Мақолалар

Баҳодир КАРИМ: “Абдулла Қодирий уй-музейининг шу кунгача ташкил қилинмаганининг яхши жиҳатлари ҳам бор”

Чоп этилди Aprel 12, 2019 Баҳодир КАРИМ: “Абдулла Қодирий уй-музейининг шу кунгача ташкил қилинмаганининг яхши жиҳатлари ҳам бор”da fikr bildirishni o'chirish

Абдулла Қодирий қатл қилинганига бир неча ўн йиллар ўтди. Унинг асарлари тақиққа учради, йўқотишга ҳаракат қилинди, мумкин эмас, дейилди. Лекин вақти келдики, унинг асарларини ўқиш мумкин экан, ўша 50-йиллардан бошлаб токи ҳозирга қадар адиб асарлари қайта-қайта нашр қилинади. 

Абдулла Қодирийнинг ҳайкали, уй-музейи, деган масала ҳам қайта-қайта кун тартибига қўйилади, лекин, афсуски, охирига етмайди. Демоқчиманки, бунинг ҳам бир ҳикмати бор. Дейлик, Абдулла Қодирийнинг уй-музейига адибнинг китоби, ручкаси ёки бошқа бир буюми қўйилса, одамларнинг тасаввури мана шу экспонатлар билан чегараланиб қоладими, деб ўйлайман. Шу пайтгача халқимиз Абдулла Қодирийни ўқиб англаяпти, тушунаяпти, тасаввур қилаяпти.

1925 йилда Абдулла Қодирий Москвага боради. Бу ҳақда мен тадқиқот ҳам қилганман, мақола ёзганман. Агар уй-музейга ёзувчининг чемоданини ёки Москвага бориб-келганининг расми қўйилса, бу одамларга унчалик катта таассурот бермайди, шу билан уларнинг тасаввури чегараланиб қолади.

Шунинг учун Абдулла Қодирий уй-музейининг шу кунгача ташкил қилинмаганининг яхши жиҳатлари ҳам бор, деб ўйлайман. Албатта, бу бир оптимист одамнинг фикри. Бугун одамлар қўлида Абдулла Қодирий ҳақида Матёқуб Қўшжонов, академик Иззат Султон, Собир Мирвалиев ва бошқалар ёзган асарлар ўқилавериб титилиб кетганини кўрганман.

Агар улар музейда ойнанинг ичида турса, одамлар кўрганининг ўзи етарли бўлиб қоладими, деб ўйлайман.

“Ўткан кунлар” ёзилганига ҳадемай юз йил тўлади. Юз йилдирки, халқимиз шу китобни ўқийди. “Ўткан кунлар”нинг ўзи Абдулла Қодирийнинг музейи, асарларининг ўзи унинг дунёси! Мана шу музейга, мана шу дунёга биз маънавият эшигидан кириб борамиз. Адибнинг 5 томлик асарлари чоп этилди. Шу асарларни ўқиган одам Абдулла Қодирийнинг уйига киргандек, музейига киргандек бўлади. Баъзан биз нега ёзувчининг ҳайкали йўқ, нега музейи йўқ, деймиз. Энг муҳими, адиб асарларини мутолаа қилиш керак, тушуниш керак. У зотнинг руҳи покларига дуо қилишимиз керак. Эҳтимол, бугунгача 500 та роман ёзилган бўлса, “Ўткан кунлар” биринчи ёзилган ва биринчи ўринда турадиган нодир асар сифатида қолаверади. Улуғ бобомиз бизга катта маънавий мулк қолдириб кетди. Абдулла Қодирий асарларини 10-15 марталаб ўқийверинг, одам зерикмайди, янги-янги қирраларини топаверади. Зўр санъаткорлик билан ёзилган асарлар ҳақида ҳеч қачон охирги гапни айта олмайсан. У асар замонга ҳам, эртага ҳам, тарихга ҳам хизмат қилади. Абдулла Қодирийнинг зўр гапи бор: “тарихий романларнинг яхши жиҳати шундаки, бизга тарихни ўргатади”, дейди. Унинг ичида 17-18 ёш йигит-қизлар учун ҳам, катта ёшдаги инсонлар учун ҳам ибратли, муҳим жиҳатлар бор. Абдулла Қодирий ижодига қайта-қайта мурожаат қилинаверади, асарлари такрор-такрор ўқилаверади.

Яна бир қувончли туҳфа борки, айтмасам бўлмайди. Абдулла Қодирий асарлари дунёга чиқаяпти. “Ислом Каримов” фонди томонидан “Ўткан кунлар” романи инглиз тилига таржима қилинди, Германияда, Туркияда нашр этилди, тақдимотлари ўтказилди. Демак, ўзбек адабиётини дунё ўқияпти, тушунаяпти. Дунёга тақдим қилинадиган етук санъаткор даҳолар қаторига, ҳеч шубҳасиз, ХХ аср адабиётининг атоқли намояндаси Абдулла Қодирийни ҳам ҳеч иккиланмай қўшиш мумкин.

 

Баҳодир КАРИМ

филология фанлари доктори, профессор.