Мақолалар

Орзу-ҳавас – исрофга йўл эмас

Чоп этилди Aprel 10, 2019 Орзу-ҳавас – исрофга йўл эмасda fikr bildirishni o'chirish

Шариатда ҳар бир нарсани меъёрида қилиш тавсия этилади. Меъёрдан ошириб юбориш исроф, деб қаралади. Бу борада Қуръони каримда: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз” (Исро сураси, 29-оят), дея таълим берилади.

Яъни, молини хасислик ва исрофга йўл қўймасдан хайр-эҳсон қилган бандасига Аллоҳ таоло кутмаган жойидан неъматлар ато этади.

Аксинча, динимиз кўрсатмасидан четга чиқиш гуноҳлар учун эшик очади. Риёкорлик, кибр, манманлик, исроф, дабдаба каби иллатлар эҳсоннинг савобини кетказиб, гуноҳга сабаб бўлади. Жумладан, бугунги кунда урфга айланган баъзи бидъат маросимларда ана шундай ҳолатлар юз бермоқда.

Тўй ўтсаям, маросим тугамас. Юртимизнинг турли жойларида никоҳ тўйидан сўнг бўладиган “Келин салом”, “Чорлар” ва “Қуда чақириқ”, “Ҳафталик ва ойлик йўқловлар”, “Чимилдиқ ечар” каби маросимлар ҳар қандай оила учун ортиқча ташвиш.

Қиз ўстириб, тенги чиққач, киймаган либосларини сеп қилиб, тутмаган ашёларни жиҳоз қилиб турмушга узатган оиланинг тўйдан кейинги сарф-харажат, сарсонлиги қайси меъёрга тўғри келади?

Фарзандга аталган “удумлар”. “Қовурдоқ”, “Бешикка солиш”, “Чилла гузарон”, “Бешик тўйи” каби тадбирлар шулар сирасига киради. Ҳолбуки, булар овоза қилмай, икки оила аъзолари иштирокида ўтказиладиган, ёшларга фойдали тавсия ва дуолар қилинадиган тадбир ҳисобланади.

Аслида, янги туғилган чақалоқ учун имконияти бор кишиларнинг ихчам “ақиқа” маросимини ўтказиши ёки она-бола соғ-саломатлигига бир жонлиқ сўйиб, гўштини қўни-қўшни, қариндошларга тарқатса, жоиз.

Динимиз ман қилган маросимлар. Халқимиз орасида тарқалган “Мушкул кушод”, “Биби сешанба”, “Анбар она”, “лочира” ва “чўзма тарқатиш” каби хурофот маросимлар динимизда қораланган. Бу сингари маросимларни ўтказиш катта гуноҳ бўлиш билан бирга вақт ва мол исрофи ҳамдир.

“Пайғамбар оши”. Олтмиш уч ёшга кирган кишилар шариат буюрмаган дабдабали “пайғамбар оши” маросимини ўтказиши эмас, балки ибодатларни кўпайтириб, тақводор бўлишга интилиши матлубдир.

“Ҳаж оши”. Ҳожи бўлган инсон янада камтар, тавозели ва гўзал хулқли бўлиши лозим. Улуғ ибодатдан сўнг “Ҳаж оши” бергандан кўра, шукрона тарзда хайрли ишларни кўпайтириш, савобли амалларни бажаришда барчага намуна бўлишга ҳаракат қилиш керак.

Худойи нима? Кўпчилик худойи деганда дастурхон ёзиб овқат тортишни тушунади. Юртимизнинг айрим жойларида “пайшанба”, “якшанба”, “етти”, “қирқ”, “юз”, “йил” каби маросимларни ўтказиш ҳамон бор. Бунинг ўрнига ҳақиқий эҳсон ва садақа йўлини тутиш вақти келмадими? Ваҳоланки, маййит учун қилинадиган савобли ишлар жуда кўп.

Ҳасан (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Саъд ибн Убода (розияллоҳу анҳу): «Эй Аллоҳнинг расули, мен онамга яхшилик қилар эдим. У вафот этди. Унинг номидан садақа қилсам бўладими?”, деди. “Ҳа”, дедилар. “Мени садақага амр қилинг”, деди. “Сув улаш”, дедилар”. Саъд ибн Убода Мадинада иккита қудуқ қаздирдилар ва савобини онасига бахшида қилдилар».

Демак, марҳумлар руҳини шод қилиш учун ночор ва беморларга кўмак бериш, ёки кўча ва қабристонларни обод этиш каби савобли ишлар ҳам худойи саналар экан.

Юқорида таъкидлаб ўтилган бидъат маросимларни ўтказаман деб баъзи одамлар қарзга ботаётган, дабдабабозлик, молпарастликнинг салбий оқибатлари қариндош-уруғлар орасига совуқчилик тушираётган ҳолатларни гувоҳи бўлаяпмиз.

Ён-атрофимизда содир бўлаётган бундай ҳодисалардан ибрат олиб, ҳар бир ишимизни оқилона, диний ва миллий қадриятларимиз асосида қилсак, икки дунё саодатига эришамиз, иншоаллоҳ.

Хайрулла ТУРМАТОВ

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 6-сонидан