Мақолалар

Бароат қандили

Чоп этилди Aprel 16, 2019 Бароат қандилиda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ азза ва жалла муборак қилган кечалардан баҳраманд бўлиб, умргузаронлик қилган мўминлар нажот топадилар, иншоаллоҳ! Улар – Меърож, Бароат, Қадр кечалари… Бошқа кечалардан афзал ва фазилатли қилинган ушбу онлар имон соҳибларига берилган улкан неъмат, ғанимат фурсатдир.

 “Лайлатул муборока” (баракали кеча), “Лайлатур роҳмаҳ” (Аллоҳ таолонинг хос раҳмати ёғиладиган кеча), “Лайлатус сок” (рўйхатга олиш кечаси), “Лайлатул бароъа” (дўзахдан озод бўлинадиган кеча) номлари билан аталадиган бу тун шаъбоннинг ўн бешинчи кечасига – 20 апрелдан 21 апрелга ўтар кечасига тўғри келади.

Кўпчилик бароат кечаси, дея биладиган бу муборак фурсатнинг улуғ фазилати ва хусусиятлари бисёр. Абу Мусо (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини ривоят қилади: «Аллоҳ шаъбон ярмидаги кечада қараб кўриб жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар (розияллоҳу анҳо):

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

Бу кечада (яъни, шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласанми? – дедилар.

Ойша (розияллоҳу анҳо):

– Эй Аллоҳнинг расули, бу кечада нималар бўлади? – дедилар. У зот:

Бу кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва ун(кеча)да уларнинг амаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади, дедилар (Хатиб Табризий, “Мишкотул масобиҳ”).

Инсон тақдирига тааллуқли воқеалар содир бўлгани сабабли бу кечани ибодат, тавба ва истиғфор билан ўтказган афзал .

Биз умматларига хатти-ҳаракат ва феъллари билан ўрнак бўлган Сарвари коинот (алайҳиссалом)дан бу борада ҳам бир ибрат қолган: Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хонаи саодатга кирдилар. Кўп ўтмай, туриб чиқиб кетдилар. У зотнинг орқасидан эргашдим ва Бақиъул ғорқодда топдим. У зот мўмину мўмина ва шаҳидлар ҳақига мағфират сўраётган эдилар. Дилимда: “Ота-онам сизга фидо бўлсин” – дедим. Ортимга қайтиб, ҳансираган ҳолда хонаи саодатга кирдим. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) етиб келиб:

Бу нима аҳвол, эй Ойша?! – дедилар.

Мен:

– Ота-онам сизга фидо бўлсин! Ҳузуримга кириб, чиқиб кетганингиздан сўнг, ортингиздан бордим. Сизни Бақи қабристонида нима қилаётганингизни кўрдим, – дедим.

У зот:

Жаброил (алайҳиссалом) келиб: “Бу кеча шаъбоннинг ўн бешинчиси. Бу кечада Аллоҳ таоло Калб қабиласи қўйларининг жунларини ададича кишиларни дўзахдан озод қилади. Лекин бу кечада Аллоҳ таоло мушрик, қалбида гинаси бор, қариндош-уруғ ришталарини узгувчи, пойчасини ошиғидан тушириб юргувчи, ота-онасига оқ бўлган, ароқ ичишни одат қилган кишиларга раҳмат назари билан қарамайди”, деди. Эй Ойша! Бу кечани бедор ўтказишга менга изн берасанми? – дедилар.

Розилик билдирдим.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўринларидан турдилар ва узоқ сажда қилдилар ва: Аъузу би афвика мин иъқобик ва аъузу биризока мин сахотик ва аъузу бика минка жалла важҳука ла уҳсий санаан алайка анта камаа аснайта алаа нафсика (Маъноси: “Сенинг авфинг ёрдами ила иқобингдан паноҳ сўрайман. Сенинг розилигин, ёрдами ила ғазабингдан паноҳ сўрайман. Сенинг ёрдаминг ила Сендан паноҳ сўрайман. Важҳинг улуғ бўлди. Сенга санони ҳисоблай олмайман. Сен Ўзингга-Ўзинг сано айтганинг кабисан”), деяётганларини эшитдим. Тонг отгач, булар ҳақида у зотдан сўрадим. Расулуллоҳ (алайҳиссалом):

Эй Ойша! Уларни ўрганиб олдингми? – дедилар.

–Ҳа, – дедим.

У зот:

Уларни ёдлаб олгин ва (бошқаларга) ўргатгин. Чунки Жаброил (алайҳиссалом) уларни менга ўргатиб, саждада такрор-такрор ўқишимга амр қилди”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).

Ушбу ҳадисдан англашиладики, бу тунни бедор ўтказган ҳолда ибодат қилиш, сажда чоғида такрор-такрор: “Аъузу би афвика мин иъқобик ва аъузу биризока мин сахотик ва аъузу бика минка жалла важҳука ла уҳсий санаан алайка анта камаа аснайта алаа нафсика”, дуосини айтишимиз даргоҳи илоҳийда маҳбуб амаллардан саналади.

Демак, Бароат кечаси шарофати билан кунни рўзадор ҳолда ўтказиш, тунда эса бедорлик билан ибодат қилиш лозим. Мўмин банда тақдири илоҳийда унинг пешонасига нима битилганини билмагани учун ҳам яхшиликдан умид қилиб, хайрли оқибат сўраб, илоҳий авф тилаб бу тунни ўтказгани афзал. Шунда Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратига эришади, иншоаллоҳ!

Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 7-сонидан