Мақолалар

Ҳалол яшамоқни саодат билгин…

Чоп этилди Aprel 14, 2019 Ҳалол яшамоқни саодат билгин…da fikr bildirishni o'chirish

Теграмга боқаман…

Теграмга боқаман, бор нарса тўкис,

Ҳақнинг ҳикматига ҳайратим ошар.

Бир жойи ортиқмас, бир жойи ноқис,

Бутун борлиқ собит низомда яшар.

 

Чумолига боқсам, ё асалари,

Тасанно айтаман Яратган Зотга.

Тартиб-интизомга ўрганган бари,

Ҳайратда боқаман ҳар бир жонзотга.

 

Бир япроқ узилмас, Унинг изнисиз,

Бир тикон санчилмас ҳукмидан нари.

Амри илоҳийдан яралганмиз биз,

Бизга йўл кўрсатар олам Сарвари.

 

Оламлар Раббини доим ёдлайман,

Жойнамоз устида эгилган бошим.

Ёниб тугаётган сўник шамдайман,

Умид ва ражода томчилар ёшим…

* * *

Энг катта бойлигинг, қаноат билгин,

Тирикликни тилсим, синоат билгин,

Ҳар икки дунёда бахт топай десанг,

Ҳалол яшамоқни саодат билгин.

Яхшибой ШАРИПОВ,

Нурота

 

Баён эт

Қаноат мулкига ўзингни хон эт,

Мурувват бобида арзи жаҳон эт.

Бировнинг айбини кўрсанг мабодо,

Ўзига билдир-у, элдан ниҳон эт.

Келарсан қайдан-у, қайга кетарсан,

Азиз фарзандларингга айт, аён эт.

Яқин кўрганларингга жону дилдан –

Тўкиб сол ганжи меҳрингни, шоён эт.

Агар қасд этса ким сенга ҳаётда,

Ширин сўзлар билан ўзингга ён эт.

Очилди, яхшиликларни этиб мадҳ,

Қилиб дилбар китоб иншо – баён эт.

 

Юз қаро бўлгай

Бошга келгай ҳар бало ғийбат билан,

Ҳосил ўлмас муддао ғийбат билан.

Дарди борки ҳар одамнинг кўксида,

Топмагай ҳаргиз даво ғийбат билан.

Ишсиз одам бахтсиз одам дейдилар,

Ўткарар умрини то ғийбат билан.

Беҳуда сўзларни ул одат қилиб,

Айлагайдир дилга жо ғийбат билан.

Бу ғанимат, бебаҳо умрини ким

Топтагай қилмай ибо ғийбат билан.

Юз қаро бўлгай халойиқ олдида,

Ҳар қаю ақли расо ғийбат билан.

Ўқиса Қуръону суннат, шубҳасиз,

Англар, этдим деб хато ғийбат билан.

Йиғлагин сен ёлвориб Ҳаққа, Очил,

Қилмасин жондан жудо ғийбат билан.

Очилди ҚЎЙСУН,

Ургут тумани

 

Онажоним

Онажоним, Сиз ҳаёт – биз бой эдик дунёда,

Ниятлари сарвбўйли, орзулари зиёда.

Қанот боғлаб руҳингиз учди олис манзилга,

Бошимизни силайсиз энди фақат рўёда…

 

Меҳр тўла кўзларингиз, сўзларингиз соғиндим,

Сизни суйиб бир қучиш – ошиб бўлмас тоғ энди.

Онажоним, изларингиз излаб энди тополмам,

Рўмолингизни ҳидлаб “димоғларим чоғ” энди…

 

Дуо тушмас тилингиздан асал тўла, бол тўла,

Кўнглимизга меҳру одоб жойлагансиз бир йўла.

Парвардигор мағфират этсин сизни, онажон,

Маҳшарда волидамни, ё Аллоҳ, Ўзинг қўлла…

 

Мағфират ОТАЕВА,

Хива шаҳри

 

Китоб кўр, донодан сўр…

Янги меҳмон муборак, азон айтиб исм қўй,

Дилбандинг исми холи бўлсин риёлардан.

 

“Ла илаҳа иллаллоҳ…” деб танглайин кўтар,

Фарзанд лафзи пок бўлгай нопок иғволардан.

 

Неки қилсанг, аввал ўйла, кейин сўйла,

Нари юр бехосият исм – беҳаёлардан.

 

Исмлар кўп: танлай бил – яхши-ёмони бор,

Узоқ бўл сен ёмон исм – бузуқ маънолардан.

 

Китоб кўр, донодан сўр, пурҳикмат исм қўйгил,

Фарзанд бўлар ҳусни хулқли донолардан.

Заҳириддин Муҳаммад Салоҳиддин ўғли,

Тошкент

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан