Мақолалар

Узукка битилган ҳукм: куч – адолатда

Чоп этилди Aprel 9, 2019 Узукка битилган ҳукм: куч – адолатдаda fikr bildirishni o'chirish

Бугун Соҳибқирон бобомиз  Амир Темур таваллуд топган кун.

Шарқда қадим-қадимдан халқ одил подшони эъзозлаб келган. Соҳибқирон Амир Темур ана шундай подшо бўлишга интилди ва буни уддалади. «Куч – адолатда» ибораси унинг узугига ўйиб ёзилган ва давлат муҳрида ҳам акс этган эди. «Мамлакат аҳли зулм­га чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди»,  деб ёзганди Амир Темур ўз «Тузук­лар»ида. Бу – салтанат шиори. Соҳибқирон бунга қатъиян амал қиларди. Адолатнинг кучи шунчалар юксак эдики, агар мамлакатда бирор одам бир товоқ олтин ё кумушни бошига қўйиб, мағрибдан машриққача борса, ҳеч ким унга қўл чўзмас, олтин ё кумушдан биттаси ҳам камаймасди.

У ҳар қадамда, хоҳ ўзининг фарзандлари бўлсин, хоҳ бошқа фуқаро – барчага бирдай адолат кўзи билан қарарди. Сафарлардан қайтиб келганда, шахсан ўзи бозорни текширар, агар қассобу баққол, новвойлар ва ҳоказолар фойда топаман деб нарх-навони ошириб юборган бўлсалар, адолат русуми бузилганини кўрса, эл олдида ўша гуноҳкорнинг жазосини берарди. Ёлғонни ёмон кўрарди. Адолат тамойилларини бузгани учун ўғли Мироншоҳ, набиралари Пирмуҳаммад, Султон Ҳусайн Мирзолар жазоланганлари тарих китобларидан маълум.

Муаррих Низомиддин Шомий «Зафарнома»да Амир Темурнинг 1366 йилда, ҳали давлат тахтига чиқмасдан тўрт йил аввал айтган шундай сўзларини келтиради: «Қайси бир подшоҳ ўз ишини ғаддорлик ва бевафолик асосига қурса, кишиларга озор бериш ва ҳалок қилишга ошиқса, унинг давлати чайқалиб, қарорсизликка юз тутади… Биз ўз салтанатимизни одамларга эътибор бериш ва уларни ҳимоя қилиш асосига қураётганлигимиз сабабли уларни юпантириб, хотиржам қиламиз…».

Халққа эътибор бериш ва ҳимоя қилиш – Соҳибқирон адолатининг бош ўзагини ташкил қилар эди.

Ҳамма жойда амалда бўлган «Куч – адолатда» шиори бутун Турон давлати ҳудудида ахлоқий ва маънавий мезонга айланганди.