Мақолалар

Қироатда мақомот илмининг аҳамияти

Чоп этилди Aprel 13, 2019 Қироатда мақомот илмининг аҳамиятиda fikr bildirishni o'chirish

«Қуръонни тартил ила тиловат қилинг» (Муззаммил сураси, 4-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга Қуръони каримни тажвид қоидалари, маънолар тадаббури билан бирга гўзал овозда тараннум этишни ҳам таълим берганлар. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Қуръонни овозингиз билан зийнатланг! Чунки гўзал овоз Қуръоннинг гўзаллигини зиёда қилади”, деб айтганларини келтирган (Имом Доримий, Имом Ҳоким ва Имом Байҳақий ривояти).

Уламолар: “Мақомот илмини ўрганишдан олдин, албатта, тажвид илмини ўрганиш керак”, деганлар. Қуръони карим тиловатида тағанний (тараннум билан тиловат қилиш) масаласида эса фиқҳий мазҳаб уламолари ўртасида икки хил қараш мавжуд.

Имом Молик ва Имом Аҳмад ҳамда уларнинг асҳоблари (Аллоҳ барчаларини раҳмат қилсин) Қуръонни тағанний қилишни жоиз эмас, дейдилар.

Имом Абу Ҳанифа ва Имом Шофиъий ҳамда уларнинг асҳоблари эса (Аллоҳ барчаларини раҳмат қилсин) бу ишни жоиз санайдилар.

Аслида, бу ихтилоф зоҳирий бўлиб, Қуръонни тажвид қоидаларидан четлашмаслик шарти билан, гўзал овозда қироат қилиш жоиз эканига барча уламолар иттифоқ қилгандирлар. Тажвидни билмай туриб ёки унинг қоидаларини бузган ҳолда тағанний қилишга эса ҳеч бир олим рухсат бермаган.

Саҳобалар орасида ҳам ёқимли ва ширали овозда тиловат қиладиган қорилар кўп бўлган. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қи­лади: «Усайд ибн Ҳузайр ро­зияллоҳу анҳу тунда Бақара сурасини ўқиётган эди. Бир вақт оти ҳурка бошлади. Усайд қироатдан тўхтади. От ҳам тинчланди. Усайд ўқий бошласа, от яна безовталанди. Қироатдан тўхтаса, яна жим бўлди. Ўша пайт ўғли Яҳё отнинг ёнида эди. Жонивор босиб олмасин дея, қироатини тўхтатиб, жигаргўшасини ҳайвондан узоқ­роққа олиб борди. Сўнг осмондаги соябонларга ўхшаш, остидан нур таратиб турган нарсаларга кўзи тушди. Тонг отгач, бўлган воқеани Набий алайҳиссаломга айтиб берди. У зот алайҳиссалом: “Ҳузайрнинг ўғли, қироатингни давом эттиравермадингми?” дедилар. Усайд: “Боламни от босиб олишидан қўрқдим. У жонвор­нинг яқинида эди”, деди. Пайғам­баримиз алайҳиссалом: “Улар нималигини биласанми?” деб сўра­дилар. Усайд розияллоҳу анҳу: “Йўқ”, деди. Расулуллоҳ: “Овозингни эшитиш учун тушган фаришталар эди. Тонггача ўқиганингда, одамлар ҳам уларни кўрган бўлар, фаришталар ҳам инсонлардан қочмас эди”, деб айтдилар».

Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло Пайғамбарнинг Қуръонни тағанний билан ўқиганини тинглаганчалик, бошқа ҳеч бир нарсани бу қадар тинглаган эмас”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Шунингдек, ҳадиси шарифларда Қуръони каримни араб оҳангида ўқиш таъкидланган. Шунинг учун ҳар бир миллат вакили ўзининг миллий оҳангидан четланиб, араб қориларининг оҳангини ўзлаштириши керак.

Мақомот илми маҳорат билан тиловат қилиш, оҳанг воситасида кишилар қалбига ояти карималарнинг таъсирини ошириш, қолаверса, барча миллатларнинг тиловат оҳангини бирхиллаштириш каби мақсадларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади. Мусулмон мамлакатларининг кўпида тиловатда мақомот илмини ўрганиш кенг тарқалган. Бунинг натижасида Мисрдан Мустафо Исмоил, Муҳаммадсиддиқ Миншавий, Абдулбосит Муҳаммад Абдуссамад каби машҳур қорилар етишиб чиқди. Бу илм Эрон, Иордания, Жазоир, Қатар, Бирлашган Араб Амирлиги каби давлатларда ҳам кенг ривожланди. Ҳатто бу борада дарслар ташкил этилиб, ўқувчиларга мақомот илми сир-асрорлари ўргатилмоқда. Бундай дарсларнинг аксари интернет тармоқлари орқали ҳам оммага ҳавола этилмоқда.

Юртимизда ҳам Қуръонни тараннум билан тартибли ўқиш масаласига алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва бошқа диний таълим муассасаларида Қуръони каримга доир илмларни чуқур ўрганиш ишлари анча жадаллашди. Бу борада мақомот илмини назарий ва амалий ўрганиш бугунги кундаги муҳим тадқиқотлардан ҳисобланади.

Дарҳақиқат, Қуръони каримни тажвид қоидаларига мувофиқ ўқиш ва тиловатининг гўзал ва маромида бўлиши унинг асосий шартидир. Шунингдек, мақомот усулларини ўрганиб, Қуръони карим тиловатида қўллаш эшитувчиларга оятлар мазмунини тадаббур билан тинглашларига ёрдам беради.

Муҳаммадлоиқ АМИНОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси II курс магистранти

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан