Мақолалар

Намоз ўқиш тартиби ва одоблари

Чоп этилди Aprel 13, 2019 Намоз ўқиш тартиби ва одоблариda fikr bildirishni o'chirish

Намоз ўқиш тартиби

Қўлини енгидан чиқариб, қулоқ баробарида кўтаради ва ният қилиб, чўзмасдан “Аллоҳу акбар”, деб такбир айтади (“Аллоҳ” лафзидаги “а” товушини чўзиб “Аааллоҳ” деса, ёки “Акбар” сўзидаги “а” товушини чўзиб “Ааакбар” деса, ёки “ба” товушини чўзиб “Акбааар” дейиш ўта қўпол хато бўлиб, ундай деган киши намозга кирган бўлмайди, яъни намози бузилади). “Аллоҳу аъзам” каби Аллоҳ таолонинг ўзигагина хос бўлган ҳар қандай сўз билан намозга киришса ҳам, намози дуруст бўлади (лекин “Аллоҳу акбар” лафзи билан намозга киришиш вожибдир).

Такбири таҳримадан сўнг дарҳол ўнг қўлни чап қўли устига қўйиб, уларни киндик остида боғлайди ва Сано дуосини ўқийди:

سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ وَتَبَارَكَ اسْمُكَ وَتَعَالَى جَدُّكَ وَلَا إِلَهَ غَيْرُكَ

Ўқилиши: Субҳанакалло­ҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук.

Маъноси: “Ё Аллоҳ! Сен айбу нуқсонлардан покдирсан, Сенга ҳамд айтаман. Сенинг исминг муборак ва шаънинг улуғдир. Сендан ўзга илоҳ йўқ”.

Имом ҳам, иқтидо қилган ҳам Сано ўқийди.

Қироат учун ичида “Аъу­зу”ни айтади, лекин “Аъузу”­ни иқтидо қилувчи айтмайди. Намозга кечикиб қўшилган киши, қолиб кетган ракатини ўқиётганда “Аъузу”ни айтади. Ҳайит намозларида Сано ва ҳайит такбирларидан кейин “Аъузу” фақат биринчи ракатда айтилади.

“Бисмиллоҳ”ни (имом ёки ёлғиз ўқувчи) ичида айтади (имомга эргашган киши эса айтмайди). “Бисмиллоҳ”ни ҳар бир ракатда фақат Фоти­ҳадан олдин айтади (яъни, Фотиҳа ва замсура ўртасида “бисмиллоҳ” айтилмайди).

Фотиҳа ўқилади, имом ҳам, иқтидо қилган ҳам ичида “Омин”ни айтади. Кейин битта сура ёки учта оят ўқийди.

Такбир айтган ҳолда хотиржам руку қилади. Боши билан орқасини текис қилади, тиззаларини бармоқлари билан ушлаб туради. Бармоқлар ораси очиқ бўлади. Рукуда уч марта “Субҳана роббиял азим”, дейди. Бу энг ками (имом руку ва сажда тасбеҳ­ларини учтадан ошириши макруҳ, ёлғиз ўқувчи тоқ қилиб учтадан ошириши мустаҳаб).

Имом ёки ёлғиз ўқувчи “Са­миъаллоҳу лиман ҳами­даҳ”, деб бошини рукудан кўтаради, кейин “Роббана лакал ҳамд”, деб хотиржам тик туради (муқтадий фақат “Роббана лакал ҳамд”ни ай­тади).

Такбир айтиб саждага кетади. Аввал тизза, кейин қўл, кейин икки кафти ўртасига бошини қўяди. Бурун ва пешонаси билан хотиржам сажда қилади. Саждада уч марта “Субҳана роббиял азийм”, дейди. Бу энг ками. Эркаклар, агар тиқилинч бўлмаса, сажда пайтида қорнини тиззасидан, билакларини биқинидан узоқ тутади. Сажда ҳолатида оёқ ва қўл бармоқлари қиблага йўналган бўлади. Аёл киши қорнини сонига ёпиштиради. Икки сажда ўртасида, хотиржам ҳолатда, қўлларини сонининг устига қўйиб ўтиради (бармоқ учлари тизза билан баробар бўлади). Яна такбир айтиб, хотиржам сажда қилади. Саждада уч марта тасбеҳ айтади.

Такбир айтиб бошини саждадан кўтаради. Қўли билан ерга таянмасдан (ва тоқ ракатларда ўтириб қолмасдан) туради.

Иккинчи ракат ҳам биринчиси каби бўлади. Лекин иккинчи ракатда Сано ва “Аъузу” айтилмайди.

Қўл кўтариш қуйидаги ўрин­­лардагина суннат бўлади:

Намоз бошланишидаги “иф­титоҳ такбири”да;

витрда Қунут дуосидан олдин;

ҳайит намозларининг зиёда такбирларида;

Каъбани кўрганда;

ҳажарул асвадга ишора қилганда;

Сафо ва Марвада турганда;

ҳажда Арафот ва Музда­лифада турганда;

ҳажда биринчи ва иккинчи шайтонга тош отганда;

намоздан кейинги тасбеҳ­ларини тугатгач, дуо қилишда.

Намозхон иккинчи ракатнинг саждасини қилиб бўлгач, чап оёғини ётқизиб устига ўтиради, ўнг оёғини тикка қилиб, бармоқларини қиблага қаратиб ўтиради. Қўлини сонининг устига ўз ҳолича қўяди. Аёл киши ҳар икки оёғини ётқизиб, думбаси устига ўтиради, чап оёғини ўнг оёғи остидан чиқаради.

Кейин Ибн Масъуд розиял­лоҳу анҳу ривоят қилган Аттаҳиёт дуосини ўқийди. Биринчи қаъдада Ташаҳҳуд­га бошқа нарса қўшилмайди. Аттаҳиёт дуоси будир:

التَّحِيَّاتُ لِلَّهِ وَالصَّلَوَاتُ وَالطَّيِّبَاتُ السَّلَامُ عَلَيْكَ أَيُّهَا النَّبِيُّ وَرَحْمَةُ اللَّهِ وَبَرَكَاتُهُ السَّلَامُ عَلَيْنَا وَعَلَى عِبَادِ اللَّهِ الصَّالِحِينَ ، أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ

Ўқилиши: Ат-таҳиййаату лиллаҳи вас солаваату ват тоййибаату, ассаламу алай­ка аййуҳан набий ва раҳ­матуллоҳи ва барокаатуҳ. Асса­ламу алайнаа ва ъала ъибаа­диллааҳис солиҳийн. Ашҳаду ан лаа илаҳа иллал­лоҳу ва ашҳаду анна Му­ҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ.

Маъноси: “Саломлар, салавотлар, яхши сўзларнинг ҳаммаси Аллоҳ учундир. Эй Аллоҳнинг набийси! Сизга салом бўлсин! Сизга Аллоҳнинг раҳмати ва баракаси бўл­син. Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир.”

Аввалги икки ракатдан кейин фақат Фотиҳани ўқий­ди (Бу гап фақат фарз намозларига тегишли. Витр ва нафл намозларининг барча ракатларида замсура ўқилади).

Тўртинчи ракатда ўтириб Аттаҳиёт дуосини ўқийди;

Пайғамбаримизга салот ва салом айтади;

Қуръон ва суннатда келган сўзлар билан дуо қилади;

Ўнг ва чапга салом беради. “Ассалому алайкум ва роҳ­ма­туллоҳ”, дейди. Қайси томонига салом берса, ўша томонда турганларга салом беришни ният қилади.

Намознинг одоблари

Такбири таҳрима айтаёт­ганда қўлни енг ичидан чиқа­риш; .

қиёмда сажда ўрнига, рукуда оёқларининг уст қисмига, саждада бурунга, ўтирганда кўксига, салом берганда елкасига қараши;

имкон борича йўтални қайтариш;

эснаганда оғзини тўсиш;

иқоматнинг “Ҳайя алас со­лаҳ” сўзи айтилганда намоз учун туриш;

“қод қоматис солаҳ” сўзи ай­тилганда имомнинг намозга киришуви.

Келаси сонда, иншоаллоҳ, “Рўза ва унга боғлиқ масалалар” мавзусида сўз юритамиз.

 

Ҳасан ибн Аммор ШУРУНБУЛОЛИЙнинг «Нурул изоҳ» асаридан
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими
Ҳикматуллоҳ
ТОШТЕМИРОВ таржимаси

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан