Мақолалар

«Олти ишончли тўплам»даги ровия аёллар

Чоп этилди Aprel 12, 2019 «Олти ишончли тўплам»даги ровия аёлларda fikr bildirishni o'chirish

Ҳадис илми ривожига аёллар қай даражада ҳисса қўшганини ҳадис тўпламларига назар солиб ҳам англаш мумкин. Олимлар “Сиҳоҳи ситта” (“Олтита саҳиҳ”) китобларида аёл ровийлар ва улардан қилинган ривоятлар сонини алоҳида ўрганганлар.

Ҳисоб-китобларга кўра:

  • Имом Бухорий “Саҳиҳ”ида 31;
  • Имом Муслим “Саҳиҳ”ида 36;
  • Имом Абу Довуд “Сунан”ида 75;
  • Имом Термизий “Сунан”ида 46;
  • Имом Насоий “Сунан”ида 65;
  • Имом ибн Можа “Сунан”ида 60 нафар саҳобиядан ҳадис ривояти келтирганлар.

Эътибор берган бўлсангиз, энг кўп аёл саҳобиянинг ривояти Имом Абу Довуд “Сунан”ига киритилган.

“Сиҳоҳи ситта”да саҳобия бўлмаган аёлларнинг ривоятлари ҳам бор. Тобеинлар, табаа тобеинлар ва улардан кейинги табақада турувчи 103 нафар аёл ровийдан ривоятлар келтирилади.

Имом Миззийнинг “Туҳфат ал-ашроф би маърифа ал-атроф”, “Таҳзиб ал-камол фи маъ­ри­фа ар-рижол”, Ибн Ҳажарнинг “Ат-Тақриб” асарла­ридаги ҳисоб-китобларга кўра, олти ишонч­ли тўпламда аёллардан 2764 та ҳадис ривоят қилинган.

Жумладан:

  • 539 та ҳадиснинг ровийлари аёл саҳобиялар;
  • 225 та ҳадиснинг ровийлари бошқа аёллардир.

Саҳобиялардан келтирилган ҳадисларнинг кўпи Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган. Олти ишончли тўпламда ҳам 2081 та ҳадис ривояти Ойша (розияллоҳу анҳо)га, қолган 458 таси бошқа саҳобия аёлларга тегишли. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) кўпгина эркак саҳобийлардан ҳам кўпроқ ҳадис ривоят қилган.

Илм эгаллаш, уни бошқаларга етказиш, билганларига амал қилиш бобида ўрнак бўлган ровия аёлларнинг ҳаёт йўли биз авлодлар учун катта мактабдир.

Соҳиба ЮСУПҲОЖИЕВА,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан