Мақолалар

ЮСУФ ҲАМАДОНИЙНИНГ МУБОРАК ЎГИТЛАРИ

Чоп этилди Aprel 10, 2019 ЮСУФ ҲАМАДОНИЙНИНГ МУБОРАК ЎГИТЛАРИda fikr bildirishni o'chirish

Шайхимиз муборак сўзлари билан бундай дейдилар: «Бу (тариқат) йўли ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)дан бизгача етиб келган ва қиёматга қадар давом этажакдир. Шу боис барча мўминлар ва соликлар бу танланган йўлга эргашиши, бу хонадон билан суҳбат қуриши, уларнинг йўлига сулук этиб, улар билан бирга бўлишдан ва унсиятдан узоқ қолмаслиги керак».

Шаҳзода Қусам ибн Аббос (Шоҳи Зинда)нинг мақоми (қабри)да айтдиларки: «Кимда ким бу йўл (тариқат)га амал қилиб, унга маҳкам ёпишса, албатта ҳамма қоронғуликлардан хотиржам бўлур ва бидъат денгизининг тўлқинидан халос бўлур».

Сўнгра менга дедиларки: «Эй Абдулхолиқ! Билгинки, Ҳақ йўлининг йўлчилиги, яъни сулук икки қисмдир: сулуки зоҳир ва сулуки ботин. Биринчиси, сулуки зоҳир бўлиб, у ҳар ҳолу корда илоҳий амр ва тақиқларга риоят этиш, имкон доирасида диний мезонларни сақлаш ва нафс орзуларидан қочишдир. Ўз аъзоларини ҳавою нафсдан сақлаб, шариат ҳудудида муҳофаза қилишдир. Иккинчи қисм бўлган сулуки ботин эса қалбни поклашга ҳаракат қилиш ва нафсоний ёмон сифатларни йўқотиш учун ғайрат сарфлашдир. Ботиний таҳорат – қалбнинг Ҳақ зикри билан машғул бўлиши учун зикрда беҳад жидду жаҳд қилиш. Бу зикр талқини дастлаб ҳазрати Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг қалбига, ундан Салмон Форсийга, ундан Жаъфари Содиққа, ундан Султон Боязид (Бастомий)га, ундан Шайх Абул Ҳасан Харақонийга, ундан буюк шайх Абу Али Формадий Тусийга ва ундан эса бизга қадар етиб келган».

Шундай дегач, пешин намозининг азонига қадар муборак бошларини қуйи солиб турдилар. Пешин намозини адо этгач, дедилар: «Эй дарвишлар, азиз инсонлар кўп, лекин бу силсиладаги улуғларнинг Ҳақ таоло томонидан танланишига сабаб, ушбу силсилада улар мукошафа ва мушоҳадада юксак шахсиятлар эдилар».

Кейин муборак юзларини бу фақирга буриб, инжу таратувчи табаррук сўзлари билан дедилар: «Эй Абдулхолиқ, улуғ шайх Абу Али Формадий дунёдан охиратга риҳлат этгач (ҳижрий 477/милодий 1084 йил), шариат ва тариқатда бир мушкул ишга дуч келсам, унинг руҳониятидан илтимос қилардим ва шу ондаёқ шайх ҳазратларининг руҳонияти у ишнинг ечимига йўл кўрсатарди. Бу йўлда буюк хожа Абу Али Формадийдан бизга қадар етиб келган ирфон ва маънавиятни тариқат соликларига ва Ҳақ даргоҳининг муҳтожларига етказяпман».

Кейин муборак юзларини яна менга қаратиб, дедилар: «Эй Абдулхолиқ, Хожа Абу Али (Формадий)нинг тўртинчи халифаси бўлганим каби, сен ҳам бизнинг тўртинчи халифамиз бўлгайсан». Қарасам, кўзлари ёшга тўлиб турибди. Мен сўрадим: «Сиздан кейин ким халифа бўлғуси?» Шайх ҳазрат дедилар: «Биздан кейин ўрнимизга Хожа Абдуллоҳ Баррақий ўтади, кейин Хожа Ҳасан Андоқий, ундан кейин Хожа Аҳмад Яссавий. Хожа Аҳмад Яссавий Туркистон диёрига кетгач, сен халифа бўласан. Албатта, ҳазрати Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг шариати йўлида бўл ва шариат чегарасидан заррача чиқма, ким динга қарши мухолифлик қилса, унга монеъ бўл. Аллоҳ таоло яхшисини билур».

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Хожа Абдулхолиқ ҒИЖДУВОНИЙнинг «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний» асаридан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 11500 сўм.