Мақолалар

Ҳорун ар-Рашид даврида  ички фитналарга барҳам берилиши

Чоп этилди Aprel 10, 2019 Ҳорун ар-Рашид даврида  ички фитналарга барҳам берилишиda fikr bildirishni o'chirish

Милодий 795 йилга келиб халифа Ҳорун ар-Рашид ҳукмдорлик қилган аббосийлар давлатига қарашли баъзи ўлкаларда мустақилликни даъво қилган сиёсий ҳаракатлар пайдо бўла бошлади.

Ушбу сиёсий ҳаракатлар халифа Ҳорун ар-Рашидга қарши қўзғалон кўтариб чиқдилар. Хусусан, Қайс ва қазоъаликлар Миср волийсига қарши қўзғалон кўтариб жанг бошлашди. Бундан хабар топган халифа Ҳорун ар-Рашид Ҳарсима ибн Аъюн қўмондонлиги остида катта қўшин жўнатиб қўзғалончиларни мағлуб қилди.

Қўзғалончилар Миср волийсига итоат қилишга мажбур бўлдилар ва зиммасига юкланган хирожни (товонни) тўлашда давом этишни бўйнига олдилар.

Ҳарсима ибн Аъюн бошчилигида  Африкада Абдувайҳ ал-Анборий раҳбарлигидаги яна бир катта фитнанинг алангаси ўчирилди.

Бундай катта қўзғалонни бостиришда Яҳё ал-Бармакий муҳим роль ўйнади. У Абдувайҳ ал-Анборийга мактуб йўллаб мактубда ундан  таслим бўлишини сўради.

Шу шартга кўнса унга омонлик берилишини ваъда қилди.

Шунда Абдувайҳ ал-Анборий таслим бўлди ва унга омонлик берилди.

Милодий 793 йилда ҳам Аббосийлар давлатига қарашли бўлган Шом ўлкаларида баъзи бир фитналар бўлиб ўтган эди. Хусусан, Алмудария ва Алямония номли икки қабила ўртасида уруш бошланди. Бу икки қабила ўртасидаги уруш кўп вақт давом этаверганидан сўнг Халифа Ҳорун ар-Рашид милодий 794 йилда қўшин жўнатиб урушга якун ясади.

Шундан сўнг энг охирги қўзғалончилардан бўлган Абулхасийб Ваҳийб ибн Абдуллоҳ Аннасойи аббосийлар давлатига қарашли бўлган Абийюрд, Тус, Нишопур ҳамдак кичик шаҳар ва қишлоқларни босиб олди. Кейинроқ кўп вақт ўтмай ҳозирги Туркманистонда жойлашган Марв шаҳрида мағлубиятга учради.

Халифа Ҳорун ар-Рашид унга қарши Али ибн Исо ибн Моҳонни жўнатди. Али ибн Исо ибн Моҳон милодий 793 йил Абулхасийб Ваҳийб ибн Абдуллоҳ Аннасойига дуч келиб унинг устидан ғалаба қилди. Бу воқеалардан сўнг аббосийлар давлати ва халифалиги Ҳорун ар-Рашид бошчилигида бошқа фитна ва қўзғалонларсиз равнақ топиб, гуллаб-яшнади.

Илёс БАҲРОМОВ,

Тошкент ислом институти талабаси