Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Aprel 11, 2019 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Ҳурматли Фатво ҳайъати аъзолари!

Савол: Масжидларда намозхонлар­нинг сафда ҳар хил турганини кўра­миз. Ҳар ким намозни хоҳлаганича ўқийвериши мумкинми?

Жавоб: Кейинги давр уламолари муайян бир мазҳабга эргашиш вожиб, деганлар. Чунки ҳар бир мусулмон ўзи тўғридан-тўғри Қуръон ва ҳадисдан ҳукмларни олиш имкониятига эга эмас. Ҳар ким ўзи билганича амал қиладиган бўлса, адашади ва омма ўртасида турли ихтилоф ҳамда низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳма­туллоҳи алайҳ “Эълоус-сунан” китобида бундай деган: “Тўрт мазҳаб имомлари ҳақиқатан тўғри йўлдадир. Бир юртда улардан қай­си бирининг мазҳаби тарқалган бўлса, унинг уламолари ва китоблари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши (оят ва ҳадислардан ўзи мустақил ҳукм чиқаришга қодир бўлмаган муқаллид киши) учун ўша мазҳабга эргашиш вожиб. Ўз юртида кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабга эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши билинг. Иншоаллоҳ, ҳақиқат бундан бошқада эмас”.

Демак, бизнинг юртимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига амал қилиш энг тўғри йўл ҳисобланади. Хориждан келган меҳмонлар бизнинг диёримиз­да ўз маз­ҳабларига биноан ибодат қила­верадилар. Валлоҳу аълам.

Савол: Ошқозон-ичак касаллиги туфайли тез-тез ел чиқариб турувчи киши намоз ўқиётганида ел чиқса, таҳорати бузиладими?

Жавоб: Динимизда ундай кишилар узрлилар дейилади. Кишининг узрли бў­лиши учун баданининг бирор жойидан узлуксиз қон келиб туриши, бурун қонаши, сийдик томиб туриши ва саволда айтилгани каби, доимий ел чиқиб туриши каби ҳолатлар бир намознинг вақти ичида таҳорат олиб, намоз ўқишга кетадиган муддатда тўхтамай давом этиши керак (“Нурул изоҳ”). Узрли кишилар ҳар бир вақт намозга алоҳида таҳорат оладилар. Ва шу таҳоратлари билан узрларидан бошқа сабаб билан таҳоратлари синмаса, кейинги намоз вақти киргунича намозларни ўқиши мумкин. Ўша намоз вақти чиқиши билан таҳоратлари бузилади. Узрли киши узри бўлмаган одамларга имом бўла олмайди (“Раддул мухтор”). Бир намознинг вақти тўлиқ ўтгунича узрга сабаб бўлган ҳолат такрорланмаса, кишининг узрлилик ҳолати тугаган ҳисобланади (“Нурул изоҳ”).

Савол: Ғусл вожиб бўлган ҳолатда тирноқ ва тукларни олиб бўлмайди, деб эшитдим. Шу тўғрими?

Жавоб: Ғусл вожиб бўлган ҳолатда қўл­тиқ ёки киндик ости тукларини тозалаш ва тирноқ олиш макруҳдир. Бу ишларни ғусл қилгандан сўнг бажариш керак (“Фатовойи Ҳиндия”).

Савол: Кишининг ажали яқинлаш­ганини қандай билиш мумкин? Олдида бўлганлар нима қилишлари керак?

Жавоб: Ажали яқинлашган кишининг оёқлари бўшашади, юзининг ранги ўчиб, бурни бир томонга оғади, териси бўшашади. Ёнида бўлганлар уни ўнг томони билан юзини қиблага қаратиб ётқизиши суннатдир. Агар бунинг имкони бўлмаса, чалқанча ётқизиб, бошини кўтариб, оёқларини қиб­лага қаратиб қўйилади. Унинг ҳузурида таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ)ни эшиттириб айтиб (талқин қилиб) турилади. Аммо унга “айт” дейилмайди. Агар таҳлил калимасини бир марта айтса, бошқа талқин қилинмайди (“Мухтасар”, “Фатовойи Ҳиндия”, “Ҳидоя”).

Савол: Эснаганда нима учун оғизни қўл билан беркитилади? Бунинг бирор асоси борми?

Жавоб: Эснаш пайтида қўл билан оғизни тўсиш суннатдир. Бу ҳақда ҳадиси шариф­да бундай дейилган: Абу Саид Худрий ро­зияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ра­сулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Агар бирортангиз эснасангиз, қўлингизни оғзингизга қўйинг, чунки шайтон киради” (Имом Муслим).

Уламоларимиз мазкур ҳолатда оғизни чап қўлнинг орқа тарафи билан беркитишни одобдан эканини айтганлар. Шунингдек, бошқа ҳадисларда эснаб туриб: “ҳооҳ” деб, овоз чиқариб бўлмаслиги, чунки бундай қи­лиш шайтоннинг кулгисига сабаб бўлиши ҳам баён қилинган. Яна баъзи ривоятларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч эснамаганлари айтилади.

Савол: Имом овозини чиқариб қи­роат қиладиган намозларни (яъни, бомдод, шом, хуфтон намозларини) ёлғиз ўқувчи киши ҳам овоз чиқариб ўқийдими?

Жавоб: Ёлғиз ўқийдиган киши бомдод, шом ва хуфтон намозларида қироатини ис­таса, овоз чиқариб ўқийди, истаса, ичида қироат қилади. Овоз чиқариб қироат қилга­ни афзалдир. Пешин ва аср намозларини эса овоз чиқармасдан ўқиши вожибдир (“Мух­тасарул виқоя”, “Фатовойи Ҳиндия”).

Савол: Баъзилар намоз бошланганида жамоатга етишиш мақсадида югуришади. Шу тўғрими?

Жавоб: Масжидга югуриб борилмайди, чунки кўплаб ҳадиси шарифларда бундан қайтарилган. Балки оҳиста ва виқор билан борилади. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқиётган эдик. У зот бирдан одамларнинг тапир-тупирини эшитиб қолдилар ва намозни ўқиб бўлиб: “Сизга нима бўлди?” деб сўрадилар. “Намозга шошилдик”, дейишди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ундай қилманглар. Қачон намозга келсангиз, босиқлик билан келинглар. Етишганингизни ўқиб, етиша олмаганингизни якунлаб қўйинг”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

 

Манбалар асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими ходими

Ғуломиддин ХОЛБОЕВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан