликлар ваъда қиладиган жойми?da fikr bildirishni o'chirish

Мусулмон одамнинг бўш вақти бўлиши мумкинми? Увайс Қараний ҳазратлари “Бир марта субҳанал роббиал ъала дегунимча тонг отиб қўйяпти, иккинчи ва учинчисини айтишга улгурмаяпман”, деб вақтга харислик қилган эканлар. Ҳасан Басрий ҳазратлари эса “Вақт – сенинг умрингдир”, деб огоҳлантирганлар. Умуман олганда, нафақат мусулмонларнинг, балки бошқа инсонларнинг ҳам бўш вақти йўқ ўзи. Бўш вақтни миясида бўшлиги бор одамлар ҳосил қилади. Улар ниҳоятда фойдали ишлар билан шуғулланиши керак бўлган вақтни бўш вақт ҳисоблаб тунги клубларга бориб кўнгилхушлик қилади, ўйнайверади, ўйнайверади, “ўйнайди-я… ”

Оммавий ахборот воситаларида “2018 йилнинг 9 августга ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган Aurum 898 тунги клубида пичоқбозлик рўй берди. Ҳодиса оқибатида эркин курашчи, халқаро тоифадаги спорт устаси Жамшид Кенжаев вафот этди”, деган мудҳиш хабар тарқалгунига қадар Ўзбекистонда тунги клублар мавжудлигини билмас эканман. Тўғриси, истиқлолнинг дастлабки йилларида тунги клублар очилибди, улар бизга тўғри келмас экан ёпилибди, деган гапларни эшитган эдик. Ўша эшитганларимизга ишониб юраверибмиз.

Бинобарин, хорижий фильмларда кўрганларимиз, ОАВда ўқиганларимиз, тунги клублардаги отишмалар (Питсбургдаги Larimer тунги клубида юз берган отишма чоғидаги икки кишига ўқ тегиб бири ўлгани ва иккинчиси оғир жароҳат олгани ва ҳоказолар), гиёҳвандликлар, беҳаёликлар, ичкиликбозликлар бизнинг миллатимиз маънавиятига мутлақо тўғри келмайди, деб ўйлаганмиз-да.

Буни қарангки, Тошкент шаҳрининг ўзида 40дан ортиқ тунги клублар фаолият юритар экан. Aurum 898 да юз берган қотилликдан сўнг ОАВда тунги клублар ҳақида “Танганинг иккинчи томони: қўриқчилар фаолияти қачон тартибга солинади?” “Қўриқчими ёки қотил: Машъум ҳодиса такрорланмаслиги учун нималар қилиш керак?” “Тадбиркорлар кеч соатларда алкоголь маҳсулотини сотмаслик ҳақида огоҳлантирилмоқда” “Тунги клубларда катта миқдорда солиқлардан қочиш кузатилаётгани маълум бўлди” “Тунги клублар ёпилмоқдами?” каби сўроқ мазмунидаги сарлавҳали мақолалар пайдо бўлди.

Яқинда интернетда ИИББ хабарига таянган ҳолда “Тошкентда тунги клубда кўнгилхушлик қилиб, сўнг пойга уюштирган шахслар пенсионер аёлнинг ўлимига сабабчи бўлди” сарлавҳали хабар тарқалди.

Унда ёзилишича, “ЙТҲ 29 март куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида тахминан соат 6:20ларда содир бўлган.

ИИББ хабарига кўра, 20-25 ёшлар атрофидаги бир неча шахслар Чилонзор туманида жойлашган тунги клубларнинг бирида эрталабгача кўнгилхушлик қилишади ва тўсатдан ўзаро низо келиб чиқади.

Шундан сўнг тарафларнинг биттаси машинасига ўтириб воқеа жойидан кетади. Лекин унинг орқасидан тортишувни якунига етказиб қўйиш учун катта тезликда кетаётган ёшларнинг қилган нотўғри ҳаракатлари сабабли Самарқанд Дарвоза ва Алишер Навоий кўчаларининг кесишмаларида жиддий йўл-транспорт ҳодисаси, яъни, енгил автомашинаси билан йўловчи ташиш маршруткасини тўқнашиши натижасида бекатда турган йўловчининг устига маршрутка ағдарилади.

Бу ҳодиса туфайли 62 ёшли аёл ҳаётдан кўз юмган, шунингдек, бир неча инсон оғир тан жароҳати олган”.

Нега шундай бўляпти? Нега тунги клубдан чиққанлар пичоқлашяпти, машинада қувлашяпти? Йўлидан чиқиб қолганларни машинасида уриб ўтиб кетяпти, Тунги клуб дегани қанақа жой ўзи?..

Тунги клуб

Википедии — эркин энциклопедиясидан

Тунги клуб (ингл. night club) – соат 21.00 дан кейин иш бошлайдиган, асосан ёшларнинг бўш вақтни ўтказишга (эътибор қилинг, “мазмунли” дейилмаяптиД.Ж.)  мўлжалланган жамоат муассаси.

