Мақолалар

Сафвон ибн Умайя

Чоп этилди Aprel 10, 2019 Сафвон ибн Умайяda fikr bildirishni o'chirish

Сафвон ибн Умайя Жумаҳий Қурай­ший Киноний. Маккада туғилган. Отаси Умайя ибн Халаф мусулмонларга ашадий душманлик қилган Қурайш бошлиқларидан бири эди.

Бир куни Сафвон ибн Умайя амакиваччаси Умайр ибн Ваҳб билан (мусулмон бўлишларидан илгари) Бадр кунидаги қурбонларни эслашди. Сафвон қалбида мусулмонларга кек ва адоват сақларди. Чунки жангда отаси ва акасидан айрилган эди. Келинг, икки дўстнинг суҳбатини Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан эшитамиз:

«Умайр: “Аза тутишни бас қилгин энди”, деб дўстига таскин беришга уринди. Сафвон: “Аллоҳга қасам, улардан сўнг яшашнинг ҳам қизиғи қолмади”, деди янада кўпроқ куйиниб. Умайр: “Агар қарзим бўлмаганда, оиламнинг қийналиб қолишидан қўрқмаганимда, Муҳаммаднинг олдига бориб, уни ўлдирардим. Мадинада ҳеч ким мендан шубҳаланмайди. Чунки қўлларида ўғлим асир турибди”, деди. Шунда Сафвон: “Айтганларинг чинми? Агар шундай қилсанг, қарзингни мен тўлайман, оилангга ҳам ғамхўрлик қиламан. Қўлимдан келган яхшиликни аямайман. Ҳеч нарсага зориқмай яшашади”, деб таклиф билдирди. Умайр: “Ундай бўлса гап орамизда қолсин”, деди келишувга якун ясаб. “Шундай-куя, лекин у ердан қандай соғ чиқмоқчисан?” сўради Сафвон ажабланиб. Умайр: “Душманни енгишдан кўра, ўзининг қутулиши ҳақида қайғурадиган одам шижоат талаб этадиган ишларга яқинлашмагани маъқул. Хавотир олма, Муҳаммад билан ёлғиз қолишнинг чорасини топиб, заҳарли қиличимни унга санчаман. Қасосимни оламан”, деб Мадинага равона бўлди.

* * *

Сафвон ибн Умайя Макка кўчаларида фахрланиб юрар, кафтларини ишқалаб, ғурур билан: “Бир неча кундан сўнг Бадр кунини унуттирадиган хабардан хурсанд бўласиз”, дерди.

Сафвон ҳар тонг карвондаги йўловчиларга учрар ва: “Мадинада бирор иш содир бўлдими?” деб сўрарди. Одамлар у истамаган жавобни беришарди. Чунки Мадинада арзирли воқеа юз берганини ҳеч ким кўрган ё эшитган эмасди.

Сафвон кутишда давом этди. Ниҳоят, бир куни мусофир унинг саволига: “Ҳа, улкан иш содир бўлди”, деб жавоб берди. Сафвоннинг юзи ёришди, дунёдаги энг қувончли хабарга юзма-юз турарди гўё. Шошиб сўради: “Қандай иш содир бўлди?! Айтсанг-чи!” Мусофир жавоб берди: “Умайр ибн Ваҳб мусулмон бўлди, ҳозир динни ўрганяпти, Қуръондан таълим оляпти”. Бу гапдан Сафвон чақмоқ ургандек силкиниб тушди. Хабар унинг бор умидини парчалаб ташлади.

* * *

Макка фатҳи куни ўз жонини сақлаш мақсадида Сафвон ибн Умайя қули Ясор билан денгиз томон қочди. Умайр ибн Ваҳб розияллоҳу анҳу собиқ дўстини унутмади. Бор имконини ишга солиб, уни шайтоннинг йўлидан қайтаришга қарор қилди. Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули, Сафвон ибн Умайя – қавмининг улуғи. Ўзини денгизга отиш учун сиздан қочиб кетди. Унга омонлик беринг”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “У омонда”, дедилар. Умайр: “Эй Аллоҳнинг расули, омонлик берганингизни билдириб турадиган бирор белги беринг”, деди. У зот алайҳиссалом Макка фатҳи куни кийиб келган саллаларини бердилар.

Умайр Сафвоннинг ортидан етиб олди. У соҳилда турарди. Умайр: “Эй Сафвон, ота-онам сенга фидо бўлсин… Эй Худойим! Нима бало, ўзингни ҳалок қилмоқчимисан?! Бу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг омонлик берганлари белгиси. Уни сенга олиб келдим”, дея қўлидаги саллага ишора қилди. Сафвон: “Ёнимдан кет, асло гапирма!” деди бақириб. Умайр: “Эй Сафвон! Аллоҳнинг расули инсонларнинг энг афзали, энг ҳалими ва энг яхшисидир. Унинг иззати – иззатинг, шарафи шарафингдир”, деб тушунтиришда давом этди. Ниҳоят, Сафвон дўстининг сўзларини қабул қилди. Сўнг иккови Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ёнларига қайтишди. Сафвон Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: “Умайр мен­га омонлик берганингизни айтди”, деди. Расу­луллоҳ алайҳиссалом: “У рост айтибди”, дедилар. Сафвон: “Менга икки ой муҳлат беринг”, деганида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сенга тўрт ой муҳлат”, дедилар.

* * *

Ҳунайн юришига тайёргарлик кўраётган Пайғамбаримиз алайҳиссаломга Сафвон ибн Умайяда совут ва қуроллар борлигини айтишди. Ўшанда Сафвон ҳали Исломни қабул қилмаган эди. Унга: “Эй Абу Умайя, қурол-аслаҳаларингни бериб тур? Эртанги жангдан сўнг уларни қайтарамиз”, дейишди. Сафвон: “Эй Муҳаммад, шундай қилишга ихтиёрлиманми ёки мажбур?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Ихтиёрлисан. Бериб турсанг, ҳаммасини қайтариб берамиз. Йўқолганларининг ўрнини тўлдирамиз”, деб айтганларидан сўнг Сафвон юзга яқин қилич ва совут берди.

Сафвон ибн Умайя Ҳунайн ва Тоифга юришда мушрик ҳолда қатнашди. Баъзи қурол-аслаҳа­ларига талофат етганди. Пайғамбаримиз алай­ҳиссалом: “Истасанг, жарима тўлайман”, дедилар. Сафвон: “Кўнглим бундан кўра Ис­ломга мойилроқдир”, деб жавоб берди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳу­найндан тушган ўлжаларини тақсим­лаёт­ганларида Сафвоннинг туя, қўй ва чў­понлар билан тўла дарага ҳайратланиб қа­раётганининг гувоҳи бўлдилар. Сўнг ундан: “Булар сенга ёқдими?” деб сўрадилар. Саф­вондан: “Ҳа”, деган жавобни эшитган Пай­ғамбаримиз алайҳиссалом: “Улар сеники”, дедилар. Шунда Сафвон ибн Умайя: “Бундай саховатни фақат Пайғамбар кўрсата олади. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга Илоҳ йўқ. Муҳаммад унинг қули ва элчисидир”, дея шу ернинг ўзида мусулмон бўлди.

Инсонлар қалбини Исломга мойил қилиш учун берилган ҳадя Қуръони карим ояти билан собит бўлганди: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир (Тавба сураси, 60-оят). (Бу кўрсатилган кишиларга закот, хирож, фитр ва ушр каби садақотлар берилиши керак. Кейинроқ Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалиги даврида саҳобалар ижмоси билан оятдаги “диллари ошна қилинувчилар”нинг ҳукми бекор қилинган.)

 Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Саф­вонга ҳадя беришдан мақсадлари унинг қалбини дунё муҳаббатидан Ислом муҳаб­батига мойил этиш эди. Имон муҳаббати қалбини ром этгандан сўнггина унинг лаззатини ҳис эта оларди. Ушбу қиссада Набий алайҳиссаломнинг ҳикматлари, олижа­нобликлари, одамларнинг Исломни қабул қилишларига ҳарисликлари, ҳатто душ­манларни ҳам энг гўзал суратда кечи­риб юборишлари намоён бўлмоқда. Бир та­саввур этинг-а, мушрик одам у зот алайҳис­саломни ўлдириш ниятида келди. Лекин Пай­ғамбаримиз алайҳиссалом билан бир бор суҳбатдан сўнг эса бутунлай фикри яхши то­монга ўзгарди. Энди ер юзида унинг учун На­бий алайҳиссаломдан кўра маҳбуброқ инсон йўқ. Бу ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг душманни кечира олишлари ҳамда буткул яхши муносабатда бўлишларининг намунасидир.

* * *

Мана шу воқеалардан сўнг Сафвон ибн Умайя розияллоҳу анҳу умрининг қолган қисмини Исломда, энг гўзал суратда ўтказа бошлади. Очларни тўйдиргани учун одамлар уни: “Водийнинг қўриқчиси”, деб атай бошлашди. Яна у яхши нотиқ ҳам эди. Ундан ўғли Абдуллоҳ, опасининг ўғли Ҳамид, Саид ибн Мусайяб, Товус, Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Навфал, Ато ибн Абу Рабоҳлар ҳадис ривоят қилишди.

Ҳазрат Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумо замонларида барча жангларда мардонавор қатнашди. Ярмукда иштирок этди. Кардусга юборилган қўшинга қўмондонлик қилди.

Сафвон ибн Умайя ҳижратнинг 42-йили Маккаи мукаррамада, Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу халифалиги замонида оламдан ўтди.

Манбалар асосида Юлдуз АСҚАР қизи тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан