Мақолалар

Мўъжизанинг моҳияти

Чоп этилди Aprel 11, 2019 Мўъжизанинг моҳиятиda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таолонинг пайғамбарига берган мўъжизалари, улар “Исро” ва “Меърож” каби самовий мўъжизалар бўладими ёки дарахт тўнкасининг “оҳ” тортиши каби ерга тааллуқли мўъжиза бўладими ёхуд инсон, ҳайвон, наботот ва жамодотга тегишли мўъжиза бўладими, буларнинг барчаси Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳақ пайғамбар эканларига далилдир.

У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ахлоқлари, даъватларининг самараси, бошқа пайғамбарларнинг у киши ҳақларидаги башоратлари ва олдиндан айтган сўзларининг воқеликда рўй бериши – улар ҳам Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мўъжизаларидир.

Умуман олганда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг энг буюк, қиёматгача боқий, юзлаб мўъжизаларни қамраб олган маънавий мўъжизалари Қуръони каримдир.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мўъжизалари адади икки мингтага етади[1].

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га берилган мўъжизаларнинг фарқли жиҳати шундаки, у зотга олдинги ўтган пайғамбар (алайҳимуссалом)ларга берилган мўъжизага ўхшаш ва ундан-да кўп мўъжизалар берилган. Масалан, Довуд (алайҳиссалом)га тоғлар қўшилиб тасбеҳ айтган ва у кишининг қўлларида темир хамирдек мулойим бўлган бўлса, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўллари тегиши билан қаттиқ тошлар ҳам юмшаб кетган ва майда тошлар у зотнинг қўлларида тасбеҳ айтган.

Мусо (алайҳиссалом) асолари билан сув чиқарган бўлсалар, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак кафтларидан сув баракотли бўлган.

Сулаймон (алайҳиссалом)га шамол итоат этган бўлса, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га шамол ёрдам берар ва ойлик масофадан душман қалбига ваҳима соларди.

Иброҳим (алайҳиссалом)га “Аллоҳнинг халили” ва Мусо (алайҳиссалом)га “Аллоҳ билан сўзлашиш” даражаси берилган бўлса, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бу даражаларнинг иккови ҳам берилди.

Улардан ташқари, Кавсар ҳовузи, байроқ, шафоат ва жаннатга биринчи бўлиб кириш билан хосландилар.

“Мўъжиза” арабча сўз бўлиб, луғавий жиҳатдан ожиз қолдирувчи, ғайриоддий ва ажойиб, ғаройиб каби маъноларни англатади.

Истилоҳ жиҳатидан эса, Аллоҳ таоло пайғамбарликни даъво қилувчи киши орқали зоҳир қилган одатдан ташқари, бошқаларнинг қўлларидан келмайдиган, унга ҳеч ким қарши тура олмайдиган ва инкор этувчиларнинг инкорига қарши бўлган ишдир.

Тадқиқотчи уламолар мўъжиза бўлиши учун қуйидаги шартлар топилиши лозим деб санайдилар:

Одатдан ташқари бўлган бу иш Аллоҳ таолонинг ишидан бўлиши керак. Чунки расулини тасдиқлаш ҳам Унинг Ўзидан бўлади. Одатдан ташқари иш Ундан бошқадан бўлмайди.

Бу мўъжизага Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башар эканликлари юзасидан қодир бўлмасликлари лозим.

Мўъжиза одатдан ташқари иш бўлиши лозим. Агар у одатдан ташқари иш бўлмаса, ёлғончиларга пайғамбарликни даъво қилиш имкони туғилиб қолади. Шу ўринда билиб ўтишимиз керак, юқоридаги шартга кўра сеҳргарлик, фокусчилик ва ғаройиб кўз бойлашлар одатдан ташқа­ри иш эмас, чунки уларнинг барчасига ўрганиш, давомли машқлар ва тез ҳаракат қилиш орқали эришилади.

Мўъжиза пайғамбарликни даъво қилувчи кишининг қўли билан уни тасдиқлаш учун бўлади. Бу шартга кўра эса каромат, маъуна ва истидрожлар бунга кирмайди, чунки бу ишлар пайғамбарликни даъво қилувчилар томонидан бўлмайди.

Каромат – яхши амалларни қилувчи солиҳ бандалар томонидан зоҳир бўлади.

Маъуна – инсонларни машаққатлардан қутқариш учун авом томонидан зоҳир бўлади.

Истидрож – алдаш ва макр-ҳийла учун фосиқлар томонидан зоҳир бўлади.

Иҳонат – инсонларни ўзининг пайғамбарлигига ишонтириш учун сохта пайғамбарлар томонидан зоҳир бўлади. Мусайлима каззоб билан бўлган воқеа бунга мисол бўлади: у бир кўзи кўр кимсани тузатиш учун унинг кўзига туфлади ва натижада, соғ кўзи ҳам кўр бўлиб қолди.

  1. Мўъжиза пайғамбарнинг даъвосига мувофиқ келмоғи лозим, масалан: “Менинг ростгўй эканлигимга, мана шу тошнинг ёрилиши далилдир”, дейди, тош ёрилади.
  2. Мўъжиза пайғамбарликни тасдиқлаш учун бўлмоғи лозим, уни инкор қилиш учун эмас. Мусайлима каззоб суви оз бўлган қудуқнинг сувини кўпайтириш учун унга туфлаганида, қудуқнинг суви бутунлай қуриди.
  3. Мўъжизага ўхшашини ёки унга тенглаша оладиганини келтириш мумкин бўлмаслиги.
  4. Мўъжиза, пайғамбарлик даъвоси билан бирга бўлиши керак. У пайғамбарлик даъвосига далил бўлади. Ёки озгина вақтдан сўнг амалга ошиши лозим. Шу билан мўъжиза кароматдан фарқланади. Чунки каромат пайғамбарлик даъвоси кетидан бўлмайди. Шунингдек, бу билан ирҳос[2] ҳам мўъжизадан ажралиб туради.
  5. Мўъжиза одатлар бузилган вақтда бўлмаслиги керак. Қуёшнинг кунботардан чиқиши вақтига ўхшаб, чунки бу вақтдаги ғайриоддий ишлар мўъжиза эмас, балки қиёмат аломатлари саналади.

 

[1] Баъзилар мингта дейдилар.

[2] Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбар бўлишларидан олдинги булутнинг соя қилиши каби ишлар “ирҳос” деб аталади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Муфтий Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 23000 сўм