Мақолалар

Никоҳ наслни, иффатни асровчидир

Чоп этилди Aprel 11, 2019 Никоҳ наслни, иффатни асровчидирda fikr bildirishni o'chirish

Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи ришта никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас масалаларидан биридир. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тар­бияси каби муҳим масалаларнинг бари шаръий ни­коҳ­га боғлиқдир. Шунинг учун динимиз никоҳ асосида оила қуришга буюради. Аллоҳ таолонинг эр-хотин жуфтлигини яратишдан иродаси ҳам инсон наслини кўпайтириб, ер юзини обод қилиш эди:

وَاللَّهُ جَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا وَجَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَزْوَاجِكُمْ بَنِينَ وَحَفَدَةً وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَا

“Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради…” (Наҳл сураси, 72-оят).

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бир ҳадисларида: “Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас” (яъни умматимдан эмас), деганлар. Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг суннатлари экан, мусулмон киши никоҳ асосида оила қуриши, турли сабабларни рўкач қилиб, уни пайсалга солмаслиги лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг пок­лигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан сақланади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин, чунки бу кўзнинг тийилиши ва фаржнинг пок­лигидир. Ким унга қодир бўлмаса, унда рўза тутсин, чунки у билан шаҳват сўндирилади”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Ислом таълимотига кўра, оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш мақсадида қурила­ди. Аллоҳ таоло шу боис эр ва хотиннинг оила қуриб, кў­пайиши учун уларга тотувликда, аҳилликда бир-бирларига шафқат ва меҳрибонлик кўрсатиб умргузаронлик қилишни буюрган. Аллоҳ таоло айтади:

وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

“Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).

Оила мустаҳкам бўлса, жамият тотув, аҳил ва барқарор бўлади, унга ҳеч нарса рахна сололмайди. Агар оилалар жанжал-можаролардан бўшамай қолса, жамиятнинг ҳам тинчи бузилади, юртдан барака кўтарилади, фарзандлар тарбияси бузилади ва инсонлар ўртасидаги муносабатлар издан чиқади.

Кўпинча янги турмуш қураётган келин-куёвларни кўрган ёши улуғлар беихтиёр: “Илоҳо, янги турмуш қураётган келин-куёв бахтли бўлишсин, оиласида тотувлик, аҳил­лик ошён қурсин”, деб дуога қўл очишади. Афсус, келин-куёвларнинг ҳаммаси ҳам умрлари давомида оила номли ошёнларини авайлаб асрай олишмайди. Бўлар-бўлмас гап-сўзлар, арзимас баҳоналар билан ширин турмушларини оғуга айлантиришади. Бир-бирларини тушунмасликдан, муроса илмини билмасликдан бир оилада яшаётган икки киши душман-ғанимга айланади. Қанча оилалар бузилиб, кишилар азият чекади, болалар етим бў­лади, асаблар қақшайди. Ажрашишмаган тақдирда ҳам, бутун умрлари ғурбат, ғам ва изтиробда ўтади.

Оиланинг тотувлиги бир кишига ёки бир сабабга боғлиқ эмас. Бунинг учун ҳамма – келин-куёв ҳам, энг аввало, ота-оналар, оила ташқарисидагилар ва кенг жамоатчилик ҳам баравар жон койитмаса, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Янги оила қурган куёвнинг ота-оналари биринчи кунларданоқ кўнгилчанлик қилиб, келинни талтайтириб юбормай, турмуш синоатларига тайёрлаб борса, ҳаёт фақат ўйин-кулги ва кўнгилхушликлардан иборат эмаслигини унга тушун­тира олса, хотиннинг энг асосий бурчи эрга итоат эканини етказа олса, орада уруш-жанжаллар келиб чиқмайди, икки ёшнинг бахти завол топмайди.

Келин одобли бўлиб, эрининг яқинларини ҳурмат қилса, улар билан муроса қилиш йўлларини ахтарса, ёши улуғ қайнонасини эъзозлаб, хизматини аямаса, оила инқирозга учрамайди, ўртада болалар тирик етим бўлмайди.

