Мақолалар

ИСЛОМДА  ОИЛАГА МУНОСАБАТ

Чоп этилди Aprel 10, 2019 ИСЛОМДА  ОИЛАГА МУНОСАБАТda fikr bildirishni o'chirish

Дунёда ҳамма нарса жуфт-жуфт яратилган: ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий ва ҳоказо. Моҳиятан уларнинг ҳар бири иккинчисига ҳар жиҳатдан эҳтиёжлидир. Мавжудотлар ҳаётда мана шу жуфтлик билангина барқарор бўлади­лар. Ушбу жуфтликни инсон мисолида оладиган бўлсак, эр киши турмушда фақат ўз жинсининг жуфти бўлган аёли билан таскин ва роҳат топиши мумкин. Ёлғиз ҳолда ўз саодатини ҳис қила олмайди. Аллоҳ тақдир қилган ҳаёти жуфтисиз барқарор бўлмайди.

Қуръони каримда бундай дейилади:

«Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик» (Зориёт, 49).

Аллоҳнинг ҳикматини қаранг, мавжудотларнинг энг олийси – одамзодни ҳам ўз жуфти билан бир-бирига ҳеч қайси жиҳатдан ўхшамаган, туриш-турмушда, феъл-атворда, муносабатда, фикрлашда фарқли ва айни пайт­да бир-бирини тўлдирадиган қилиб яратган.

Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфт­лар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди…» (Наҳл, 72).

Ана шундай жуфтлик саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил-тотув яшашлари, насл давомий­лигини таъминлаб, умргузаронлик қилишлари ҳақиқатан Ярат­ганнинг улуғ санъати ва ҳикматига далолатдир.

Динимизда оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ни­коҳланиш фақат ўзларининг суннати эмас, балки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар.

Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) бу борада ривоят қилинган ҳадисларнинг бирида: «Эй йигитлар, сизлар­дан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, зинокорлик­дан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин», дейилган (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий).

Дарҳақиқат, Аллоҳ инсонни, у эркак ёки аёл бўлсин, наф­сий рағбат билан яратган. Айни пайтда ушбу рағбатни ҳалол-пок йўл билан қондиришни буюриб, никоҳни жорий қилган. Албатта, ҳар қандай инсон болоғат  ёшига етгач, ундаги яширин нафсоний рағбат авж ола бошлай­ди. Аллоҳдан қўрқиб, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) кўрсатмаларига амал қиламан деган банда, агар моддий ва бошқа имкониятлари мавжуд бўлса, никоҳланиш орқали бунинг олдини олади. Нафс рағбати­ни ҳаромга юриб қон­дириш йўли бўлган зинодан ўзини сақлайди.

Бошқа бир ҳадисда эса: «Тўртта яхши иш бор, улар пайғамбарлар суннатидан саналади: ҳаё, хушбўй­лик, мис­вок тутиш ва уйланишдир», деб марҳамат қилинади (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) яна шундай ҳадис бор: «Ким уйланган бўлса, динининг ярмини мукаммал қилибди, қолган ярмида Аллоҳга тақво қилавер­син» (Табароний, Байҳақий, Ҳоким ривояти).

Ислом таълимотига кўра, оила Яратганнинг розили­гини топиш, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ахлоқ­лари, исломий одоб билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шу­нинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқалар­нинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади. Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг барча турларидан холи тинч ва обод бўлиши, аввало, ушбу кичик жамият­нинг тинчлигига боғлиқ. Оила тинчлик-хотиржам­ли­ги ва саодатини таъминлаш оиладаги ҳар бир шахснинг ўз масъулиятини ҳис қилиши ва бажариши билан бар­қарор бўлади. Бундай масъулиятни эса, эр ва хотин ўр­тасини боғлаб турувчи никоҳгина жорий қилиши ва мустаҳкамлаши мумкин.

Пайғамбар (алайҳиссалом) бир ҳадисларида: «Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан воз кечса, у мендан эмас (яъни, умматимдан эмас)”, деганлар.

Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) суннат­лари экан, мусулмон киши оила қуришни пай­сал­га солмай, уни шаръий никоҳ асосида амалга ошириши ло­зим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг пок­лигини сақ­лайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.

«Никоҳ» сўзи луғатда «яқинлик», «боғланиш» маъно­ларини англатади. Никоҳ ақди (битими) битим­ларнинг энг яхшисидир. Шаръий истилоҳда эса, ақд қилишларига шаръий тўсиқ бўлмаган аёл билан эркакнинг бир-бирларидан лаззат олишларини ҳалол йўлга солувчи битимдир.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Муфтий Усмонхон АЛИМОВНИНГ “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 24000 сўм.