Клубда одатда бар, рақс майдончаси, чил аут – нисбатан мулойимроқ мусиқа тинглаб ўтириб ҳордиқ чиқарадиган жой бўлади…

Тарихи

1970 ва 1980 йилларда тунги клубларда  рақс гуллаб яшнайди. (Бизникилар ўр-тўполон қилиб кўрган “Танцор диско” – “Диско раққоси” ҳам тунги клубларда рақсга тушган Д.Ж.). СССР, АҚШ, Британия, Германия, Франция ва бошқа кўплаб давлатлар маданиятини ривожлантиришга киришди. Шу дақиқадан бошлаб жиноятчилар ва енгилтак кимсалар уя қуриб олган тунги клублар улардан тозаланди ва ўрта қатламнинг бўш вақтини ўтказишига муносиб жой бўлиб қолди гўё. 70-йилларга келиб янги давр бошланди. Рақс майдончаси шифт остидаги баланд, кумушранг айланувчи шар қиёфасини олди ва унда таниқли Глория Геэнор, Бони М ва бошқалар қўшиқ куйлаб, рақсга тушдилар. (Ҳозирда шу саҳналарда аёллар ва эркаклар стриптизаси намойиш этилади, нақадар шармандалик)

Замонавий тунги клуб

Замонавий тунги клуб бу – клубнинг хусусий мафкурасидан (у қандай мафкура бўлиши мумкин, ажабо!) ташқари ҳар қандай мафкурадан холи бўлган ижтимоий майдон. Ҳозир тунги клублар шу даражада тараққий этдики, тунги клуб ҳаёти кўнгилхушликнинг асосий маскани бўлиб қолди. Клуб майдони гўёки ёшларга чексиз эркинликлар тақдим этади. Бу ерда кўнгли нимани тўсаса, ўшани қилади, кундузги муаммоларини унутадиган муҳит (?) яратади. Ҳозирги тунги клублар тунни кундузга айлантириб қўяди ва кўнгилхушлик чегара билмасдан давом этадигандек туйилади.

Ҳар доим тунги клублар ўртасида кучли рақобат давом этади ва ҳар доим ёшларни энг ҳаяжонли кўнгилочар концепциялар ўйлаб топганлар ғолиб бўлади (Сиз нима деб ўйлайсиз, ёшларни энг кўп ҳаяжонга солувчи концепциялар нималар бўлиши мумкин? Рок-н-ролл “қироли” Иэн Дьюри 70-йиллардаёқ айтганидек, ҳаётнинг маъноси “секс, нарко́тик ва рок-н-ролл” эмасмикан ишқилиб).

Мутахассис нима дейди? Хорижлик, албатта

Социология фанлари номзоди Екатерина Адаховская:

“ХХ асрнинг тўқсонинчи йилларида Россияда пайдо бўлган тунги клубларга жамоатчилик ҳозиргача салбий муносабатда. Тунги клублар бир жиҳатдан шахснинг ўзини намоён этишига қулайлик туғдираётгандек бўлса-да, иккинчи томондан ароқхўрлик, гиёҳвандлик, тасодифий жинсий алоқалар каби дам олишнинг аянчли шаклларини кўрсатади. Менимча, тунги клублар ёшларни фаҳшга бошлайдиган, гиёвандликка ўргатадиган, ичкиликка ружу қўйдирадиган даҳшатли масканлардир”.

Екатерина Адаховская айтган гап тўғри эмас ёки унинг гапларининг бизга нима алоқаси бор дейдиганлар бўлса, марҳамат қилиб «Yoshlar» телерадиоканалида намойиш этилган ва 19.08.2018 да kun.uz сайтида ҳам берилган сайёр тасвирни томоша қилсинлар.

Ҳосили калом, туни билан мижжа қоқмасдан кўнгилхушлик қилиб чиққан киши тунги клубдан ичмасдан, чекмасдан чиққан тақдирда ҳам уни ақлан соғлом дейиш қийин бўлса керак. Негаки, уйқусизлик, баланд мусиқа, шовқин-сурон, рақс ва шунга ўхшаш нарсалар ҳар қандай кишини беҳад толиқтиради. У айнан ўша пайтда маст кишидан унчалик кўп фарқ қилмаса керак. Лекин кимнингдир кўнгихушлигининг жабрини нега бошқалар тортиши керак? Эрта тонгда ишга бориб болаларимга ҳалол ризқ топиб келаман дея йўлга чиққан маршрутка ҳайдовчисида, воқеа жойида вафот этган онахонда, автоҳалокатдан жароҳат олганларда нима айб?

“Тунги клуб” дегани нима дегани ўзи? Бурунлари боболаримиз тунлари бир жойга тўпланиб, Қуръони каримдан, ҳадиси шарифдан сабоқ олишар, толиққанларида эса мияга дам бериш ҳамда маънавий қувват олишни истаб навоийхонлик, машрабхонлик, фузулийхонлик, қодирийхонлик қилишар эдилар. Ҳақиқий тунги клублар ана ўшалар эмасмиди!

Бизнингча, ёшларни бугунги шаклдаги тунги клублардан ҳимоя қилиш ҳар бир ота-онанинг Аллоҳ таоло қошидаги, давлатимиз ва миллатимиз келажаги олдидаги бурчидир. Бугун шу ишни қилмаганлар эртага жуда қаттиқ надоматда қоладилар.

Дамин ЖУМАҚУЛ