Ёки оиладаги катталар, айниқса, қайноналар сал бағ­рикенгроқ, сабрлироқ, адолатлироқ бўлишса, қайноталар тажрибалари ва мавқеларидан келиб чиқиб, ёшларга насиҳат қилишса, оиланинг бошқа аъзолари келин-куёвнинг турмушига аралашишмаса, ишлар чаппасига кетмайди. Жиндай муросасизлик ҳам баъзан қимматга тушади. Шунинг учун ҳам динимиз ёшлар ўртасида аҳил­лик йўқолса, уларни яраштиришга, бунинг учун ҳар икки томондан холис, адолатли ҳакамларни жалб қилишга буюради. Аллоҳ азза ва жалла айтади:

وَإِنْ خِفْتُمْ شِقَاقَ بَيْنِهِمَا فَابْعَثُوا حَكَمًا مِنْ أَهْلِهِ وَحَكَمًا مِنْ أَهْلِهَا إِنْ يُرِيدَا إِصْلَاحًا يُوَفِّقِ اللَّهُ بَيْنَهُمَا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيمًا خَبِيرًا

“Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор Зотдир” (Нисо сураси, 35-оят).

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одамларнинг аразлашганларини яраштириб қўйиш бир нафл намоз ўқишдан ва нафл рўза тутишдан кўра савоблироқдир”, деганлар» (Имом Табароний ривояти).

Кўпинча оилада ота-она ва фарзандлар, оиланинг бош­қа аъзолари орасида ҳам турли келишмовчилик, бир-бирини тушунмаслик каби ҳолатлар учраб туради. Арзимаган сабаб-баҳоналар билан тинч хонадонлар уруш-жанжаллар, жанг ва можаролар масканига айланади. Бир-бирига яқин, қадрдон, қариндош одамлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилади. Муносабатлар бузилиб, ахлоқ-одоб қоидалари поймол қилинади, жамият осойишталигига путур етади.

Халқимиз: “Оила қуриш игна билан қаср барпо қилишга тенг”, дейди. Дарҳақиқат, оиланинг, турмушнинг, рўз­ғорнинг минг бир машаққати, синови бор. Кўпинча оилавий муносабатлар ҳақида сўз борар экан, уни бузилишга олиб борувчи омил ва сабабларни ҳар ким ўзича ҳар хил шарҳлайди. Кимдир оиладан тинчлик ва хотиржамликнинг кетишида бутун айбни эрнинг “бўшанглигига”, хотинига сўзини ўтказолмаётганига йўяди. Кимдир хотиннинг ўткирлиги, маккорлиги, итоатсизлигини ҳамма ихтилоф ва келишмовчиликлар сабабчиси деб ўйлайди. Бошқалар оилавий келишмовчиликлар кўпроқ золим қайноналарнинг ёвузлиги ёки гапуқмас келинларнинг қайсарлиги боис содир бўлади, деб ҳисоблашади. Айримлар асосий жанжал моддий етишмовчиликлардан, қўл калталигидан келиб чиқишини тахмин қилади. Кимлардир бола тарбиясига эътиборсизлик қилгани боис у улғайганида энди бунинг азобини тортаётганидан зорланади. Аслида бунга ким айбдор?

Шайх Муҳаммад Абу Заҳра оилани уч қисмга бўлади: биринчи қисм – эр-хотин, иккинчи қисм – фарзандлар, учинчиси эса – яқин қариндошлар (яъни, ота-она, ака-ука, опа-сингил ва бошқалар)дир. Ана шу уч қисм аҳил-тотув бўлгандагина оила тинч-осойишта ва файзли бўлади, акс ҳолда уруш-жанжалдан боши чиқмайди. Атоқли мутафаккир Олиматул Банот: “Оилавий масалаларда эр билан хотин ўртасида тотувлик ва маслаҳатлашиб иш тутиш бўлмаса, бундай оила азоб ва машаққат масканига айланади”, дейди.

Энг алам қиладиган жойи, ҳозир оилавий уруш-жанжаллар, қўйди-чиқдиларга сабаб бўлаётган нарсалар жуда арзимасдир. Бирида овқатнинг шўрлигидан, бош­қасида келиннинг қайнонага салом бермаганидан, яна бирида ҳайит йўқловида тоғоранинг битта кам қилинганидан, бошқасида куёвнинг ишдан кеч келишидан бошланган беҳуда гаплар бора-бора оиланинг бузилишига сабаб бўлади. Одамлар оила тақдирига, икки ёшнинг бахтига шунчалар бепарво ва енгил қарайдиган бўлиб кетишганми?

Кейинги пайтда янги турмуш қурганлар ўртасида бўлар-бўлмас, майда нарсалар сабабидан хотинини та­лоқ қилиш ёки келинларнинг эрларидан талоғини сўраши каби кўнгилсиз ҳолатлар кўпайиб боряпти. Наҳотки, талоқ ниҳоятда жиддий нарса эканини, бу сўздан Аллоҳнинг Арши ларзага келишини тушунишмаса? Савбон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бир аёл эридан сабабсиз талоқ сўраса, жаннат ҳиди унга ҳаромдир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Кўпинча икки ёш бахтига уларнинг ота-оналари ҳам зомин бўлиб қолишади. Келин-куёв турмушига ҳар бир майда-чуйда хусусида аралашавериш, келиннинг гапларидан, ишларидан хато ахтаравериш ёки куёвнинг қандай рўзғор тутишида ҳаддан зиёд ақл ўргатавериш, умуман, ёшларни бўлар-бўлмасга тергайвериш ҳам улар ўртасига совуқчилик тушишига сабаб бўлади.

Инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири унинг кечира олиш хислатидир. Кечириш динимизда мақталган сифатлардан ҳисобланади. Бир қарашда оний ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, келгусидаги ғалабани таъминлайди. “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деганларидай, икки ошуфта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан нарса. Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини танлаб, зиддиятни даф қилиш чорасини кўриши керак. Шундай ҳолатларда бир томоннинг андишага риоя қилиши, ақл-идрок билан иш тутиши шайтоннинг бўйнини синдириб, жиндай муросага юриши катта можароларнинг олдини олибгина қолмай, оилада чинакам саодат гулшанини барқ урдириб, яшнатиб юборади.

Ривоят қилишларича, бир киши хотинининг муросасизлигидан, итоатсизлигидан тўйиб кетиб, ҳазрат Умарга шикоят қилиш учун у кишининг уйи­га борибди. Эшикка яқинлашса, ичкаридан аёл кишининг қаттиқ-қаттиқ гапираётгани эшитилибди. Шунда бояги киши: «Халифанинг уйида ҳам бу можаро бор экан, яхшиси, индамай кетақолай», деб ортига қайтмоқчи бўлибди. Шу пайт ичкаридан ҳазрат Умар чиқиб қолибдилар. Юмуш билан келган одамнинг изига қайтиб кетаётгани сабабини сўрабдилар. Арзга келган одам: “Хотинимнинг зулмидан шикоят қилиб келувдим, қарасам, бу машмаша сизнинг ҳам бошингизда бор экан, шунга қайтиб кетмоқчи бўлиб турувдим”, деб жавоб қилибди. Шунда ҳазрат Умар: “Қизиқ одам экансан-ку, ахир аёллар овқатимизни пиширса, кир-чирларни ювса, болаларимизни тарбия қилса, бутун рўзғор ишларини зиммасига олган бўлса-ю, онда-сондаги норозиликларига сабр қилмасак, инсофдан бўлармикин”, дейдилар.

Энди масаланинг бошқа томонига эътиборни қаратайлик. Қиз эри устидан ота-онасига шикоят қилиб келди, дейлик. Ота-она кўпни кўрган, мулоҳазали, ақлли бўлса-ку, яхши. «Қизим, оилада нималар бўлмайди, агар эринг билан бир умр бирга бўлишни истасанг, унинг танбеҳларига рози бўл, сабр қил, ҳаммаси яхши бўлиб кетади», деб панд-насиҳатлар билан изига қайтариб юборишади. Аксари ҳолларда эса, ота ёки она қизининг топиб келган гапини рўкач қилиб, куёвни «тартибга чақиришга», «тавбасига бир таянтириб қўйишга» киришади, ҳатто у билан ёқалашишгача боради. Айниқса, бу ҳол қиз томон бойлик, мартаба ва насабда бир по­ғона баландроқ оилаларда кўп учрайди. Оқибатда куёв билан қайнота-қайнона ўртасида, қудалар ўртасида «парда кўтарилади». Хўрланган, иззати топталган йигитнинг кўзига ҳеч нарса, ҳатто севиб уйланган аёли, шириндан шакар фарзандлари ҳам кўринмай қолади. Уйига гап ташиб, «деди-деди»лари билан оиласи бахтини поймол қилган хотинидан воз кечишга мажбур бўлади. Хотинининг жиндай фаросатсизлиги туфайли ширин турмушга хотима қўйилади. Асмо бинти Язид ансория (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Тенгдош қизлар билан ўтирган эдим, олдимиздан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўтдилар. У зот салом бердилар ва: “Валинеъматларингизга ношукрликдан эҳтиёт бўлинглар”, дедилар. Мен дугоналарим ичида савол беришга журъатлироғи эдим: “Эй Аллоҳнинг расули, валинеъматларга ношукрлик нима?” деб сўрадим. “Бирингиз ота-она бағрида узоқ вақт эрсиз ўтиради. Сўнг Аллоҳ унга эр неъматини ато қилади, фарзанд беради. (Аммо аёл) жаҳл устида “Сендан ҳеч яхшилик кўрмадим” деб, куфрони неъмат қилиб қўяди, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам): «Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоатда бўладиган, йўқлигингда ўз номусини ва сенинг молингни муҳофаза этадиганидир», деганлар (Имом Табарий ва Ибн Абу Ҳотим ривоятлари).

Динимиз талабига кўра, эр оиланинг раҳбари, унинг ҳамма томонига масъул ҳисобланади. Аммо бу айримлар ўйлаганидек, «деганим деган» қабилида иш тутиш, оиланинг бошқа аъзоларига зулм ўтказиш ҳуқуқи берил­гани эмас. Аксинча, эр хотинининг ҳақларини тўла адо этади, ўзи ва хотини томонидан ота-она ҳурмат-эҳтиром қилинишини таъминлайди, рўзғор таъминоти билан шуғулланади, оиласини ҳалол ризқ билан боқади. Бу дегани – ўзи еганини оиласига едиради, ўзи кийгани­ни кийдиради, рўзғорнинг керакли жиҳозларини харид қилади. Хотинига яхши муомалада бўлади. Унинг белгилаб қўйилган ҳақларини тўла адо этади. Агар аёл қайсарроқ бўлса, уни панд-насиҳат, танбеҳ билан аста-секин йўлга солади.

Эрларнинг яна бир вазифаси – хотинлари хато ёки камчиликка йўл қўйса, кечиримли бўлиш, қусурини тузатиш, айбини беркитиш, хотини ва оила­нинг бошқа аъзолари ўртасида ихтилоф чиқса, буни ислоҳ қилиш ва муросага келтиришдир.

«Келин олиш осон, қайнона бўлиш қийин», дейишган момоларимиз. Келин келиши билан қайнона ҳамма юмуш-ташвишлардан фориғ бўлиб, роҳат-фароғатга ўтиб қолмайди. Аксинча, унинг зиммасига ўзга хонадон фарзанди ўз оиласида палак отиши, не машаққат билан тикланган оиланинг камолга етиши, ўғли ва келини тотув турмуш кечириши йўлида катта масъулият юкланади. Ахир, “Катталар ёшлар учун бир кўприк”, деб бежиз айтишмаган. Келинни бир ердан бошқа бир ерга кўчириб ўтқазилган ниҳолга ўхшатишлари ҳам бежиз эмас, унга алоҳида меҳр-муҳаббат, алоҳида парвариш керак.

Ўзбек хонадонларида, яхши тарбия кўрган оилаларда қадим-қадимдан қизларни борадиган еридаги иссиқ-совуққа, аччиқ-тизиққа кўникишга ўргатадилар. “Энди уйинг ўша ер, у жойдан гап ташиб келма, қайнонанг билан муроса қил, сен яхши бўлсанг, хизматингни аямасанг, улар ҳам бошига кўтариб юради”, қабилида насиҳатлар қилинган. Бундай тарбия олмаган қизлар эса баъзан ўз бахтларига ўзлари зомин бўлишади.

Донишмандлар бундай дейишади: “Эр билан хотин оиланинг икки хожаси, хонадоннинг зийнатидир. Эр ва хотиннинг биргаликдаги вазифалари бир-бирларига садоқат, ишонч, эҳтиром, муҳаббат, хотир сақлаш ва ёрдам қилишдир. Садоқат уйланишнинг руҳидир. Ноўрин ҳаракатлар, ғавғо-жанжаллар уйланиш руҳини бузиб, оила саодатини барбод этади. Турмуш ва уй-рўзғорга те­гишли ишларни эр-хотин бир-бирларидан яширмасликлари керак. Эр баъзида хотинининг ноўрин ишини билса, унга мулойимлик билан насиҳат қилиши, бу ишининг хато ёки гуноҳ эканини тушунтириши зарур. Хотин ҳам эрининг эҳтиёжини, саъйи ва касбида ялқовлигини сезса, уни тўғри йўлга солиб кўнглини кўтарсин, тасалли берсин, ғайрат бағишласин. Икки томон ҳар қандай ҳолатда ҳам бир-бирларини ташламасликка аҳд-паймон қилишлари талаб этилади. Масалан, улардан бири касал бўлса, иккинчисининг илтифотсиз қараб, уни ўз ҳолига ташлаб қўйиши кечирилмас ҳолдир”.

Оилавий турмуш бежиз “умр савдоси” дейилмаган. Бу савдо сотувчи ва олувчининг розилиги асосига қурил­сагина, ғирромлик ва алдов аралашмай, ҳалол бўлсаги­на, иккала тарафга баравар фойда келтиради. Ё сотувчи фақат ўз фойдасини кўзлаб, харидор ҳақида ўйламаса ёки аксинча бўлса, бу савдонинг умри қисқа бўлади. Оила ҳаётида ҳам эр-хотин “ҳалол савдо” қилишсагина, турмушлари файзли, ҳаётлари фароғатли кечади.

Айниқса, ҳозирги пайтда молпарастлик, бойликка ружу қўйиш, кимўзарга дунёсини кўз-кўз қилиш хал­қимизга қимматга тушяпти. Қанча оилалар арзимас матоҳлар деб бошланган жанжаллардан пароканда бўляпти. Наҳот, кулфатларга сабаб бўлувчи молпарастлик балосидан қутулиш, ҳар ишда қаноатли, камтар бўлиш шунчалик мушкул иш бўлса?!

Оила ҳаёти ҳеч қачон сидирғасига фақат шоду хур­рамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва етишмовчилик­лар, мусибат ва ғам-андуҳлар ҳам учрайди. Эр-хотин биргалашиб қарши курашсагина, уларни енгиш осон ке­чади, оила хотиржамлиги барқарор бўлади. Агар бундай қийин пайтларда муроса бузилса, ўзаро самимият йўқолса, бирининг ташвишига иккинчиси томошабин бўлиб турса, бу оиладан тотувлик кетади. Аллоҳ таоло барчамизни оила тотувлиги ҳақида жон куйдирадиган, бир-биримизга меҳр-мурувватли солиҳ бандаларидан этиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин. Оилаларимизда тинчлик-хотиржамлик, ўзаро аҳиллик, муроса ва садоқат барқарор бўлишини насиб этсин!

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Муфтий Усмонхон АЛИМОВнинг
“Ёшлар келажагимиз” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 24000 сўм